Фаластин президенти Маҳмуд Аббос кеча, 15 январь куни парламент ва президент сайловлари кунини белгилаш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Фаластиннинг расмий WAFA агентлиги хабар тарқатди.
Фармонга биноан жорий йилнинг 22 май куни Фаластин қонунчилик кенгашига (бир палатали парламентга) сайлов бўлиб ўтади. Президент сайлови 31 июлга, Миллий кенгаш сайлови эса 31 августга белгиланди.
Аббоснинг айтишича, парламент сайловининг муваффақиятли ўтиши Фаластин озодлик ташкилотининг олий органи ҳисобланувчи Миллий кенгашни шакллантиришнинг биринчи босқичи бўлади. 740 аъзодан иборат мазкур кенгаш ҳам мухторият ҳудудида, ҳам чет элларда яшайдигн фаластинликларнинг вакиллик органи саналади.
Фаластинда 2006 йилдан бери сайлов ўтказишнинг иложи бўлмаяпти. Ҳолбуки, парламентнинг ҳам, президентнинг ҳам ваколат муддати аллақачон ўтиб кетган. Сайловларни бир неча бор кечиктиришга тўғри келди.