“Фаластинни харитадан ўчириб ташлашмоқчи” 

18:30 08.04.2019 4429

АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилганидан кейин БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатувчи агентлигига (UNRWA) моддий ёрдамни тўхтатди. Кейин эса Трамп Сурияга қарашли Жўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш ҳақидаги декларацияни имзолади. 

Булардан руҳланган Исроил бош вазири Биньямин Нетаньҳу Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин ерлари аннексия қилинишини билдирди. Шундоқ ҳам 27 минг км2лик Фаластин ҳудудининг 85 фоизи Исроил назорати остида, дея ёзади Туркиянинг Haber7.com нашри.   

Нетаньяҳунинг баёнотини туркиялик сиёсатчилар қаттиқ қоралади. Хусусан, ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли шундай деди: “Ғарбий соҳил халқаро қонунларга зид равишда Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудидир. Нетаньяҳунинг сайловдан аввал овоз йиғиш учун масъулиятсизлик билан эълон қилган баёноти бу ҳақиқатни мутлақо ўзгартира олмайди”. 

Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Умар Челик эса Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси ва халқаро қонунларни топташ босқичидан уларни йўқ қилиш босқичига ўтишга уринаётганини айтди. “Халқаро ҳамжамият Нетаньҳунинг жазаваларини тўхтатиши зарур”, – деди у.   

Шунингдек, Туркия президенти ўринбосари Фуат Ўктай ва матбуот котиби Ибрoҳим Калин ҳам Исроил бош вазирининг баёнотини танқид қилди. 

БМТ 1947 йилда Фаластинни иккига бўлган ва бир йилдан кейин Исроил ўз мустақиллигини эълон қилган эди. Шундан бери Исроилнинг Фаластинга нисбатан ноҳақликлари ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари тобора ортиб бормоқда. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Фаластиннинг мустақил бўлиши Исроил учун таҳдид эканини таъкидлади. “Қуддусни иккига бўлмаймиз, яҳудий мавзеларини ҳам бўшатмаймиз”, – деди у Фаластин ҳудудида қурилган мавзеларга ишора қилиб.  

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!