“Эй иймон келтирганлар!...”

18:00 25.12.2018 756

Аллоҳ таолонинг “Эй иймон келтирганлар!” деб бошланган хитобига қалбида иймони бор ҳар бир мўмин “Лаббай!” деб қулоқ солиши керак. Мўминмисиз, демак бу хитоб сизга қаратилган. Айнан сизга, менга ва ҳаммамизга!

– Эй иймон келтирганлар!..
– Лаббай, Аллоҳим!

"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир". (“Нисо” сураси, 59-оят.)

Эшитдик, итоат қилдик! Роббим, орамизда сенинг розилигинг учун қилаётган йўлларимизда тортишиб қолсак, албатта унинг ҳукмини, сенга иймон келтирганимиз ва охират кунига иймон келтирганимиз учун Ўзингга ва Расулингга қайтарамиз. Зотан ўзинг буюрганингдек, ўша ишимиз хайрли ва оқибати яхшидир.

"Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз". (“Ҳужурот” сураси, 10-оят.)

Аллоҳим, баҳсли ҳолатларда ишнинг ҳукмини ўзингга топширдик. Сен эса, икки биродарнинг ўртасини ислоҳ қилишни амр қилдинг. Эшитдик, итоат қилдик! Шоядки ўшанда раҳм қилинсак!

– Эй иймон келтирганлар!...
– Лаббай, Аллоҳим!

"Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар". (“Ҳужурот” сураси, 12-оят.)

Эшитдик, итоат қилдик! Роббим, ўзингнинг ризолигингни кўзлаб, тақво қилган ҳолатда ўз биродарларимизнинг амаллари устидан гумон қилмаймиз, ҳукми ўзингга топширамиз, ораларини ислоҳ қиламиз. Бир биродаримизнинг айбини топиб, иккинчи биродарга етказмаймиз, ғийбат қилмаймиз. Жосуслик қилмаймиз. Шоядки раҳм қилинсак.

"Сен: “Аллоҳга динингизни билдирмоқчимисиз? Ва ҳолбуки, Аллоҳ осмонлару ердаги нарсани билувчи зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир”, деб айт". (“Ҳужурот” сураси, 16-оят.)

Астағфируллоҳ! Аллоҳим нима қилган ва қилаётган бўлсам фақатгина ўзингнинг ризолигинг учун қилмоқдаман. Ўзимни ва қилаётган амалларимни кўрсатиб қўймоқчи эмасман, Сенга ҳам, риё қилиб мўминларга ҳам.

"Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен:“Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур”, деб айт". (“Ҳужурот” сураси, 17-оят.)

Асло, Аллоҳим! Мўминлигим сенинг фазлингдан, мусулмонлигим сенинг изнинг биландир. Нима яхшилик қилган, қилаётган бўлсам, диним учун қилган ҳар бир ишимни шу ишни менга раво қилган ва менга рози бўлганинг учунгина қилмоқдаман. Ҳар бир амалим ўзим учундир, сенга миннат қилмайман! Берган ҳар бир неъматингга шукр қиламан!

“Ва ер юзида исрофчилик қиладиганларнинг ишига итоат қилманглар. Бузғунчилик қиладиган, ислоҳчилик этмайдиганларнинг”. (“Шуаро” сураси, 150-152-оятлар)

Аллоҳим, Расулларинг тили билан айтган амрларингга итоат қиламан! Кимки икки тортишган биродаримнинг ўртасини ислоҳ қилишга уринмас экан, унга эътибор бермайман, чақириқ ва сўзларини тингламайман, итоат қилмайман! Ўзингнинг амрингга итоат қиламан, ислоҳ қиламан!

Ислоҳ қилинглар деб турсанг, мен тарафкашлик қилмайман, қайси тарафдалигимни кўрсатишга ошиқмайман. Тарафкашларни қўллаб қувватламайман.

"Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!" (“Нисо” сураси, 65-оят.)

Аллоҳим, мени мўминлардан қилгин. Келишмовчиликлар чиққанда фақат Сенинг ва Расулингнинг чиқарган ҳукмларига итоат қиладиганлардан қилгин. Қалбан, гарчи ўзимга ва нафсимга, шахсиятимга ва обрўйимга, юз йиллик меҳнатимга ва режаларимга зид бўлса ҳам, дилимда танглик топмасдан, юзтубан бўйсунаман. Шоядки, раҳм қилинсам.

“Эй иймон келтирганлар!...”
Лаббай, Аллоҳим!

Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг.

Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.

Эшитдик, итоат қилдик!

Сизчи?

Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!