Фаластиндаги 10 та қадимий масжид

06:30 01.03.2018 967

Фаластин ерларида қурилиши узоқ асрларга бориб тақаладиган бир қанча тарихий бинолар ҳамон сақланиб қолган. Фаластин ерларида масжидлар қурилиши мусулмонларнинг иккинчи халифаси Умар ибн Хаттоб даврида, минтақанинг фатҳ қилинишидан сўнг бошланган. Бу даврдаги масжидлар соддалиги билан ажралиб турган. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларига келиб бу анча ривожланди. Бу даврда масжидлар қурилишида тош ва гипсдан фойдаланилган.

Уммавийлар давридан бу янада ривожланди. Энди масжид ҳовлиси томини кенгайтириш, устунлар қуриш, масжид саҳнасида фаввора қуриш бошланди. Бу даврда масжидлар йирик ва бетакрор тус ола бошлади.

Қуйида Фаластиндаги Масжидул Ақсо соясидаги 10 та энг муҳим қадимий масжид ҳақида маълумот берамиз.

1. Умарий Кабир масжиди

Бу масжид Ғазо секторидаги энг қадимий масжид саналади. У Қадимий Ғазо марказидаги эски бозор яқинида жойлашган. Масжиднинг умумий майдони 4100 квадрат метрни ташкил қилади. Масжиднинг мармар билан безатилган 38 та устуни мавжуд. Уларда Ғазо шаҳридаги қадимий меъморчилик санъати намоён бўлган.

Биринчи жаҳон уруши даврида масжид харобага айланган. Унинг катта қисми вайронага айланиб, минораси қулаган. Масжид 1926/1345 йил мукаммал қайта таъмирланди. Эскисидан ҳам каттароқ қилиб қурилди.

Ушбу Умарий Кабир масжиди кутубхонаси билан алоҳида эътирофга лойиқ. Унда илм-фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб қўлёзмалар мавжуд.

2. Саййид Ҳошим масжиди

Бу масжид ҳам Ғазодаги энг қадимий ва мустаҳкам қурилган масжидлардан саналади. Ушбу масжид Қадимий Ғазониниг шимолида жойлашган. Умарий Кабир масжиди билан орасини тақрибан бир километр ажратиб туради. Фаластин энциклопедиясида келтирилган маълумотларга кўра, масжид қурилиши Мамоликлар даврига тўғри келади. 1830/1266 йилда Усмоний султон Абдулмажидхон даврида қайта таъмирланган.

Тарихий маълумотларга кўра, олдин масжид ичида мадраса ҳам бўлган. Мадрасани Фаластиндаги Олий Исломий шаръий кенгаши вақф молларидан ташкил қилган. Биринчи жаҳон уруши даврида бомба тушганидан кейин харобага айланган.

Саййид Ҳошим масжиди катталиги жиҳатидан Умарий Кабир масжидидан кейинги ўринда туради. Унда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Ҳошим дафн қилинган деб ишонилади.

3. Умар ибн Хаттоб масжиди

Тарихчилар ушбу масжид ҳижрий 18-20 йилларда қурилган деб ривоят қилишади. Лекин бу борада энг тўғри сўз ҳижрий 15 йилдир. Айнан шу йилда Фаластин ҳудуди фатҳ қилинган.

Масжид ёғоч ва дарахт томирларидан бино қилинган. У квадрат шаклда жуда сода қилиб қурилган. 3 минг нафар намозхонни сиғдирган.

4. Қуббатус Сохро масжиди

Қуббатус Сохро қурилиши умавийларнинг бешинчи халифаси Абдулмалик ибн Марвон даврида ҳижрий 68 йил бошланиб, ҳижрий 72 йил ниҳояланган. Масжид айлана шаклдаги бино устига айлана гумбаз шаклида қурилган. Масжиднинг айлана биноси бўйлаб 16 та деразаси бор.

Қуббатус Сохро архитектураси, шакли ва безаклари билан дунёни лол қолдирган энг кўркам бинолардан бири деб танилган. Дуёда бунга ўхшаган бино топилмайди. Бу Абдулмалик ибн Марвон қурдирган энг гўзал масжидлардан бири.

5. Иброҳимий масжиди

Ушбу масжид тарихи жуда узоққа – Иброҳим алайҳиссалом аёллари Сорани дафн қилиш учун ер сотиб олишларига бориб тақалади. У зот ўзлари ҳам вафот этганларидан кейин айнан шу ерга дафн қилинганлар. Кейинчалик ўғиллари Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг аёллари ҳам шу ерга дафн қилинган.

Милоддан аввалги 1 аср охирларида Қуддус ҳокими масжид атрофини қўрғон билан ўраб олади. Мазкур девор тошлари ҳалигача сақланиб қолган.

6. Жаззор масжиди

Жаззор масжиди яшил гумбазининг баландлиги ва кўркамлиги билан эътиборга моликдир. У шаҳарнинг қўриқчиси ва ўзлигини акс эттиргандай кўриниш беради. Шаҳардаги асосий жума хутбаси шу ерда ўқилади. Уни усмонийлар даврида 18-асрда ҳокими Аҳмад пошо Жаззор қурдирган.

Масжид усмонли услубида қурилган. Масжид саҳнасида асосчисининг сағанаси бор. Масжид атрофини хоналар ўраб олган. Бу хоналардан 1948 йилгача кўплаб фаластинлик зиёлиларни тарбиялаган Аҳмадийя мадрасаси талабалари ётоқхона сифатида фойдаланган.

7. Жомиул Кабир

У шунингдек, халқ орасида Жомиус Солаҳий деб ҳам танилган. У Нобилисддаги энг катта ва энг машҳур масжид ҳисобланади. Шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган. Аслида у милодий 6 асрда қурилган черков бўлган. Уни Салоҳиддин Айюбий масжидга айлантирган.

8. Жомиул Ходрў

Нобилис шаҳридаги Ёсимийна маҳалласида жойлашган. Масжид жойлашган ерда Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссаломни йўқотганларига хафа бўлганлар.

Масжид тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, узунлиги 87 хутвани ташкил қилади. Бугунги кунда масжид боғлар орасида жойлашган. Масжид саҳнасида ҳовуз ҳам бор. Шунингдек, масжиднинг бежирим меҳроби ва тўртбурчак минораси бор. Масжидда намоз ўқиш учун 300 квадрат метр ажратилган.

9. Жомиул Бийк

Нобилис шаҳри марказида жойлашган. У аҳоли орасида Жомиул Айн номи билан ҳам танилган. Масжид аслида черков бўлган, усмонийлар даврида масжидга айлантирилган. Ҳижрий 1158 йилда масжид биносини Иброҳимбек Туқон янгилаган. Кейинчалик унинг ўғли Мустафо пошо масжидни кенгайтирган. Масжидниниг ўнлаб хоналари бўлиб. Унда толиби илмлар дарс қилишган.

10. Жомиул Абяд

Фаластиндаги энг машҳур масжидлардан бири бўлиб, уни Сулаймон ибн Абдулмалик қурдирган. Кейинчалик Салоҳиддин Айюбий даврида масжид биноси янгиланган. Салоҳиддин Айюбий масжидга қўшиб гумбаз ва минора ҳам қурдирган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!