“Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни кўролмай қолсам нима қиламан?”

15:30 08.02.2019 873

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз менга ўзим ва фарзандларимдан-да маҳбуброқсиз! Уйимда ўтириб сизни эслаб қоламан ва фироқингизга чидай олмай, келиб сизни кўрибгина хотиржам бўламан.

Ҳар қачон ўлимим ва вафотингизни ўйласам қўрқаман-ки, сиз вафот қилиб жаннатга кирсангиз, у ерда набийлар билан бирга олий мақомда бўласиз. Мен ҳам ўлимимдан сўнг жаннатга кирсам, у ерда сизни кўролмай қолишдан қўрқаман, – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бирон сўз айтмасларидан илгари Жаброил алайҳис-салом ваҳий келтирди: "Ким Аллоҳга ва Расулига итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!" (“Нисо” сураси, 69-оят). Имом Тобароний ривояти.

Жаннат – бандага бериладиган энг улуғ неъмат. Зотан, у жой Аллоҳ рози бўлган бандалар макони бўлади. Муҳаббат шавқида ёнган қалблар эса, ўша ерда ҳам маҳбуби висолидан айрилиб қолиш хавфида бўлади!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!