“Фалақ” сураси тафсири (3-мақола)

23:00 16.10.2018 492

“وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ”

“Ва яна дегилки, робби фалаққа сиғинаман, қоронғи кечанинг зараридан ва ёмонлигидан, у кечанинг зулумати ҳар нарсани қоплаб олса”.

“Ғосиқин”ни Ибн Асир Ниҳояда “Гоҳо ул кеча бирла ва гоҳо кечанинг қаттиқ қоронғилиги билан”, деб тафсир қилган. Қоронғилик босмоқ маъносидир. Баъзилар ғосиқиндан мурод қамар ва унинг ёйилмоғи, тутулмоғи (ойнинг тутилиши), дейди.

Сўнгра бу борада ворид бўлган ихтилофли фикрлар ва у сўзлар асосида келтирилган мисоллар зикр қилингандан кейин “Менинг наздимда бу борадаги қавлларнинг тўғрироғи бу ким Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарига буюрибдики қоронғи тун ёмонлигидан паноҳ сўрагай. Ғосиқин эса зулматли тун маъносидадир. Уни очиқ айтилмагани боис барча қоронғиликни ўз ичига олади.

Қавлиҳи “У яратган нарсалар ёмонлигидан” халққа тааллуқи бор табиий ва ихтиёрий бўлган жами ёмонликни ўз ичига олган маъносидадир. “Ва кириб келган қоронғулик ёмонлигидан”ул умумликни ўз ичига олади. Ва у ҳамма музлим, қоронғиликни ўз ичига олади. “Қоронғулик ёмонлигидан” ни хос зикр қилиб, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрамоққа буюриб, кечанинг шаррининг ёмонлиги учундир. Чунки ёмонликларнинг аксари кечада бўлади. Кечаси пайдо бўладиган шаррларни даф этмоқ лозим. Кечада инсонга ваҳм ва қўрқув юзланади. Масалан, кечаси шаррнинг воқе бўлмоғи –   даррандалар маконидан ов истаб чиқади. Ер остида яшайдиган ҳашаротлар ва ҳавода учадиганлар кечаси уясидан чиқади. Ўғрилар, фурсат пойлайдиган душманлар зарар истаб ҳар томонга ёйилади. Жинларнинг саркашлари кечаси кезади.

Кечанинг шаррини кетказмоқ ва даф этмоқнинг шарти шуки, кечанинг қоронғилиги инсонни ногоҳоний ғафлатга тушириб зарар етказмоқ қасди билан келган бадхоҳнинг мақсадига етмоғига парда бўлади.  Кечанинг қоронғилигидан паноҳ сўраб, ўзига кутилмаганда қасд этган душманнинг босқинига инсон қодир бўлолмайди. Аммо бошқаларни  ёрдамга чақириб қичқирмоғи билан қутилиб қолади. Зеро, кечаси фарёд чекса, ёрдамга шошилиши аниқ. Шунинг учун унинг фарёди ёмонликдан сақланишига сабаб бўлади.

Араблар “Ал лайл ахфо лил вайл” – “Кечада ҳалокат беркинган”, дейди. Кеча – ҳалокат ва уқубатга сабаб бўладиган нарсалар яширинадиган пардадир. Бинобарин, ҳалокатга сабаб бўладиган ишлар, қўрқинчли зарарлар кечаси кўпроқ бўлади. Шу жиҳатдан агар кечаси бир инсонга бир киши қилич берса, у эса у қилични ялонғочлаб берувчини ўлдириб қўйса, қотилга қасос лозим бўлмайди. Агар кундузи қилич берса ва уни ўлдирса, қотилга қасос лозим бўлади. Кечаси берганда олувчи уни ўлдирмоқчи деб гумон қилгани боис қасос лозим бўлмайди. Кундузи эса ёрдамга чақириш, ўзини ҳимоялаш, бақиришини эшитганлар ёрдам бериши ва қутқариш имкони кўпроқ топилади.

Кечқурин озор берувчи ҳашаротлар, жин ва шайтонларнинг ёйилиб юрмоғи жиҳатидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида йўл юрмоқ, сафарга чиқмоқдан қайтарганлар. Кечаси уйларнинг эшигини маҳкам беркитмоқ, идишларнинг оғзини ёпиб қўймоқ, ёш болаларни ўйнагани ташқарига чиқармасликка амр қилганлар. Ушбу амр ва наҳийларнинг барчаси кечанинг ёмонлиги ва балосидан сақланмоқ учундир.

Хулосаи калом, кечанинг қоронғилигида бўладиган зарар ва ёмонликлар жуда кўпдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло кечанинг шарридан паноҳ тиламакка алоҳида амр қилибдир. Зеро, қоронғи кечанинг зарари ва хавфидан бандаларини халос қилмоққа Аллоҳнинг ўзигина қодирдир.

Сўнгра Аллоҳ таоло ўзининг махлуқлари жумласидан зарарлари кучли бўлган ва ундан сақланмоқ инсонга қийин бўладиган баъзи махлуқларнинг шарридан сақланиш учун паноҳ сўрамоққа алоҳида амр этади.

 

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

2-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!