Фаластинлик Валид Ҳаттоб Ғазолик фақирларга бепул ёрма тайёрлаб бермоқда (видео)

14.06.2018 15:30 388

Ғазо шаҳри шарқидаги Шужоийя маҳалласида яшовчи 55 ёшли Валид Ҳаттоб уйи яқинида катта қозонда хар куни ёрма шўрваси (гўшт ва ёрмадан тайёрланади) тайёрлайди.

Валид ёрмани тайёрлаш учун 25 килограмм ёрма, яримта қўзичиқ ва туздан фойдаланади. Уни пишгунга қадар бир маромда аралаштиради. Муборак Рамазон ойи бошланганидан буён бу саҳоватпеша инсон ҳар куни аср намозидан сўнг ифторлик қилиш учун келадиган камбағалларга ёрма тайёрлаб бермоқда.

Ифтор вақти киришидан олдин Валиднинг қўшнилари ва атрофдаги маҳалла аҳолиси бўлган ўнлаб фақирлар ўз идишларини тўлдириш учун етиб келишади, ифторга келувчиларнинг кўп бўлишига қарамай Валид уларга бериладиган таом миқдорини чеклаб қўймайди.

Биламизки, Ғазо аҳолиси 11 йилдан буён давом этаётган Исроил қамали натижасида оғир турмуш шароитларини бошдан кечирмоқда. Валид Ҳаттоб Анадўлу ахборот агентлигига берган интервюсида бу ҳақида шундай деди: «Бу фаолиятни ўтган йили ўзим бошладим. Ўша пайтда 3 килограмдан ортиқ ёрма пиширмасдим. Бу йили Ғазодаги фаластинликларнинг аҳволи ёмонлашгани учун ёрма миқдорини кўпайтиришга қарор қилдим. Ёрмани аввало, Аллоҳдан савоб умид қилиб, сўнгра маҳалладаги камбағаллар, муҳтожлар ва татиб кўришни хоҳлаганлар учун пишираман. Овқатни шу ерда тайёрлайман. Ундан хоҳлаган киши чекловсиз олиши мумкин».

9 фарзанднинг отаси ҳисобланган Вали Ҳаттоб кўп тановул қилингани ва фаластинликларнинг миллий таоми бўлгани учун айнан ёрма пиширишини айтиб ўтди. Унинг айтишича у тайёрлаётган ёрмадан ҳар куни 130 та оила таомланади.

Муҳтож инсонлардан бири илтимос қилгани учун Валид Ҳаттоб кейинги ҳафтада гўшт ва гуручдан таом тайёрлашини айтди: “Муҳтож инсонлардан бири менга болаларига гўшт ва гуручдан овқат қилиб беришни ҳоҳлашини, лекин бунга қурби етмаслигини айтди, уни ҳоҳиши амалга оширишга қарор қилдим”.