“Фалақ” сураси тафсири (2-мақола)

23:00 12.10.2018 471

"مِن شَرِّ مَا خَلَقَ" дан мурод, "Оламдаги барча яралганлар ёмонлигидан паноҳ сўрайман" деганидир. Инсу жин, зарар етказадиган ҳайвонот, дард ва касалликлар, турли қаҳатчиликлар ва офатлардан паноҳ сўрамоқликни ҳам ўз ичига олади. Яна Аллоҳ таоло оламда халқ қилган барча махлуқотнинг ранж ва зараридан паноҳ тилайман демоқликни англатади. Оламда яратилганларидан паноҳ сўрамоқга хос қилиниши, ёмонлик ва фасоднинг ҳудуди чегараланганидир. Демак, яхшиликка буюрган Алим Зот яхшиларнинг яхшисидир, мутлақ ёмонликлардан покдир. Ёмонликларнинг яралганларга боғланиши икки қисмдир: табиий ва ихтиёрий шарр (ёмонлик).  Табиий ёмонлик оловнинг куйдириши, заҳарнинг ўлдирмоғига ўхшаш нарсалардир. Ихтиёрий ёмонлик иккига бўлинади: ёмонлик қилган киши зулм ва тажовуз қилса, ўзига қилади. Иккинчи шарнинг ёмонлиги ўзидан бошқага уради. Мол, жисм ва обрў тўкишга тааллуқли ишлар, даррандаларнинг ёриб ташлаши, тишламоғи, емоғи, илон ва чаённинг чақмоғи ўзидан бошқага зарар етказиб, ёмонлик қилмоғидир. Шу боис бу сурадаги паноҳ сўрамоқ оламдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрамоқдир. Ҳатто инсоннинг мижозига тўғри келмайдиган тама, шарпа, сув ва ўтнинг зарари ҳам шунга киради.

Савол: Оламдаги ҳамма махлуқлар коинотнинг робби Аллоҳ таоло тамонидан яратилгандир. Аллоҳ субҳанаҳунинг ишларининг ҳаммаси ҳикмат ва тўғридир. Унда нима учун уни  "مِن شَرِّ مَا خَلَقَ", яъни Аллоҳ таоло томонидан яратилганларнинг ёмонлигидан паноҳ сўралади?

Жавоб: Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан баъзисининг хилқатида бўлган ҳикмат ва мўъжизаларни биз инсонларга билдиргандек, махлуқларнинг яратилишидаги ҳикмат ва мўъжизанинг барчасини билишдан ожиз эканимизни англамоқ лозимлигини  билдирди. Аллоҳ таоло ҳар бир махлуқни уни ўзига тегишли бўлган насиба ва қисматининг камолга етмоғига сабаб бўладиган асбобларни ато қилибдир. Оламда яратилганларда ўзига тақдир қилинган маконда ўрин тутмоғи жиҳатидан асли зотида бир яхшилик бор. Шарр эса махлуққа кўринган умр нисбатидандир. Умрга нисбатан ёмон бўлган нарсада махлуққа нисбатан яхшилик ирода қилинган бўлмоғи мумкин. Мисол учун, бир махлуқни бир дарранда бўғизлаб, ёриб еди. Албатта, у ҳайвон қийналиб ўлади. У ҳайвоннинг болалари ва авлодига ғамгинлик етди. Унга ҳеч ким ёрдам беролмайди. У даррандадан у махлуққа етган зарар, ўлганга ва яқинларига шаррдир, аммо даррандага бу иш хайрдир. Бу оламда ўзига тақдир қилинган насиба ва қисматини олиб еган саналади.  Шу сабабли Аллоҳ таоло шаррни ўзи яратган нарсага боғлаган. Чунки шарр махлуққа боғланмоғи билангина бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларининг барчаси хайрдан иборатдир. Бас, бу маъно билан оламда яралган шаррдан Аллоҳ таолодан паноҳ олмоқ ва у шаррларнинг ранж ва зарар етказмоғидан сақланмоқни Аллоҳ таолодан тиламоқ ожиз бандага лозимдир.

 

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

1-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!