Илм

Замонавий хаворижийлик ҳақида туркийзабон ёшларга насиҳатлар (1-қисм)

1092

Шом аҳлининг маънавий етакчиси деб эътироф этилган, Сурия уламолари бирлиги раиси Шайх Усома Рифоий ҳазратларининг замонавий хаворижийлик ҳақида туркийзабон ёшларга насиҳатлари туркуми.

Биринчи суҳбат.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Оламларнинг Роббига ҳамдлар бўлсин ва Аллоҳнинг расулига салавоту саломлар бўлсин.

Эй туркий миллатлар фарзандлари! Эй бу муборак ўлканинг инсонлари! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатух.

Амма баъад.

Азиз қардошларим! Аллоҳ таоло сизга эҳсон қилди, сизлар олимлардан ва ота-боболарингиздан келаётган бу холис динга Аллоҳ ризоси учун ворис бўлдингиз.

إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ

"Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир" ва сиз бу динни мусаффо, тўкис бир ҳолда, ҳеч бир ортиқчалик қўшмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ҳолида салафи солиҳдан мерос қилиб (бугунга қадар) олиб келдингиз.

Лекин биз ҳозир бири бошқасидан хатарли бўлган, денгизнинг мавжидек мавжланиб кетган фитналарнинг замонидамиз. Тамомий уммат, (афсуски) айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини дунёга етказиши керак бўлган ёшлар хатар устидалар.

Кечаю кундуз хаёлимиздан кетмайдиган бу қадрли ёшлар борган сари ўша фитналарнинг гирдобига қараб кетмоқдалар.

Эй ёшлар! Огоҳ бўлинг!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни огоҳ этган фитналар асридамиз.

Барча муаммолар ва мусулмонларнинг бошларига келаётган мусибатлар билан ёнма-ён (ўша) асрда биз яшаяпмиз. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ҳозирги асримиз ҳақида огоҳлантириб шундай деган эдилар: «Кечанинг зулмат бўлакларига ўхшаш фитналар келгунча амалларни қилиб қолишга шошилинг. Ўшанда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кеч киритади. Мўмин бўлиб кеч киритиб, кофир бўлиб тонг оттиради. У ўз динини дунёнинг ўткинчи ҳавасига сотади».

(Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

(Шарҳ. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом кучли фитна бўладиган замон келишидан олдин солиҳ амалларни қилиб қолишга тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳаммага вожибдир.

Шундоқ замонлар келиши, унда одам бир кечаю кундуз орасида иймон ва куфрда тез-тез алмашиб туриши айтилади. Энг даҳшатлиси, банда ўз динини дунё учун сотиб юборар экан. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!)

Бу фитнанинг динни парчалаши ва ахлоқни йўқ қилиб юбориши (томон келаётгани) мусибатларнинг энг каттасидир.

Қардошларим! Эй туркийзабон ёшлар! Бу ўлканинг шарқи ва ғарбидаги бутун  Ислом ўлкаларининг бошига келмоқчи бўлган қоронғи фитналар ва хатарларга қарши огоҳ ва ҳушёр бўлинг.

Аллоҳ таолодан бу фитналарнинг шарридан паноҳида сақлашини сўрайман. Бу фитналар чиққанда, уни чиқарганларга қарши чораларини сизлар билан бирга кўрамиз ҳамда баробар ёнингизда бўлишга ваъда бераман, иншааллоҳ.

Расулуллоҳга ва аҳлларига салот ва саломлар бўлсин.

Равшанбек Имом Алий ўғли таржимаси

Давоми бор...

УЛАШИНГ:

« Орқага