“Фалақ” сураси тафсири (5-мақола)

23:00 18.10.2018 356

Раддул Мухторда “Ғайбни билишни даъво қилувчи коҳиндур”, дейилган. Турли нарсаларни сабаб кўрсатиб, ғайбни билишни даъво қилади. Сабаблари эса турли-тумандир. Шу сабаб коҳин ҳам турли куфр амаллар йўлини тутган ҳисобланади.

Арроф – бирор далилсиз ғайб илмини билишни даъво қилувчидир.

Руммол – қоғозга бир неча қатор чизиқларин чизиб, нуқталар қўйиб, бир-бирига қўшиб, бир шакл чиқариб, ёлғондан ғайбдан хабар беради.

Мунажжим – фалакларнинг чиқиши, ботишига қараб ҳодисалардан хабар беради.

Тулкичи – халтачага майда тошларни солиб, улардан бир нечтасини чиқариб ғайбдан хабар беради

Жинкаш – жинлардан бири келиб, келажакдаги ходисалардан менга хабар беради, дейди.

Буларнинг барчаси шаръан гуноҳ амаллардир. Буларни тасдиқ қилувчиларга шаръан куфр ҳукми берилади.

Замонамиздаги кўп шаҳар ва қишлоқларда баъзи бир гумроҳ эр ва хотинларнинг хумайрини ёқиб, ғайбдан хабар берамиз. Чилдирма  чалиб, руҳларни йиғиб, ғайбдан хабар берамиз, дейдилар.  Шунга ўхшаш ботил амаллар билан ғайбни биламиз деб даъво қиладилар. Бу амалларнинг барчаси ширкдир.

Аммо ҳисоб илми воситасида қуёш ва ойнинг тутилишидан хабар бермоқ, Аллоҳ таоло тақозо қилган аломатлари – юлдузларнинг яқинлашиш ва узоқлашиш баъзи воқеаларнинг  содир бўлишига далолат қилади. Юлдузлардаги ҳодисаларга далолат қилмоғига ҳеч қандай бок йўқдир деб муҳаққиқ уламолар фикр билдирган. Шунга ўхшаш юлдузлар илмини мушоҳада йўли билан ўрганиладиган нарсалардан хабар бермоқ, мисол учун, завол вақтини аниқламоқ, қиблани топмоқ, вақтни белгиламоқ каби ишларни белгилаб айтмоқнинг зарари йўқ. Юлдузлар илмини ўрганмоқ фарзи кифоядир.

Баъзи муфассирлар Аннаффаасаатдан мурод Аннисааус савааҳир, яъни сеҳргар аёллар деганлар. Шу сабабданки, сеҳрга кўнгил қўймоқ, қасд ва ҳимматни унга қаттиқ боғлашда, таъсирига тушишда хотинлар кўпроқдир. Бу ишнинг хотинлар томонидан кўпроқ содир бўлиши, уларнинг англашдаги ноқисликлар, шаҳватда зиёдароқ эканлигидандир. Шу боис бу ишлар авж олмоқдадир. Ҳеч бир асрда, ҳеч бир шаҳарда нодон хотинлар бу ҳаром амалдан холи бўлмабдир ва бўлмаслар. Абу Убайда: “Аннаффаасаатдан мурод яҳудий Лубайд ибн Аъсомнинг қизларидурким, Расулуллоҳни сеҳр қилишди”, – дедилар.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилинганлиги тўғрисида “Саҳиҳул Бухорий”да Уммул мўминин ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилибдурлар: “Бани Зурайқ қабиласидан Лубайд ибн Аъсом деган бир киши жаноб Расулуллоҳни сеҳр қилди. (Лубайднинг сеҳри таъсирида Расулуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир қилган ишларини қилмагандек, қилмаган ишларини қилгандек хаёл қилар эдилар). Ҳатто бир куни ёки бир кеча олдимда дуога машғул бўлдилар. Такроран дуоларни қайтарардилар. Дуодан сўнг дедилар: “Эй Оиша! Аллоҳ таоло менга бир ишни билдирди. Мен уни Аллоҳ таолодан хабарини сўраб дуо қилгандим (бир иш тўғрисида қилган дуоимни ижобат қилди), хабари келди. Олдимга икки киши келди. Бири бош томонимда, иккинчиси оёқ томонда ўтирди. Сўнгра бири иккинчисига дедики: “Бу кишининг беморлигининг сабаби нимада?”. Иккинчиси жавоб қайтарди: “Бу инсон сеҳр қилинибди!” “Қай тарзда сеҳр қилинибди?”. “Таралган соч қиллари, эркак хурмонинг пўстлоғига сеҳр қилинибди”,  – деди. “У нарсани қаерга қўйибди?” “Зарвон қудуғига ташлабди”, – деди.

Ҳазрат бани башарга ориз бўладиган касалликларга йўлиқишлари ҳам бордир. Дунё ишларининг ҳаққиқати (фикр қилиш) ул зотнинг хаёлларига келишдан ҳам йироқ эмаслар.

Ҳалаби айтибдурки, Расулуллоҳнинг шайтонлар шарридан Аллоҳнинг паноҳида эканини, шайтонлар ул ҳазратни ҳийла қилиб, оздирмоққа монелик қилинмаганлар. Саҳиҳ ҳадисда келадики, бир шайтон ҳазратнинг намозини фосид қилмоқни ирода қилди. Бас, Аллоҳ таоло ҳазратга ёмонликни қасд қилган шайтонга имкон бергандир. Шу каби сеҳр  Расулуллоҳнинг нафсларига таъсирига тааллуқи бор бўлса-да, бирор нуқсонни келтириб чиқадиган зарарни етказмайди. Балки сеҳр сабаби билан бошқа зарарли касаллар жинсидан бўлган касаллик етишади. Сўзлаганда заифликка юзланмоқ, баъзи ишларда ожиз бўлмоқ, бир ҳодисани таҳлил қилолмасликка ўхшаш нарсаларнинг етмоғидир. Аллоҳ таоло шайтонлар ҳийласини ботил қилади.

Ибн Қаҳҳор ҳазратга етган касалликнинг асари касаллик жинсидан эканига саҳиҳ ҳадиснинг охиридаги Расулуллоҳнинг “Аллоҳ мени соғайтирди” сўзини далил қилдилар.

Исмоил Ҳақий “Руҳул Баён”да “Кашфул Асрор”дан нақл қилибдилар: “Агар сеҳрнинг таъсири Расулуллоҳнинг мубарак жисмларида зуҳурга келмоғида қандай ҳикмат бор, десалар, нима учуун Аллоҳ таоло у сеҳр қилгувчининг қайдини ботил айлаб, макрини ва сеҳрини ўзига қайтармади?”

Жавоб шуки, бундаги ҳикмат жаноби Расулуллоҳнинг сидқини, мўъжизаларининг ростлигини сеҳр, каҳонат (коҳинлик)ни У ҳазратга нисбат берганларининг ёлғонини ошкор кўрсатмоқдир. Чунки саҳиҳ ҳадис мазмунига кўра, сеҳр У ҳазратга таъсир қилган. Ҳатто унинг сабаби билан баъзи ишлар хаёл қилингани боис беморликни кўрдилар. Расулуллоҳ унинг нимадан эканлигини билмадилар. Аллоҳ таолога такрор-такрор дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У ҳазратнинг дуоларини ижобат айлаб, беморликнинг сабаби нимада эканини билдирди. Агар У ҳазратдан содир бўлган одатдан ташқари мўъжизалар дин душманлари гумон қилгандек сеҳр бобидан бўлса эди, сеҳр таъсири билан ўзига етишган аҳволнинг нимадан экани У ҳазратда шубҳа туғдирмасди. Албатта, билганларида ундан қутилиш чораларини кўрардилар. Аллоҳга ҳамдки, бу воқеа У жаноб рисолатмобнинг набийлигининг ростлигига яна бир кучли далилдир.

Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да айтадурки: “Ибн Масъуд ривоят қилган Абдурраҳмон ибн Каъб мурсал ҳадисда айтибди: “Бас, Лубайд ибн Аъсомнинг синглиси: “Агар Муҳаммад ҳақ бўлса, тез сеҳр қилинганини ваҳий орқали хабарини билади. Агар билмаса, ҳамма ундан қутилади ва ғофил бўлиб қоладилар. У ақлини бутунлай йўқотади”, – деди.

Ибн Ҳажар: “У воқеа сири очилди ва саҳиҳ ҳадисда зикр қилинди”. Яъни ушбу воқеа зуҳурга келмоқлигига боис, шубҳасиз, У ҳазратнинг нубувватининг ҳақлиги, расуллик даъволари содиқлиги исботини топди”, – дедилар.

Энди қатъий рад қилувчи Миср диёрининг муфтийси Шайх Муҳаммад Абдуҳ раҳимаҳуллоҳнинг бу борадаги ҳақиқати илжом (ҳақиқат жилови) каломини нақл ва таржима этамиз. “Сеҳрнинг У сарари анбиёнинг нафси шарифасига таъсир қилмоғи, яъни сеҳрнинг таъсири билан Расулуллоҳнинг қилмаган ишни қилдим деб гумон ва хаёл қиларлик даражага етмоғи, турли касалликларни  бани башарга таъсир қилмоғи каби эмаслиги сир эмасдир. Баъзи оддий ишларда ёддан кўтарилмоқ ва эсдан чиқмоқдек ҳам эмас. Балки у таъсир Расулуллоҳнинг ақли шарифасига етмоқ ва латиф руҳларига таъсирдир. Бу таъсирни гап-сўз қилган мушриклар Расулуллоҳ ҳақида “Сеҳрланган кишига эргашасизми?” деган сўзларини гўё эътиборга олиб ва тасдиқлайдиганга ўхшайди. Чунки мушриклар сеҳрланган кишининг ақлига ва ҳам хаёлига сеҳр ғалаба қилгани боис ақли паришон бўлган. Сеҳр сабаб бўлмаган ишни бўлди ёки бўлади деб хаёл ва гумон қилган кишини тушинишади.

Бас, сеҳрнинг таъсири билан Расулуллоҳнинг қилмаган ишни қилдим деб хаёл қиладиган даражага етганларидир. Мушриклар қавлларича Аллоҳдан паноҳ сўраймизки, У зот сеҳрланганлигидан ўзига ваҳий қилинмаган нарсаларни ваҳий қилинди, деб хаёл  қилганлари тўғридир. Бу қиссанинг тўғрилигига қоил бўлганда маъониди Исломда бўлмаган бегоналардан айтиладиган эътироз ва таналар шундай бўлиб, турли гапларнинг бўлиши Исломга зарардан бошқа нарса эмас. Зеро, мушриклар ўз сўзлари билан Расулларга ҳам таъсир ўтказа билишлари билан фахрланмоқчи ва одамларни диндан қайтармоқчи бўладилар.

Ислом аҳлига эътиқод қилмоқ вожиб бўлганлар ушбулардир.  Қуръон  қатъий Аллоҳнинг каломидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамонидан мутавотир билан бизга етиб келган илоҳий самовий китобдир. Бас у мубин китобда нима нарса исбот қилинса, унга эътиқод ва ишонмоқ, нимаданки қайтарилган бўлсак қайтмоқ, инонмасликка бурилганга ишонмаслик вожибдур. Ҳолбуки, Расулуллоҳдан сеҳрни  кетказилгани ҳақдир. Қуръони карим баёнига кўра, Расулуллоҳ қатъиян сеҳрланган эмас. Ақидада Расулуллоҳнинг ақли шарифаларига таъсир қилмоқдан У зот  маъсумдир (пок)дирлар, деб эътиқод қилмоқ лозимдур.

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

4-мақола

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!