“Фалақ” сураси тафсири (7-мақола)

23:00 20.10.2018 316

"وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ"

Ва яна дегилки, Парвардигори оламга сиғинаман, ҳасад қилувчининг шарридан, қачоники, у ҳосид ҳасадини изҳор қилиб, ёмонлик истар”.

Изаа ҳасадни  қайд этмоқликнинг сабаби, ҳасадчи ҳасадини изҳор айлаб, ҳасад қилинган инсонга зарар етиб, ҳасадининг қурбони бўлсин дейди. Аммо ҳасадини кўрсатмаса, маҳсуд (ҳасадланган)нинг зарарига ҳаракат қилмаса-да, унга етадиган хурсандчилик ва яхшиликни кўрса ғамгин бўлади.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Ёмон хулқлар ичида ҳасаддан ёмонроқ хулқ йўқки, у хулқ маҳсуд (ҳасадланган)дан олдин ҳосидни ўлдиради”, – дебдилар.

Демишларки: “Ҳасад дунё ва охиртда яхшилик кўрмас, балки икки дунёда хорликка учрар, ҳасадининг зарари ўзига қайтадир”.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳасад қилинувчига ҳасадчининг ҳасади етишдан илгари ҳасадчининг ўзига уқубат етади.

Биринчидан, узилмас ғам. Иккинчидан, ажр ва савоби ўрнига  мусибат ва алам етади. Учинчидан, халқ ичида мазаммат ва ёмонотликка учрайди. Тўртинчидан, Парвардигори оламнинг ғазабига сазовор бўлиб, бахтсизликка йўлиқади. Бешинчидан, тавфиқ эшиги юзига урилиб. Хайр ва нажотдан ноумидликда қолади”, – дебдилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳосидга етадиган уқубатлар уқубати сенга етган хурсандчиликдан ғамгинликдан алам чекади”, – дедилар (ғамгинлик энг катта дард ва уқубатлардандир).

Шоир демишки:

Ҳасадчининг ҳасадига сабр қил,
Албатта, сенинг сабринг қотилидир.
Гўё олов ейди (ўтиннинг) баъзисин,
Емоққа ҳеч нарса топмаса, имонни ейди.

Ҳасад Аллоҳ таоло тамонидан бир инсонга илоҳий ато (неъмат) қилинган молу давлатнинг зоил (йўқ) бўлишини орзу қилишдир. У диний ёки дунёвий давлат бўлишидан қатъи назар, ҳосид (ҳасадчи)  у неъматнинг зое бўлиши учун ҳаракат қилсин ёки орзу қилсин мутлақ унинг заволини истайди. Ҳосид унинг йўқ бўлиши учун ҳаракат қилса, золим бўлади. Агар унинг заволига ҳаракат этмаса, ҳасадини очиқ изҳор этмаса, ёмонликка олиб борадиган нарсаларни таъкид қилмоққа сабаб бўлмаса, бас, бу тўғрида у кишининг ҳолига назар қилинади. Ҳосиднинг ўз ҳасадини кўрсатмоққа боис ожизлиги бўлса, имкон ва қудрат топса, уни амалга ошириши маълум бўлса, у ҳосид ва гуноҳкор бандадир. Агар банда ҳасадини изҳор қилишга моне нарса тақво ва Худонинг ғазабидан қўрқиш бўлса, бу киши маъзурдир (молу дунёси кўп киши уни ҳаром ишларга зарфлаб, гуноҳларни кўп қилса, инсофга келмаса, унинг моли зое бўлишини ва ҳаром амаллардан тўхташини орзу қилиб ҳасад қилмоқ маъзурдур).

Абдурраззоқ ривоят қиладилар: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч хислат борки, ҳеч кимса ундан саломат эмас – тийраҳ, гумон ва ҳасад. Асҳоби киром сўрдики: “Ё Расулуллоҳ! Ушбу уч хислатдан қутулмоқнинг йўли қандай?”  Расулуллоҳ: “Қачонки тийрага мубтало бўлсанг, мақсадингдан қайтма, қачон кўнглингда гумон пайдо бўлса, гумоним ҳақ дема, қачон ҳасад қилсанг, саркаш ва золим бўлма”, – дедилар”.

Ҳасан Басрий раҳмаҳуллоҳ дебдурлар: “Ҳеч бир одам йўқдирки, ҳасади бўлмаса! Кимки ҳасадда боғий ва зулмда тажовуз қилмаса, у ҳасаддан унга ҳеч бир зарар етмайди”.

Аллоҳ асрасин, ҳосиднинг зикр қилиниши, бир ҳайвон иккинчисига етказадиган катта зарарга қиёслангандир. Зарарга олиб борадиган асбобларнинг барчасига сабабчи ёмон хулқ – ҳасаддир.

Агар ўйлаб қаралинса, ҳамма ёмонлик сифатига эга ёмонликлар ёмони, энг хабис ва палид, оламдаги ёмонликлар шаррига боис, энг ёмон хулқ бу ҳасаддир.

Бундай шум сифат бўлган ҳасад энг катта зарари ҳасадчининг ўзига бўлади. Бундан парҳез этиб, бу касалликнинг муолажасига киришиш ҳар бир инсоннинг бўйнидаги одамийлик вазифасидир. Чунки ҳасад инсонни ниҳоятда катта душворлик, ғамгинлик ва афкорликка туширади. Агар тадаббур билан қаралса, шубҳасиз билинадики, Аллоҳ таолонинг рубубиятига очиқ хусумат (душманлик) қилмоқдир. Ғайбларни билувчи Аллоҳ таоло ўз илми ва ҳикмати билан ўз фазл хазинасидан бир бандасига неъмат ато қилган қисматига хусумат қилмоқдир ва тақсимга рози бўлмасликдир. Қуръони каримдаги “Ёки улар Роббингнинг раҳматини тақсимлайдиларми? Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз. Роббингнинг раҳмати улар жамлайдиган нарсадан яхшидир” (“Зухруф” сураси, 32-оят) оятига ишонмасликларига ишоратдир.

Машойихларнинг баъзилари айтубдирким: “Ҳосид Аллоҳ таолонинг қазоси (тақдир ва ҳукми)га мункирдир. Чунки у ягона Парвардигорнинг қазосига рози бўлмади”.

Ҳукомалар демишларки: “Иймонни маҳв (ажраш) бўлишида, номус пардасини йиртилишида ҳеч нарса ҳасадга баробар эмасдир”.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ҳасадчи Аллоҳ роббил аъламиннинг ҳикмати билан бўлган ҳукмига унамасдан қарши турувчи, Худонинг бандаларига жафо ва ситам қилувчидир. Парвардигори таолога мажбурлашни ихтиёр қилувчи кабидир. Аллоҳ таолонинг неъматларини нуқсонли санаб, зиёда беришини ўзгартириб юборган дейди. Яъни кўп ва камнинг тақсимотини ўзгартирган деб ҳисоблайди. Адл билан қилган ҳукмини жабр деб гумон қилади. Ҳосиднинг  ҳоли  ўзгаларнинг ҳолидан умуман бошқачадир. Ҳосид кечалари сокин ором олиб, тинч ухламайди. Ўзим яхши яшасам деб, фақат ўз манфаатини кўзлайди. Аллоҳ таоло унга берган неъматларни паст ва кам санайди. Тақдир илоҳий билан одамлар ўртасида жорий бўлиб турган ишларни кўролмайди. Қалбидаги оташ ҳасади сўнмайди. Унинг макр ва шарридан омонда бўлмоқ осон эмасдир. У билан ўзаро ислоҳ истасанг, у сен билан уришмоқни истайди. Агар сен убилан алоқа қилмоқ истасанг, у сендан қутулмоқни истайди. Агар сен узоқлашишни истасанг, у сендан олдинроқ узилади. Ҳосили калом, ёмонлар ичида ҳосиддан ёмонроқ шарир йўқдир. Чунки инсонни ҳеч бирини ўзидан рози қилмоққа қодир эмасдир.

Муовия розияллоҳу анҳу айтибдирки: “Ҳар инсонни рози ва хушнуд қилишга қодирман. Аммо ҳосидни эмас, уни  давлатимнинг заволидан бошқа нарса хушнуд қилмайдир”.

Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ида бир ҳикоят бор: “Султон Ағлимаш саройида бир сарҳангнинг ўғли бор эди. Ақлу фаросатда васфдан зиёда бўлганидан султоннинг назарига тушган эди. Ул сарҳингзоданинг қурб ва мартабасига абнои жинсий ҳасад айлаб, унга ҳар турли бўҳтонларни қилдилар. Бир кун султон:  “Буларнинг сенга душманлигининг сабаби нима учундир?” – деди. У жавоб бердики: “Жаноб султонимнинг сояи давлатларида ҳаммани хушнуд айладим. Фақат ҳасадчини эмас, уни менинг неъмат ва мансабим зоил бўлмоғидан бошқа иш билан хуш бўлмайдур”.

Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

6-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!