Исроил ҳарбийлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Дайр Баллут туманида фаластинликларга қарашли 2 минг туп зайтун дарахтини кесиб ташлаган. “Анадолу” агентлиги хабарида айтилишича, ҳарбийлар бу ҳаракатини дарахтлар “С зонаси”да жойлашгани билан изоҳлаган.
Дарахтлар кесишили ҳақида фаластинликларга ўтган йили огоҳлантириш юборилган. Улар эса судга мурожаат қилган, бироқ суд қарори чиқмай туриб зайтунлар кесиб ташланган.
Ушбу ҳудудда яҳудийлар учун ноқонуний турар жойлар қурилиши мумкин.
Исроил ва Фаластин ўртасида 1995 йилда тузилган келишувга биноан Иордан дарёсининг ғарбий соҳили учга: “А”, “Б” ва “С” зоналарига бўлинган. Шундан “С” зонаси буткул Исроилнинг назоратида, бу ерда фаластинликларга янги бинолар қурилиши рухсат берилмайди.