“Фалақ” сураси тафсири (4-мақола)

23:00 17.10.2018 468

”وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ”

Ва яна тугунларга дам уриб халқни алдовчи нафсларнинг ёмонлигидан барча коинотнинг роббига сиғинаман, деб айтгил”.

Аксар муфассирлар Аннаффаасаатини Аннуфусус савоҳиру демишлар.  Яъни сеҳр қилувчи кишилар ипларга тугунлар қилурлар ва у тугунларга сеҳр калималарини ўқиб дам урадилар. Бас, бу ояти шарифа мазмунига қарасак, тугун қилиб халқни бемаъни сўзларга ишонтириб ғофил қилувчилар, тугунларга майда тошларни солиб ғайб илмини очиш даъвоси билан одамларни алдовчилардир. Асли йўқ маънисиз сеҳр калималарини ёзиб, тумор қилиб, муҳаббат умидидаги нодон ғофила хотинларга таъвиз, паноҳ сўра деб ёзиб берувчи афсунхонлар бу оятдаги паноҳ тиланадиган сеҳргарлар жумласига киради. Дарҳақиқат, Ислом фарзандлари ўртасида афсусли ҳолни ўйлаб қарасак, фолбинлик қилиб, ғайбдан хабар бермоқни одат қилганлардан, сеҳр ва фол китобларига боқиб толедан нишон бериб, маъноси маълум бўлмаган жин калималарни ўқиб дам соладиган, ботил паноҳни ёзиб халқни алдайдиган афсунхонлардан ёмонроқ ва фосиқроқ кишилар бўлмайди. Қароқчилар, хамр ичадиганлар ва ноҳақ қон тўкувчилардан зикри келган кишилар ёмонликларида ёмонроқ ва фосиқроқдирлар. Зеро, қароқчилар каби ёмонларнинг шарорати, кирдикорлари молга зарар ва дунё кўзлашдан ўзга нарса эмас. Улардан дин ва оятларга зарар етмайди. Аммо мазкур шарир, ёмонларнинг зарари ва фасоди дини Исломнинг усулига раҳна солиб, халқни тавҳиди илоҳий ва имондан чиқариб, ширк ва куфрга туширади. Зулумат ғафлати ва абадий жаҳолатга гирифтор қилади. Бу шарирларнинг ёмон таъсири билан тавҳид ва имонга ёлғон, ботил эътиқод, ношаръий одатлар, бузуқ амаллар, халқнинг ичига шундай ўрнаштирадилар. Уларни илоҳий оятларнинг зикри ва набавий ҳадисларнинг ваъз ва танбеҳи билан   бундай куфр амалларга ишонмоқдан қайтармоқ лозим. Уларни бугун жазолашнинг имкони йўқ. Аллоҳ таолодан моли, нафси ва динига зарар еткизадиган соҳирлар ва афсунхонлар шарридан паноҳ сўрамоққа бу сураи шарифда амр қилинмоқда. Қатъий далил ва кенг ҳужжат бу шарирларнинг ишидан ортиқ ёмонлик ва зарар тасаввурга сиғмайди. Бас, мўминларнинг бундай ишлардан сақланмоқлари вожибдур. Бундай  ёмон ишлар наслга, ирсиятга ҳам таъсир қилади. Уни ўзига касб қилувчиларни қайтармоқ ва одоб бермоқ шариат ҳокимларига лозимдур. Зеро, ҳадис китобларида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинибдур: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдимки, руқо, тамаим ва тивла ширкдир. Ибн Масъуддин саҳобалар сўрадилар: “Ё Аба Абдурраҳмон! “Руқо ва тамаим”нинг нима эканини биламиз, аммо “тивлата дегани нима?” Ибн Масъуд: “Хотинлар эрларининг муҳаббатини ўзларига жалб қилмоқ учун қиладиган сеҳрнинг бир туридир”, – дедилар”.

Имом Қозихон раҳимаҳуллоҳ бу ишни ҳаром деганлар. Ибн Ваҳбан “Бунинг ҳаром эканлигининг иллати бу иш сеҳрнинг бир туридир”, – деганлар.

Аксар хотинлар ва баъзи нодон эрларнинг фикрларича, жоҳил афсунхон таъаввиз (паноҳ) ёзувчилар ёзиб берган калималарни, маънисиз жумлаларни уч ва тўртбурчак туморларга тикиб, (паноҳ, сақловчи) деб тақиб юрадилар. Шунингдек, мунчоқларни бўйинга осадилар. Булар бало ва офатларни қайтаради деб эътиқод қиладилар. Шубҳасиз, ушбу эътиқод айни жаҳолат, залолат ва катта гуноҳлардандир.  Зеро, бундай феъл ва эътиқод айни ширк бўлмаса-да, ширкка бошловчидир. Чунки мўмин тавҳид калимаси ила жон омонатини топширмоғи лозим. Олами вужудда вожибул вужуд қодир Аллоҳдан бошқа берувчи, қайтарувчи,  ман қилувчи ва фойда берувчи йўқдир. Соф эътиқод ва холис тавҳид ила Ислом дини ва ҳадисларда келганларга мусулмон фарзандларининг офатларни даф қилиш, фойдани жалб қилиш, яхшилик келтиради деб эътиқод айлаб, тумор паноҳ беради деб тақиш, вожибул вужуддан бошқа зарарни қайтарувчи, фойда берувчи ҳам бордир демакдир. Бу амал эса ширкдур. Ўзига паноҳчи деб турли нарсаларни осиш ва тақиб юрадиган нарсаларнинг ҳукми шудир.

Аммо ўқиладиган нарсалар ва арабий сифатдан бошқа, маъноси маълум бўлмаган ажамий калималардан бўлса ҳам, албатта, ҳаромдир. Шофиий уломолардан Хаттобий ва Байҳақий унинг ҳаромлигини  очиқ айтганлар. Аммо маъноси маълум бўлган дуолар, Қуръон оятларидан бўлса, у билан дам солиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламдан руқайя ҳақида савол сўрадилар. У зот дедиларки: “Сизлардан кимики ўз мўмин биродорига наф келтириш учун қудрати етса, ёрдам берсин. Руқайя ўқишнинг зарари йўқ. Агар у ширкка олиб бормаса”, – дедилар.

Ибн Ҳажар фатволарида “Ўқиладиган ёки ёзиладиган ҳар азоимики унинг ичида маъноси тушунилмайдиган исмлар бўлса, уни ўқимоқ ва ёзмоқ ҳаромдир”, деганлар. Агар азим ва руқайя Аллоҳнинг исмлари ва Қуръон оятларини ўз ичига олса, уни ўқимоқ ва ёзмоқ жоиздур. Ва бундан бошқалар ширк ишлардир. Сеҳр ва ғайбни билишни даъво қилувчи  сеҳргарлар одат қилган ишлардан,  бир нарсаларни тутатмоғи (шам, пилик кабилар) ҳаром, кабира гуноҳ ва куфрдир. Маъноси тушуниб бўлмайдиган ажамий (ўзга тиллар) исмлар билан афсун ўқимоқни уломолар Ибн Рашид Моликий, Иъззин, Абдуссалом Шофиий ва шофиийлар жамоаси, бошқа уламолар очиқ ҳаром деганлар.

Ибн Ҳажар “Китоби завожир”да шундай дедилар: “Ер руҳлари (эътиқод ила) ёрдам сўровчи, азайимхонлик ва жинларни мусаххар қилиш каби ғариб амал қилиши билан мағрурланадиган киши ўша ишини мубоҳ деб эътиқод қилса, куфрга ҳукм қилиниб, унинг қатли вожиб бўлади. Шариат ҳукми бўйича ҳаром нарсани ҳалол деб эътиқод қилгани боис у кофирдир. Агар у киши қилаётган ишини ҳаром деб эътиқод қилиб, уни мутакаббирлик билан қилса, Иммом Шофеий раҳимаҳуллоҳ наздида у иши жиноядир, Имом Аъзам раҳматуллоҳи наздида ер юзида фасодга сабаб бўлгани боис сеҳргарнинг қатли вожибдур”.

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

3-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!