Ислом

«Сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар»

879

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни, ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан  алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш ва уларни доимо ҳол-аҳволидан хабар олиб туриш савоби улуғ амаллардан. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишилар Яратганнинг ризолигидан бенасиб қоладилар.

Мусъаб ибн Саъд ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб иймон келтирган. У жасур ва паҳлавон бўлиб, камон отишда ҳам моҳир бўлган. Саъднинг хато фикри борлигидан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим ва одоб бериш мақсадида: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” деганлар. Бу ерда “заиф” деганда мусулмонлар орасидаги заиф тоифалар – болалар, қариялар, аёллар, беморлар, ногиронлар, моддий жиҳатдан қийналган бечораҳол кишилар, мискинлар ва шу кабилар назарда тутилмоқда. Яъни: «Эй Саъд, ўзингни бошқалардан устунман, деб ўйлама! Сен ва бошқа кучли жангчилар иштирок этган ғазотлардаги ғалабаларга фақат сизлар сабабчи бўлганингиз йўқ. Балки мана шу заиф тоифа вакилларининг дуолари ва ихлос билан қилган ибодатлари сабаб Аллоҳ сизларга душманларингиз устидан нусрат беради ва ризқингизни етказади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Саъдга розияллоҳу анҳу камтар бўлиш ва ўзини катта олмаслик лозимлигини таълим бердилар.

Ибн Баттол айтади: “Заифлар дуода ихлосли, қалблари дунё ҳою ҳаваслари ва зийнатларидан узоқ бўлгани учун ибодатда хушуъли бўладилар. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг дуою ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Менинг розилигимни заифларга яхшилик қилиш билан истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганларини эшитганман” (Имом Термизий, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Азиз биродарим! Ризқингиз зиёда ва доимо музаффар бўлишни истасангиз, Аллоҳга таваккул этгувчи заиф биродарларингизни зиёрат этиб, қалбларини шод этинг. Илло, бу қутлуғ амални Саййиди Коинот жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга тавсия этганлар.

Тошкент шаҳридаги «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Японлар мусулмон эмас, аммо...

1496 16:00 04.11.2019

«Эҳтиёткорлик ва фазилатли сўзлар ҳаддан ошиб кетса, билингки…»

1797 20:05 02.10.2019

Аёллар тарбиясини ислоҳ қилайлик!

882 17:00 21.08.2019

Одоб - бойлик, уни ҳаётда қўллаш – комилликдир

477 14:10 15.06.2019

«Ота-онангнинг юзига назар солишинг ибодат эканини билмайсанми?»

859 17:00 14.06.2019
« Орқага