“Фалақ” сураси тафсири (6-мақола)

23:00 19.10.2018 465

Агар биз Аллоҳ таолонинг "Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди"дан эр-хотин ўртасини ажратар (бузар), яъни эр-хотин ўртасини бузиб, ажралишларига сабаб бўладиган сеҳрни тушунсак, баъзи фосид кишилар макр ва ҳийла йўлларини тутиб, хотинни эридан айирадилар. Баъзи ёмон хотинлар макр ва ҳийла йўли билан соддадил эрларни вафодор хотинларидан айирадилар. Бу каби ишлар бугунги кунда ҳам содир бўлаётгани сир эмас. Аммо сеҳрни таълим олмоқ учун устоз изламоқдан йироқ бўлиш талаб этилади. Бу каби ишлар инсоният оламида йўқ дейилмайди. Ҳолбуки, бизлар баъзи ҳукуматларда сиёсат омилларидан бўлмоқни хоҳлаганлар одамлар ичига тафриқа солмоқни истаганлар, тафриқа ва фитна солмоқ услубини ўргатмоқ учун дарслар ўтилганини ва бу тўғрида китоблар чоп этилганини кўрамиз. Эҳтимол қилинадики, эр ва хотиннинг ўртасини ажратадиганлар тўғрисидаги оятларни ўрганадилар. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларнинг мунофиқ ва ифлосларини шайтонлар деб атайди.  Фиръвннинг сеҳргарларининг сеҳри аслида ҳийланинг бир тури эди. Европа давлатларининг омилларининг баъзилари ўзларининг сиёсий омилларига  ажнабий давлатлар ўртасига, хусусан, дунё сиёсатидан хабарсиз, ҳийла ва фитнадан қўрқадиган Ислом аҳли ўртасига тафриқа ва фитна солмоқ услубидан дарс ўтадилар. Бу тўғрида ёзилган махсус китоблари ҳам бор. Шу боис Ислом аҳли тафриқа бахтсизлик балосидан қутулолмайди. Ғофил мусулмонлар кимларнинг восвосасига тушиб қолганларни идрок қилмайдилар "Албатта, мўминлар биродардирлар" оятига амал қилмай, ўзаро душманлик қиладилар ва буни сезмайдилар. Бу эса ғафлат ва жаҳолатдир.

Пайғамбарларнинг ҳеч бирига дин душманлари сеҳр билан беморлик етказилгани тўғрисида нақл қилинмаган.  Сеҳр энг ривожланган Мусо алайҳиссалом даврида У зотга сеҳргарлар тарафидан хасталик, беморлик етказилса, сеҳргарларга ишонса бўларди. Барча сеҳргарлар жам бўлиб, У жанобни ожиз айлаб сеҳрлашга қасд қилганлари ва асолари сеҳрларини ютиб юборгач, ҳориқи одатдан ташқари мўъжизани кўришгач, барчаси ўзларини ерга ташлаб,  имон келтиришиб, набийликни иқрор этиб, сажда қилишлари  уларнинг жидду жаҳд  билан қилган сеҳрлари ботил бўлгач,   "Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас" илоҳий хабарига кўра ҳеч бир сеҳргар нажот топмаслигига далил бўлди. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг ёрдами билан бир неча сеҳргарларнинг сеҳридан омон қолиши Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлганликларига далилдир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нима учун Аллоҳ таоло ўз ҳимоясига олмаслиги мумкин? Ваҳоланки, биз зикр қилган ҳадис мутавотир эмас, балки оҳод ҳадисдир.

Баъзи аҳли таъвиллар Аннаффаасаати фил ъуқоддан мақсад хотинларнинг баъзиларидир. Турли ҳийлалар, латиф калималар, махфий макрлар эрларининг баъзи ишларига аралашиб, дам уриб, улар устидан ғолиб бўладилар. Хотинлар макр ва ҳийлада жуда моҳир бўлганлари жиҳатидан эрларининг ўзларига муҳаббати ортиқ бўлишини истайдилар ва ҳар хил тарзда йўлга солурлар. Эрларининг бир раъй, фикрларида бошқача фикрлашга бурадилар. Шу боис Аллоҳ таоло "Сизларнинг қайд ва ҳийлангиз улуғдир", деди.

Фикр: баъзи аёллар ўзларига эрларининг муҳаббатини ошириш учун турли ҳийлалар, нозу ишва қиладилар. Уларни яхши кайфиятда кўрсалар, мақсадларини ширин сўзлар билан изҳор қилсалар, кайфиятлари йўқ пайтда кимларнидир ёмонлаб, эрларини иккиланиш ва паришонхотир қиладилар. Эркаклар хотинимнинг айтганлари тўғрими, нотўғрими деб иккиланишга тушадилар. Гоҳида йиғлаб-сиқтаб ўз сўзларини ўтказадилар. Баъзилари азайимхонларга бориб, турли нарсаларни ичириб, эрини касал ёки паришонҳол қилади. Аллоҳдан қўрқадиган мўмина аёлларгина бу каби разил ишлардан сақланади. Шу боис кайд ва ҳийла қиладиган аёлларнинг, азайимхонларга бориб тугунларга дам солдирадиган баъзи аёлларнинг ҳийласидан Аллоҳ таолон паноҳ сўрамоққа амр қилинмоқда.

Баъзилар Аннаффаасаати фил ъуқоддан мақсад – халқ ичида дўстлик ва муҳаббатни узиш ва бузиш учун гап ташувчи, чақимчилик қилувчилар, деган. Палид афсунлар билан дўстлар ўртасини бузишга ҳаракат қилувчилар шаррорат (ёмон)лар дебдилар. Бу таъвилга кўра, ояти кариманинг маъноси: “Эй Муҳаммад, гап ташувчиларнинг ёмонлигидан Парвардигорга сиғинаман дегил”.

Аллоҳ таолонинг бу оятида “наммом” – чақимчидан мақсад Аннаффаасаати фил ъуқод таъбир қилмоқ бу сабабга кўра, сўз ташувчи ипларни тугун қилиб, унга дам урадиган киши сеҳр қилувчига ўхшайдир. Чунки сеҳр қилувчилар эр билан хотиннинг ўртасидаги муҳаббат риштасини, улфатчилик боғичини бузиш ирода қилинади. Ипларни тугиб, азайимхонга бориб дам урдириб, ўртани бузади. Ўша дам урилган тугунлар билан эр-хотин ўртасидаги муҳаббатни узиб, душманчилик пайдо қилади. Ушбу мисолларга кўра чақимчи, гап ташувчи сеҳргар кабидир. Чақимчилик қилувчи кимса икки дўст ўртасида бўлган ва муҳаббат боғичини чақимчилик афсуни бузиб, дўстликни душманликка айлантиради. Шу сабаб суханчин, чақимчи Аннаффаасаати фил ъуқод ибораси билан таъвил қилинган.

Суханчин ёлғон сўзлар билан, икки дўст ўртасида порлаб турган кўнгил нурини қоронғи кечанинг зулматига айлантиради. Йўлда кетаётган одамларни йўлларидан адаштириш ёки йўлдошларидан айирилишларига сабабчи бўлади.

Мана шундай ишлар сабаб суханчин, наммома (чақимчи)лар ёмонлигидан паноҳ тиламоқ амр қилинди. Қоронғи кечанинг қоронғилигидан паноҳ сўрагандан сўнг зикр қилинмоғи суханчиннинг ёмонлиги қоронғи кеча каби эканлигидадир.

Суханчиннинг ёмонлигидан сақланмоқ ниҳоятда оғир, душвор ишдир. Чунки чақимчи бир инсоннинг сўзини унинг дўстига етказади.  У инсон наммоманинг сўз ташиганидан хабарсиз бўлади. Наммомнинг сўзини эшитган дўст нима дейиш ва қилишни билмай ҳайрон ва паришонҳол бўлади. Унинг сўзини рад қилай деса, баъзи сўзлари ростга ўхшайди. Бу сабабдан уни  ёлғончи дейишга сўз топмайди ва шубҳалар ичида қолади. Дўстига муҳаббат ўрнинг душманлик эгаллайди. Муҳаббат ўрнини нафрат эгаллайди ва ажраб кетадилар. Бузғунчи чақимчининг ҳаракати боис шундай адоват келиб чиқади. Албатта, бу кабиларнинг ёмонлигидан қутилмоқ учун улуғ қувват эгаси Аллоҳ таолога сиғинмоқ ва паноҳ сўрамоқ ва чақимчининг ёмонлигидан ўзига сиғинмоқга амр қилди.

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

5-мақола

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!