Исроилнинг солиқ тушумларини ушлаб қолиши ва коронавирус пандемиясининг зарари оқибатида май ойида Фаластин ғазнаси 90 фоиз даромаддан маҳрум қолди.
«Анадолу» агентлиги хабарида айтилишича, Фаластин ҳукумати давлат ташкилотлари ходимларига маош тўлай олмаяпти, хусусан, 135 мингга яқин ходим ҳали ҳам маош олмаган.
Ҳукумат вакили Иброҳим Мулҳим маош бўйича қарздорлик ҳақида ҳеч нарса дея олмаслигини, чунки ғазна бўшлигини айтган. Молия вазирлиги маълумотига кўра, солиқ тушумларидан ҳар ой ғазнага 110 миллион келар эди, пандемия шароитида тушумларнинг 60 фоизи қисқарган.
Ўтган ойда Фаластин бюджетига 68 миллион доллар келиб тушган, шундан 28 миллион долларини донорлар ажратган. Бир ойлик давлат харажатлари эса 300 миллион долларни ташкил этади.