Таҳлил

Фаластин ЖАРнинг хатоларини такрорламаслиги лозим

881

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ва бошқа барча мустамлака давлатлар бошига солинган кулфатларни бугун Исроил ўз амалиётига жорий қилмоқда. У Фаластинда инсон ҳуқуқларини поймол қилиб, ўз манфаатларини илгари суриш учун ирқий бўлиниш ва этник тозалаш сиёсатига зўр беряпти, қачонлардир ЖАРда инглизлар ва голландлар ҳам айни шу усулдан фойдаланган эди.

Табиийки, Фаластин озодлик дискурсида ЖАРдаги апартеидга қарши оммавий кураш тўғрисида ҳам сўзлар бор, «Фаластин бойкот, ажралиш ва санкциялар» ҳаракати ҳам шу кураш модели атрофида ташкиллаштирилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ЖАРда юз йиллаб давом этган голланд ва инглиз мустамлакачилиги ҳамда апартеидни йўқ қилиш йўлидаги курашлар мақтовга сазовордир. Уларнинг бошига сон-саноқсиз уқубатларни солганларни охир-оқибат мағлуб этиш тарихий жасорат ва фаластинликлар учун ижобий мисол ҳисобланади.

Аммо ЖАР тажрибасидан фойдаланишга шошилишда фаластинликлар иккита жиддий хатога йўл қўймоқда.

Биринчидан, фаластинликлар кўпинча ЖАРдаги апартеидга қарши кураш йўлларини нотўғри талқин қилишади ва бунга муттаасибларча ёндашишади. Иккинчидан, фаластинликлар ва уларнинг тарафдорлари апартеид расман бекор қилиниши билан Жанубий Африка Республикасида автоматик равишда демократия ва тенгликнинг янги асри вужудга келган деб ҳисоблашади.

Бундай тушунчалар эса шунга ўхшаш ҳуқуқий ғалабага эришиш Фаластиннинг барча муаммоларини ҳал қилиши ва ягона давлат ечими учун йўл очиши мумкинлиги ҳақидаги нотўғри тахминларга олиб келади.

Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, апартеид тизими емирилгандан кейин ЖАР халқлари қаршисида пайдо бўлган биринчи муаммо бу зулм ва тазйиққа асосланган режим куллари узра янги бир миллатни барпо этиш бўлган.

ЖАРлик олимлар Наим Жинаҳ ва Салим Велли томонидан ёзилган «Этник миллатчилик чегараларидан ташқарида: Жанубий Африка Республикаси тажрибаси» асарида жумладан шундай дейилади: «Мустамлакачилар ва мустамлака давлатлар учун ягона келажак фақат янги бир миллатни шакллантиришга эришилганда пайдо бўлади. Шундай экан, янги бир миллат қатламини шакллантиришни иккинчи даражага қўйиш ёки бу жараёни кечиктиришга уриниш даҳшатли хато бўлган бўларди. Бу хато бир вақтлар ЖАРнинг янги даври ҳукумати томонидан амалга оширилди, энди эса улар шу хатонинг бадалини тўламоқда».

Дарҳақиқат, ЖАРдаги апартеиддан кейинги ҳукуматлар бирдамлик ва диверсификацияга алоҳида эътибор қаратган бўлсалар-да, миллатни бирлаштириш учун бу етарли эмас эди.

Йоханнесбург университетининг жамоатчилик, катталар ва ишчилар таълими кафедраси тадқиқотчиси Энвер Мотала таъкидлаганидек, «ЖАРда апартеид қонун йўли билан бекор қилингандан кейин янги ҳукумат конституцияда либерал демократия, инсон ҳуқуқлари ва ҳатто давлат рамзларигача мустаҳкамлаб қўйди, аммо ижтимоий тузилиш ва тарихан илдиз отган ҳокимият схемаси эса эътибордан четда қолаверди».

Буни ўша давр сиёсий идеалида демократияни жорий қилиш орқали давлат ва миллатни шакллантириш мумкин деб ҳисоблангани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Таниқли журналист ва сиёсатшунос Карима Браун таъкидлаганидек, 1994 йилдаги демократик ютуқ фақат демократияни чуқурлаштириш, ҳамманинг тенглигини тарғиб қилиб, ирқчиликка қарши тартибни қуришдан иборат эди.

Жаҳон банки яқинда ўтказган тадқиқотда ЖАР дунёдаги энг иқтисодий тенгсиз мамлакат сифатида эътироф этилган. Бу айни ҳақиқат. Чунки демократик тарзда сайланган ЖАР ҳукумати 1994 йилдан кейин амалиётга татбиқ қилган ҳамда мамлакат ҳудудида ҳамон ўз мавқеини салқаб қолган нео-колониал кучларга алоқадор иқтисодий модел айни шу асосда қурилган.

Бир сўз билан айтганда, апартеиднинг тугатилиши ЖАРда синфий шаклланиш ва ҳокимият муносабатларини ўзгартира олмади, чунки апартеиддан кейинги даврда ҳам барча демократик ислоҳотларга қарамай давлатдаги синфий характер сақланиб қолди ва ЖАР жаҳон бозоридан четда қолаверди.

«Ирқчиликка асосланган камситувчи қонунлар олиб ташланган бўлса-да, жамиятдаги тенгсизлик 1994 йилдагига қараганда баттарроқ авж олса олдики, асло камайгани йўқ. Анъанавий оқ капиталистлар, глобал капиталистлар, қора ўрта синф қатлами ва бошқалар бугунги кунда кўпчилик ҳисобидан фойда олишда давом этмоқда», – дейди Валли.

Африка-Яқин Шарқ маркази тадқиқотчиси Маҳлазе Мипя ЖАР ҳукумати ер қора танлилар учун нимани англатишини тушунишга қодир эмаслигидан шикоят қилганди. Зеро, ер қора танли ЖАРликлар учун ўзига хослик, мероснинг ажралмас қисми ва ўз тарихининг асло воз кечиш мумкин бўлмаган дурдона парчаси демакдир.

Шу сабабли ЖАР халқлари пост-апартеид даврда ер ўзларига қайтарилишини кутишган эди, аммо Африка миллий конгресси йиллар давомида бу истакни амалга оширишдан қочиб келди. Бу ҳаракат билан конгресс чет эл сармояси ва ёрдамидан маҳрум бўлишдан қўрқди десаям бўлади, шу сабабдан ерни оқлардан тортиб олишни эмас, улардан ўзига тегишли бўлган жойларни сотиб олишга интилди. Яқинда ҳукумат компенсациясиз ерларни миллийлаштириш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Аммо ҳозирча бу қонуннинг келажаги ҳақида бир нима дейиш қийин.

«Ер ҳамон мунозарали масалалигича қолмоқда ва токи ҳукумат хорижий сармояларни халқнинг хоҳишларидан устун қўяр экан, бу масала ҳал бўлмайди ҳам», – дейди Мипя.

Шунингдек, ўртада тазйиқлар ва қатағонлар масаласи ҳам бор. ЖАР тажрибаси шуни кўрсатадики, апартеиднинг расмий равишда тугатилиши давлат қатағонлари ва мажбурлашларининг тугашини англатмайди. Гарчи ЖАРнинг хавфсизлик аппарати амалга ошираётган зўравонликлар олдинги даврдан фарқ қилса ҳам, унинг фожиали оқибатлари бир хил.

Шундай экан, фаластинликлар ЖАРдаги апартеидга қарши курашни кўр-кўрона ёқлаш ва унга эргашишдан олдин бугун бу мамлакатда рўй бераётган воқеаларга диққат қилишлари лозим. Зеро, апартеиддан кейинги давлат қурилиши, иқтисодий зулм ва эндемик зўравонлик каби масалаларнинг барчаси Фаластин озодлик стратегиясида диққат билан кўриб чиқилмаса, оқибати ҳалокатли бўлиши тайин.

Агар Фаластин халқи Тель-Авивнинг апертаид сиёсатини тугатиб, Фаластин ва исроилликлар ўртасида ер ва барча ресурслар тенг тақсимланадиган ёрқин келажакни барпо этишни истаса, ЖАР халқи йўл қўйган хатолардан хулоса чиқариши шарт.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Татаристон Мусулмонлари Диний бошқармасининг "Бир кунлик мактаб" лойиҳасига ишга қабул қилиш давом этмоқда

213 16:30 11.10.2019

Пензада мадраса талабалари учун хайрия тадбири ташкил этилди

205 07:00 10.10.2019

Дунё мусулмонлари: Босния. Сребреница хотиралари сўниб бормоқда

689 16:05 07.10.2019

Швецияда хатнани тақиқлаш таклиф этилди. Мусулмонлар ва яҳудийлар норози

1492 12:25 03.10.2019

Грузия суди мусулмонларнинг ҳуқуқлари камситилганини тан олди

571 18:30 02.10.2019
« Орқага