Таҳлил

Фаластинликлар қийноқларнинг тўхтатилишини талаб қилишга ҳақлидир

382

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Фаластинда 44 ёшли Самер Арбед Исроил босиб олган Ғарбий соҳилда ҳалокатли портлашни уюштиришда айбланиб ҳибсга олинди. Дастлаб уни бешафқатларча калтаклашди, кейин эса Қуддусдаги машҳур Маскобие тергов марказига олиб боришди. У ердаги қийноқлар туфайли Самер шифохонага ётқизилди.

Арбеднинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. У адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, суд Исроил махфий хизматига ушбу иш бўйича маълумот тўплаш учун «бошқа усуллардан» ҳам фойдаланишга рухсат берган.

Amnesty International ташкилоти Арбед билан бўлиб ўтган воқеани «қонуний равишда қийноққа солиш» сифатида қораламоқда.

Афсуски, бу Исроилнинг ғайриинсоний усуллардан фойдаланиши бўйича ягона ҳолат эмас. 24 ёшли фаластинлик Хаба ал-Лабади исмли аёл беш ой давомида маъмурий ҳисбхонада ақлга сиғмайдиган кўплаб қийноқларни бошидан кечирди. Унинг қўлларини тўпиқларига боғлаб қўйишди, узоқ вақт давомида олдинга суянишга мажбур қилишди. Барчаси тугагач эса Хаба анчагача ўзига келолмади.

Афсуски, Арбед ва ал-Лабадининг вазиятлари бу ердаги ўнлаб, юзлаб ҳатто минглаб ҳолатлардан бири, холос. Исроил терговчилари кўпинча 5 мингга яқин фаластинлик сиёсий маҳбусга нисбатан худди шундай қийноқларни қўллайди.

Халқаро ҳуқуққа биноан шахсга нисбатан қийноқларнинг ҳар қандай турини қўллаш жиноят ҳисобланади. БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясида (1991 йилда Исроил томонидан ратификация қилинган) ҳам бу қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Конвенцияда қийноқлар маълумот олиш ёки эътироф эттириш учун шахсга жисмоний ёки руҳий азоб бериш сифатида таърифланган.

Агар Исроил ўзини халқаро ҳуқуқий режимнинг бир қисми деб ҳисобласа, у фаластинликларга нисбатан ҳеч қандай қийноқларни қўллай олмайди. Аммо Фаластинда маҳбусларни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланувчи «Аддамер» ташкилоти маълумотига кўра, Исроил ўнлаб йиллар давомида ушбу конвенцияни бузиб келган.

«Исроилнинг фаластинлик маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабати бутун бошли тизимга асосланган бўлиб, одатда ҳибсга олинган пайтдан бошланади», – дейилади ташкилот ҳужжатларида.

Исроилнинг фаластинликларни қийноққа солиши Ғарбий соҳилда ўрнатилган ҳарбий режим туфайли янада осонлашган. Ушбу режим Исроил ҳарбийларига фаластинликларни 90 кун давомида адвокатсиз сўроқ қилиш имконини беради. Умуман, терговнинг бу даври номаълум муддатга чўзилиши мумкин. Бунда фаластинлик маҳбуслар руҳий ва жисмоний қийноқларнинг ҳар хил кўринишларига дуч келади, жумладан, калтаклаш, стресс ҳолатлари, уйқусизлик ва ҳоказо. Кейин эса ташқи дунё билан алоқанинг йўқлиги туфайли барча иш бости-бости бўлиб кетаверади.

Арбеднинг ҳибсга олингани ва қийноққа солингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгандан сўнг фаластинликлар нафақат Исроилнинг қийноқларига, балки Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг фаолиятига ҳам норозилик билдиришди. Арбед оғир аҳволда касалхонага ётқизилганидан бир неча кун ўтгач, фаоллар Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Рамаллоҳдаги офиси қаршисида тинч намойиш ўтказиб, ташкилотдан Арбеднинг аҳволини баҳолаш учун тиббий кўрик ташкил этишни талаб қилишди. Пировардида қўмита шифокори Арбед ётган касалхонага бориб, фаолларнинг талабига биноан унинг аҳволи юзасидан маълумот тақдим этди.

Аммо қўмита буни Исроилнинг жиноятларига қарши қадам ўлароқ амалга оширгани йўқ. У ўз обрўсининг тушиб кетишидан хавотирланиб фаолларнинг талабини бажарди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фаластинда 2006 йилдан бери илк бор сайлов ўтказилади

183 14:35 08.10.2019

Фаластин ЖАРнинг хатоларини такрорламаслиги лозим

883 17:05 07.10.2019

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Фаластин элчиси билан учрашди

489 10:48 05.10.2019

Гонконг, Кашмир, Фаластин: Британиянинг собиқ мустамлакалари олов ичида

1533 22:00 02.10.2019

Эрдоған: «Исроил тўймайди»

4883 20:35 25.09.2019
« Орқага