Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар раҳбари Фахриддин Алтун мамлакатда содир бўлган зилзила юзасидан баёнот берди.
"Қаҳраманмарашда содир бўлган ва кўплаб шаҳарларда сезилган зилзиладан сўнг, давлатимизнинг барча муассасалари тезкор иш юритишмоқда, — деди Алтун. — Юртимиз ва бутун халқимизга ҳамдардлик билдираман. Ҳозирда барча қутқарув ишлари ФВВ (AFAD) координацияси томонидан бажариляпти".
Расмий хабарларга кўра, ҳозиргача зилзила туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони минг нафарга яқинлашиб қолди. Олти мингга яқин инсон жароҳат олган.
Туркия Маданият ва Туризм вазирлиги мамлакатдаги бир қатор маданий дастурларни тўхтатиб туришга қарор қилган.
"Қаҳрамонмарашда юзага келган ва бир қанча шаҳарларда ўз таъсирини кўрсатган зилзиладан сўнг Вазирлигимизга боғлиқ бўлган барча идоралар томонидан режалаштирилган тадбирлар кейинги баёнотга қадар тўхтатиб турилади. Театрлар, "Опера ва Балет" ва "Нафис санъатлар" бош бошқармалари ҳам шулар жумласидан", дейилади вазирлик хабарида.
Президент Эрдоған бугунги табиий офат Туркия тарихидаги 1939 йилги Эрзинжон зилзиласидан кейинги энг катта фалокат бўлганини таъкидлади.
Ҳозиргача элликка яқин давлат Туркияга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.