“Фалақ” сураси тафсири (1-мақола)

22:09 11.10.2018 532

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ.

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ

Эй, Муҳаммад субҳ Роббидан паноҳ тилайман дегил”.

Роббил аъламин яратган ҳар бир махлуқнинг зарари, озори ва ёмонлигидан, Унинг ҳифз ва иноятидан паноҳ сўрайман. Қоронғиликни яратиб, ортидан келадиган субҳнинг роббига сиғинаман дегандан мурод, У яратган ҳар бир махлуқнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман демакдир.

Муфассирлар “Фалақ”нинг тафсирида бир неча маъноларни баён қилганлар. “Кашфул Баён”да  келган баъзи далилларни ўргангандан кейин қуйидаги икки маънони ихтиёр қилиб, зикр этамиз.

Фалақ – халқ, яъни яралмоқ маъносини ҳам англатади. Бу тўғрисида Ибн Жарир, Ибни Мунзир ва Ибн Ҳотим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Фалақ – махлуқ, яралган дегани. Кечанинг қоронғилигини ёриб чиқадиган субҳ фалақ деб аталади. Фалақ  барча яратилган махлуқотга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, ердан чиқадиган булоқлар, булутлардан тушадиган ёмғир, доналаб униб чиқдиган ўсимликлар, она қорнидан чиқадиган болалар махлуқ, ёриб чиққан маъносини англатади. Чунончи, қоронғиликдан  ёруғлик – субҳни Аллоҳ таоло ўз қудрати билан чиқарувчидир. Аллоҳ таолодан бошқанинг бу ишларга қудрати етмас. Қоронғиликни субҳ билан очишга қудрати етган Парвардигор махлуқотининг ёмонлигидан Ўзига сиғинган бандасини сақламоққа, албатта, қодир эканига асло шубҳа йўқ. Шу боис Роббул (субҳ) фалаққа сиғинаман дейишга буюрди.

Имом Фахриддин Розий шундай деган: “Фалақ жами яратилганларга (умумий) ишлатилади”. Муфассирлар фалақни субҳга хос деганлар. Урфда ҳам фалақ субҳ деганидир. Бу маъно салаф уламолар томонидан зикр қилинган. Ибн Жарир Табарий тафсирида, ибн Аббосдан, Ҳасан Басрийдан, Саъид ибн Жубайрдан такрор-такрор ривоятлар Жобирдан келтирилган. Муҳаммад ибн Қорзоийдан, Мужоҳиддан, Қатодадан ва Ибни Зайддан: “Фалақдан мурод субҳдур”, – деб нақл қилинган.

“Саҳиҳул Бухорий”да шундай дейилган: “Мужоҳид айтади: Фалақ субҳдир”.

Арабларнинг луғат китобларида ҳам “ал фалақу – ассубҳу” маънони ихтиёр  қилинган. Биз ҳам юқорида келтирилган далилларга асосланиб мазкур (фалақ – субҳ) маънони ихтиёр қилдик.

 

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!