«Эй золимлар ва уларнинг ёрдамчилари, хашр бўлинг, тирилинг, ҳисобга ҳозирланинг!»

18:00 14.05.2019 634

Машҳур уламолардан ҳисобланган Суфён Саврий ва халифа Ҳорун ар-Рашиднинг ўрталарида кечган ҳодиса қуйидагича:

“Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашиддан Суфён Саврийга таъзим-эҳтиром ифода этилган бир мактуб келади. У зот талабаларига: “Жавобини ўша хатнинг орқасига ёзинглар”, деб буюради. У кишига: “Бу халифа-ку, тоза бир қоғозга ёзсак бўлмайдими?” – деганларида, у зот бундай дейди: “Ўша золимнинг мактуби орқасига ёзинглар, агар ҳалол пул билан топган бўлса мукофотини кўради. Ҳаром билан топган бўлса, ушбу билан бирга жаҳаннамда ёнади. Мен ёнимда золимнинг қўли теккан бир нарсани олиб қолмайман. Чунки динимга зарар етади”. “Унга нима деб жавоб ёзайлик?” – деганларида, “Бундай ёзинглар”, дедилар Суфёни Саврий:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг гуноҳкор қули Суфён ибн Саъд ал-Мунзир ас-Саврийдан амаллари билан мағрур, иймоннинг тоти қалбидан кетган қул Ҳорун ар-Рашидга.

Менинг наздимда меҳринг, муҳаббатинг, ўрнинг қолмади. Ёзган мактубинг билан Байт ул-молдаги ноҳақ тасарруфларингга мени гувоҳ қилмоқчи бўлибсан. Аммо мен ва мактубингни ўқиган биродарларим Қиёматда, Аллоҳнинг ҳузурида сенга гувоҳлик бергаймиз.

Эй Ҳорун! Мусулмонларнинг розилиги бўлмаган ҳолда Байт ул-молга ҳужум қилдинг! Бунга муаллафати қулуб (қалблари Исломга мойил этилгувчилар), закот тўплаган омиллар, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар, йўлда қолганлар, Қуръон ҳофизлари, илм аҳли, бевалар ва етимлар розилик бердиларми?! Ёки қўлинг остидаги бошқа инсонлар рози бўлдими? Ўзингни бу сўроқларнинг жавобига ҳозирла! Шуни яхши билки, бир кун Одили мутлақ бўлмиш ҳокимнинг ҳузурида ҳисоб беражаксан. Сен руҳингдан илм, зоҳидлик, Қуръони карим ва яхшилар билан ўтирмоқнинг тотини сидириб кетказгансан, золим бўлгансан ва золимларга раҳнамо бўлмоқни танлагансан.

Эй Ҳорун! Тахтга ўтирдинг ва ипак кийдинг, эшигингга соқчи қилиб қўйганинг-золим аскарларинг билан инсонларга зулм қилдинг.

Аллоҳ амри билан бир нидо қилувчи-жарчи: “Эй золимлар ва уларнинг хотинлари, эй золимлар ва уларнинг ёрдамчилари, хашр бўлинг (тўпланинг), тирилинг, ҳисобга ҳозирланинг!” деган пайтда сен ва атрофингдаги золимлар қўлларингиз бўйинларингизга боғлиқ ҳолда Аллоҳнинг ҳузурига борганингизда, сенинг хайрли ишларинг бошқа кишининг мезонига (тарозисига), бошқанинг гуноҳ ишлари сенинг мезонингга қўйилган вақтда гуноҳларинг ортгай, бошингга келган бало янада улканлашгай, сиқиладиган ва бўғиладиган ҳолга келгайсан, аммо бирор кимса сени қутқара олмас, жаҳаннамга кетар чоғингда ҳам золимларнинг раҳнамоси бўлгайсан.

Эй Ҳорун! Васиятимни ёд ол, насиҳатимга қулоқ сол. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига қиладиган муомалангни яхшилаб ўйлаб қил! Сен ҳам бу умматга яхши муносабат қилишга урин! Шуни яхши билгинки, халифалик бир кун қўлингдан кетгай. Дунё зотан шундай! Инсонлар давомли ҳолатда йўқ бўлиб борадилар. Яхши озиқланган киши фойдаланади. Ёмонлар эса дунё ва охиратини қўлдан бой беради. Мен сени, ҳар иккисини ҳам қўлдан бой берган ҳолатда кўрмоқдаман. Бас, менга иккинчи мактуб ёзма. Жавоб бермайман. Вас-салом”.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!