«Эй дунёси ва ҳаётининг гўзаллиги билан мағрурланиб юрганлар!»

06:55 07.09.2019 522

"Эй дунёси ва ҳаётининг гўзаллиги билан мағрурланиб юрганлар! Яқинда бу гўзалликлар булғанади. Бойлигинг камбағалликка, кенгчилигинг тангликка айланади. Ҳолингдан мағрурланма! Зикр мажлисларини лозим тут. Амалли олимлар ҳақида яхши гумонда бўл ва уларнинг сўзларини жон қулоғинг билан тингла.

Ҳолингизга вой бўлсин, Раббингизга қарши ўз нафсларингиз билан иттифоқ тузманг. Энг ёмон душманингиз – бу ичингиздаги нафсингиздир. Уни тўйдириб, чанқоғини қондириб, семиртирганингиз сари у йиртқич ҳайвонга айланиб, сизни еб тугатади. Унинг хоҳиш ва интилишларидан айиринг. Лозим бўлган ҳаққинигина унга беринг. Унинг ҳаққи – очликни тўйдириш учун бир парча нон ва авратни ёпиш миқдоридаги мато. Бу ҳам Аллоҳга итоат қилиши учун лозим. Унга: “Сен то Аллоҳга итоат қилиб, рўза тутиб, намоз ўқиб, Аллоҳ буюрган барча ишларни қилмагунингча ҳаққингни бермайман”, деб айт. У билан доимо мунозара ва баҳс қилиб юр. Агар шу ишда давом этсанг, унинг (нафснинг) ёмонлиги ўлади, яхшилиги қолади. Шунда уни ҳалолдан таомлантиравер. Чунки у хотиржамликка эришган ҳисобланади. Аммо ундан барибир эҳтиёт бўл. Чунки мунофиқлик унинг одати ва лаззатидир. Халқдан мақтов эшитиш ҳамда катта-катта йиғинларда эсланиш учун ҳам намозу рўзага ва машаққатларга сабр қилиши мумкин”.

(Абдулқодир Жийлоний қ.с.)

Дунё фоний. Унга боғланганлар эса ҳимматсиздир. Чунки олийҳиммат инсон абадий ва боқий Зот турганда, бугун бору эртага йўқ бўладиган нарсаларга қалбини боғламайди. Бу ҳақиқатларни англаш учун соғлом қалб керак. Қалб касал бўлса, бошқа аъзоларнинг саломатлиги инсонга фойда бермайди. Аллоҳ ва Расули буюрган барча ишларга сўзсиз таслим бўлиш, шариат аҳкомларига мукаммал амал қилишга ҳаракат қилиш, қайтариқлардан қайтиш ва бу йўлни бошқа ҳар қандай йўлдан афзал ҳамда энг тўгри деб билиш соғлом қалб аломатларидандир. Қалбни иллатлардан поклаш шундай буюк мақомки, унга етиш учун ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Бу учун аввало нафсга қарши туриб, унинг тўймас хоҳиш ва шаҳватлари устидан ғалаба қилиш, доимо Аллоҳни зикр қилиш, зикр қилиб юрадиганлар ва солиҳ олимлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг йўлларига эргашиш лозим. Қалб покланмагунча инсонга ҳақиқатлар тўлалигича маълум бўлмайди. Ҳар ким ўзича фикрлаши, бирлашолмаслик, шариат қонунларини ўз фойдаси учун хизмат қилдиришга уринишлар ва бу иллатлар ортидан жуда аянчли ҳолга келиб қолишимизнинг сабаби ҳам айнан қалбимизни поклашга тўғри ҳаракат қилмаётганимиздан десак муболаға бўлмайди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!