“Фалақ” сураси тафсири (8-мақола)

23:00 22.10.2018 362

Акобирларнинг баъзиси айтибдурки: “Ҳосидни ўзингга дўст тутаман деб ҳаргиз кулфат чекма, уринма, у сенинг яхшилигингни қабул қилмайди”.

Ҳукомолар демишлар: “Расулуллоҳ сўрадилар: “Душманларингдан қайси бирини ўзингга чин дўст деб биласан?” Жавоб бердиларки: “Менга берилган неъматлар молу давлатимни зоил бўлишни орзу қилмаганни дўст деб билурман”.

Ҳеч бир шубҳасиз аён бўлдики, ҳосид маҳсуднинг вужуди ва неъматининг бутунлай заволини истайдиган шарир, анид ва ҳам ўз ҳасадини изҳор қилган ҳолда ҳеч важҳ, сабаб билан уни рози қилмоқ, ҳасад қилинганнинг қўлдин келмайди. У энг зарарли палиддур. Шундай бўлгач, шу боис бу каби душмандан паноҳ тиламоқ зарурдир. Албатта, бу бадхоҳ душманнинг адовати ғоятда қаттиқ, ҳийласи ўта махфий, макри энг дақиқ ва зарарлик бўлгач, ундай ҳасадпешанинг шарридан қутулмоқ учун сиғинадиган, илтижо қилинадиган Парвардигори олам даргоҳидан паноҳ сўралинади. Аллоҳ таоло ҳосиднинг шарридан ўзига сиғинмоққа амр қилди.

Ибн Можа ва Абу Довуддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам дебдилар: “Ҳасаддан парҳез қилинглар! Ҳасад шубҳасиз ҳасонотларни, яъни яхши амалларни ейди. Олов ўтинни еганидек (олов ўтинни ҳар қанча кўп бўлса ҳам, куйдириб йўқ қилганидек, ҳасад барча ҳасанотларни еб йўқ қилади).

Деҳлавий Муснадул Фирдавсда Муовия ибн Ҳайдадан ушбуни ривоят қилибди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдилар: “Ҳасад иймоннинг ҳаловатини фосид қилади. Собр (алоэ) асалнинг таъмини бузганидек”. Ҳасад ёмон бир бадхулқки, Аллоҳ таолонинг “Ва мин шарри ҳаасидин изаа ҳасад” оятининг ўзи кифоя қилади. Шу боис кўплаб ҳадисларни далил қилиб келтирмоққа ҳожат ҳам йўқ.    

Энди бу бад хулқнинг ҳаром ишлар жумласидан ва қалб касалининг улуғидан бўлгандан сўнг инсонга ундан парҳез қилмоқнинг зарурлигини ва бу маразнинг даъво ва иложининг озроғини баён қилмоқ лозимдир. Ислом аҳлига билишлари лозимдурки, ҳасад оғир қалб касаллигидир. Қалб касаллигининг давоси эса ундан қутилиш илмини ва амалини ўрганиш зарур. Ҳасад дардининг давоси учун фойда нималиги қидириш керак. Ҳеч шаксиз билгилки, ҳасад ҳасадчига дунёвий ва ухровий жиҳатдан зарар қилади. Ваҳоланки, ҳасад қилинганга на дунёвий ва на ухровий жиҳатдан ҳеч зарар қилолмайди. Зеро, ҳасадчининг сабаби билан маҳсуснинг неъмати асло зоил бўлмайди. Агар ҳосиднинг ҳасади билан маҳсусдан неъматлар зоил бўладиган бўлса, албатта, дунёда ҳеч бир кишида неъмат берувчи Аллоҳ таоло ато қилган неъматдан бирор асар боқий қолмас эди. Ҳатто иймон неъмати ҳам мўминлардан зоил бўлар эди. Зеро, кофирлар аҳли имондан имон гавҳари зоил бўлмоқни орзу қиладилар. Қуръони каримда кўплаб оятларда бу маънилар баён қилингандир. Балки у ҳосиднинг ҳасади билан маҳсуд ухровий жиҳатдан фойдаманд бўладир. Зеро, маҳсуд ҳосид тамонидан мазлумдур (унинг неъмати илоҳий билан хосланганганига зулм қилмоқда). Хусусан, ҳосид ҳасадини очиқча кўрсатиб, ғийбатгўйлик айблаш каби катта зарар ва алам билан ҳасад қилинганга зарар бермакка ҳаракат қилса, унинг бу иши маҳсудга юборган совға ва ҳадияларидир. Бу иши билан ҳасадчи маҳсудига ўзининг ҳасанот амалларини ҳадия қилади. Ҳатто қиёмат куни барча неъматлардан у маҳрум бўлиб, муфлислик ҳолида даргоҳи илоҳийда шармандалик билан туради. Дийдаи басоратидан пардаи жаҳолат кўтарилан ва дил ойнасидан нафсоният занги кетган, ҳақилини истаган инсон ушбу маънини  ўйласа, ҳасад шумлигидан ўз нафсига беомон душман бўлиб, душманига энг шафқатли дўст эканини тафаккур қилса, ҳасаддан умуман юз ўгиради. Ҳасад сабаби билан рутбаи азимага гирифтор бўлмоқдан айлаб қатъиян ҳасаддан узоқ бўлиб, ундан сақланади. У рутбаи азима будирким, ҳосид Аллоҳ ҳакимнинг ҳикматига мабний бўлган ҳукм  ва тақдирига хуш тамкинлик билан эътироз қилади. Парвардигори оламнинг қисмат ва адлини ёмон кўради. Бу иш эса катта жиноятдир. Шубҳасиз, ихлос ва тавҳидга мухолиф зарар етказувчидир. Дини Исломга жиноят бўлмоғига ушбу иш кифоя қилади. Бу иш ислом динига нима учун жиноят бўлмасин? Ҳосид ўз бадхулқи сабаб Аллоҳнинг бандаларига неъмат ва етказмоғини дўст тутувчи анбиё, авлиё ва уломои оламнинг йўлларидан айрилиб, мўминларга бало ва ҳаводис ва паришонлик ва заволи неъмат етмоқни хоҳлагувчи иблис ва шайтонлар йўлига шерик бўлмишлар. Шубҳасиз, инсоннинг кўнглида ўрнашган бундай хабисликлар, олов ўтинни куйдириб йўқ қилгандек, инсоннинг ҳамма яхши амалларини йўқ қилади.

Ҳасаднинг диний зарарига қўшимча дунёвий зарари ҳам бор. Ҳасадчи маҳсудининг давлат ва неъмат ичра кўргандан унинг ғам ва андуҳи ортиб, руҳи ва ақли нуқсонда бўлишини истайди. Ушбу зикр қилинган офатларнинг барчаси ҳасаднинг офатларидандур. Ҳосид доим тангдиллик ва паришонхотирлиқда ва ғам-андуҳ ичида бўлади.

Бас, шундай экан, эй биродар, агар ҳосиднинг қиёмат кунида тирилиш, ҳисоб-китоб учун турғизилишига имони йўқдир. Шундай бўлгач, эҳтиёт бўлиш, ақл тақозоси билан иш қилмоғинг лозим эмасми? Ақл тақозоси билан иш кўрмасанг, охират азобидан илгари дунёда етишадиган уқубатларга учрашингни ўйлаб кўр! Таҳқиқ билгилки, дунё ва охиратда ўзингга азобни хоҳлаб, ҳар икки оламда душманингга фойда етадиган ёмон иш қилмоқ билан халқ олдида нафратга учраб, Холиқ таолонинг наздида дунёда бадбахт банда бўлмоқни ихтиёр қилмоғинг ва ўзингга омонсиз душман, душманингга дўсти меҳрибон эканингга далилларни кўрдинг.  Ҳасаддан тийилиш, раҳматига интилиш, истиғфору тавба эса ҳасад касаллигига бўладиган даъводир.

Аммо у касалликни кеткизувчи яна бир даво маҳсуд билан муомала-маслаҳатда ҳасад тақозо қилган нарсанинг зиддини қилмоққа ўз нафсингни кўндиргин. Замм (гуноҳ)ни мадҳ (мақтов)га, такаббурликни камтарликка, қўполликни мулойимликка ва меҳрибонлик кўрсатишга, шубҳада ҳар қандай ёмон ахлоқ ва феълларни унинг ҳасад беморлигининг зидди бўлган яхши хулқ ва феълларга алмаштиргайсан. Бу амаллар сабаб ҳасад касаллиги заифлашади. Ҳусни хулқинг зиёда бўлгани сари ҳасад дарди бутунлай йўқ бўлади.

Танбеҳ. Аллоҳ субҳанаҳу бу сураи муборакда олам халқи ичига дохил барча махлуқотнинг ёмонликларининг шарридан паноҳ сўраб, Парвардигори оламга илтижо айламоқни ўз пайғамбарига амр қилибдур. Лекин ҳақиқатда ёмон амалларнинг пайдо бўлишидан паноҳ сўрамоққа амри Ислом умматига омматандир. Бундай хабис ишлардан узоб бўлиш, сақланиш, қайтарилган манфур ишларни тарк этмоқни ўзларига тавсия ва таълим бермоқни мақсад қилди.

Эй мусулмонлар, ушбу сураи шарифа Қуръони каримнинг қисқа сураларидан бўлса-да, бутун олам халқи ичида бўлган барча ёмонликлардан, хусусан, мазаммат қилинганларнинг энг ёмони бўлган баъзи палид хулқлардан сақланмоқ амрини ўз ичига олганлигига эътибор беринг. Нақадар гўзал самовий сураи шарифа, ажойиб илоҳий насиҳат ва мавъизалардир. Бас, биз аҳли Исломнинг бундай ояти карималарнинг мағзи ва мазмунини ечиб, ғафлатда қолмаслигимиз лозим.

Аллоҳ субҳанаҳу юқорида зикр қилинган шайтонсифат йўлдан оздирувчи сифат гумроҳ ва ҳийлабозларнинг ёмонлигини Ислом аҳли орасидан узоқ қилсин. Амин, амин. Аллоҳнинг инояти билан сураи “Фалақ”нинг тафсири Унинг инояти билан тамом бўлди.


Муҳаммад Зариф ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

7-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!