Савоб ишнинг самараси

17:00 13.05.2019 727

Ғайратжон бемаҳал чинқирган телефони экранидаги рақамни кўриб сергак тортди. Қўшниси Муҳаббат опа қўнғироқ қилаётганди.
—  Лаббай, ассалому алайкум.
—  Ва алайкум ассалом, Ғайратжон. Саломатмисиз, укам?
—  Шукр, опажон. Ўзингиз омонмисиз? Уйдагилар саломатми?
—  Аллоҳга шукр, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. – Енгил тин олган аёл бироз истиҳола билан оҳиста гап бошлади:- Укажон, укаларингиз қишлоқдаги ҳовлига ишлагани кетишганди. Уйда қизлар билан ёлғиз эдик. Тўсатдан оёғимга оғриқ кирди. Касалхонага дўхтиримга олиб боролмайсизми?..
Ғайрат ўйланиб қолди. “Хўп” деса бугун ўртоқлари билан йиғилишиб, чойхона қилишадиган, ундан сўнг бассейнга бориб чўмиладиган эдилар. Бу йиғинни анчадан бери кутаётган эди. “Йўқ” деса... Муҳаббат опа жуда яхши аёл. Бир пайтлари соғлом, гўзал эди. Қўли узатган жойига етар, шу сабабдан кўпчиликка ёрдами текканди. Кутилмаганда қандайдир дард ёпишиб, айни пайтда юролмай қолган. Ғайрат бир пас тараддудланиб турганди, онасининг “Ўзинг хоҳлаб қилган яхшилигингдан кўра, кимнингдир сенга иши тушганида ёрдам берганингнинг савоби кўпроқ бўлади” деганларини эслади. Ёрдам бериши керак ҳар қандай ҳолатда. Ўртоқлари билан чойхонада йиғилишга ҳам улгуради. Сал кечроқ борса ҳам бўларди.
—    Хўп, опажон, майли. Мен олиб бораман, фақат қайтишда бошқа машина топасизлар-да, бир жойга шошилаётгандим,- деди Ғайрат. Аёл севинганидан дуо қилиб кетди.
Муҳаббат опани қизи ҳамроҳлигида касалхонага олиб боришди. Бир қўлтиғидан Ғайрат, бир қўлтиғидан қизи тутиб олган Муҳаббат опа оғриқ зўридан ранги оқариб кетган, оёғини аранг босарди. Шифокорлар опани ичкарига олиб кириб кетишди. Онасига ҳамроҳлик қилган қизи Ғайратга миннатдорчилик билдириб, кираверишдаги эшикгача кузатиб қўйди. 
Орқасига қайтиш учун машинасини ўт олдирган Ғайратнинг негадир кўнглига оғир юк тушди. Номардлик қилаётгандай, ёрдамига муҳтож инсонни ярим йўлда ташлаб кетаётгандай кўриниб, ўзидан нафратланиб кетди. Ўртоқларига қўнғироқ қилиб, йиғинга кечрооқ боришини, зарур иши чиқиб қолганини айтдию, машинани қулфлаб касалхонага кириб кетди. 
Муҳаббат опанинг қизи билан коридорда чамаси бир ярим соатлар кутиб қолишди. Муолажалардан сўнг оғриғи сал босилган, чеҳрасига ранг югурган Муҳаббат опа ҳамширалар етовида чиқаркан Ғайратни кўриб ҳайрон қолди:
—    Ие, Ғайратжон, шошилаётгандингиз, чоғимда? Кетмадингизми?
—    Йўқ, опа. Иш кейин ҳам битар. Сизни уйингизга олиб бориб қўяй, ундан кейин шошилаётган жойимга борарман...
Ғайрат машинани марказий кўчалар бўйлаб бошқариб кетаркан, Муҳаббат опа хиёбон-боғларда, соя-салқин гўшаларда музқаймоқ, шарбат ичиб ҳордиқ чиқараётган инсонларга ҳавас билан термулиб:
—    Шаҳримиз қандай гўзал-а? Одамларнинг юзидан нур ёғилади. Гўё ҳамма бахтиёр. Гўёки ҳеч кимнинг ғам-ташвиши йўқ. Эҳ, қанийди, аслида ҳам шундай бўлса! Ғам, ташвиш, касаллик ҳеч кимни безовта қилмаса... Балки бундай ҳолатда инсон ҳаётнинг таъмини, қадрини билмасмиди...- деди энтикиб.
Муҳаббат опа ўйчан оҳангда худди ўзига ўзи гапиргандай оҳиста сўзлар, қўлтиғидан тутиб турган қизи ва рул бошқариб бораётган Ғайрат гўё маҳзун қўшиқ тинглаётгандай сукутда эдилар.
—    Опажон, вақтингиз қандай? Агар бемалолроқ бўлсангиз шаҳар айлантирай, бирор жойда ўтириб овқатлансак, дегандим?- Ғайрат орадаги жимликни бузди.
—    Вой... Жон дейман-ку, лекин сизнинг вақтингизни олмасмиканмиз... Қаергадир шошилаётган эдингиз...- Муҳаббат опа хижолатлик билан жавоб берди.    
—    Ўша жойга бормасам бормабман-да! Ҳар куни сиз  билан кўчага чиқяпманми?
Шу заҳоти Ғайрат телефонини ўчириб қўйиб, Муҳаббат опа ва қизини шаҳар айлантирди. Овқатландилар, ширинлик, музқаймоқ билан сийнланган Муҳаббат опа тинимсиз йигитни дуо қиларди. Кечга яқин Ғайрат Муҳаббат опа ва қизини уйига ташлаб қўйди. Кун бўйи кўчада юргани учунми ҳорғинликдан кўзлари юмилиб кетаётганди. Ўртоқларининг олдига бормай қўя қолди. “Бир гал менсиз ўтиришса ўтиришибди, дам ола қолай” дея ўйлади ўзича...
Тонгда Ғайрат онасининг хавотирли овозидан уйғонди:
—    Ўғлим, тура қол. Ўртоқларингни дам хотини, дам онаси қўнғироқ қилиб чиқди. Тинчликмикан? Мен уларга сени чойхонага бормаганингни айтдим. Хабар ол-чи, тинчликмикан, болам?..
Нари-бери нонушта қилиб кўчага отланган Ғайрат кеча учрашиш керак бўлган ўртоқларидан биринининг уйига борди.
—    Ғайратжон, болам, ўртоғингни қамаб қўйишибди!- деганча йиғлаб чиққан ўртоғининг онасини кўриб капалаги учиб кетди.
—    Тинчликми, нега қамайди?..
—    Билмадим, болам. Кеча шунақа хабар келди. Жон болам, бориб хабар олайлик, мени ҳам олиб кета қол... 
Ҳали вазиятни ўзи билмай туриб ўртоғининг онасини хавотирга қўйиб ўзи билан олиб юргичи келмади.
—    Аввал мен бориб нима гаплигини билай, балки бирор тушунмовчилик бўлгандир? Сизга албатта хабар бераман, холажон...
Ғайрат шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб вазиятни билишга ҳаракат қилди. Бошқарма масъул ходими кеча тунда бассейнда қотиллик жинояти содир қилингани хабар берилганини, шу сабабдан у ерда бўлганларни эҳтиёт чораси сифатида ушлаб турилганини айтди. 
—    Хавотир олманг, суриштирув ишларидан кейин айби бўлмаганларни бу ерда ҳеч ким мажбуран ушлаб турмайди,- деб гапини якунлади ходим. Ғайратнинг юраги ҳапқириб кетди. Кечаги воқеаларни хаёлидан бир-бир ўтказди. “Муҳаббат опа  ажойиб аёл-да. Бировга ёмонлиги йўқ. Ҳаммани астойдил яхши кўради. Ҳар қандай ҳолатда шукр қилади, тилидан дуолар, яхши тилаклар тушмайди. Фариштали аёл. Яхшиям кеча шу аёлнинг ёрдам сўраб чўзилган қўлларини рад этмадим. Яхшиям кунимни ўша муштипар аёлни севинтириш учун сарф қилдим. Уларни ярим йўлда ташлаб кетганимда, меҳрини ҳис қилмаганимда шу жиноятга аралашиб ҳозир тутқунликда онамни, аёлимни изтиробга қўйган бўлармидим...” Йигитнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди ва чўнтагидан қўл телефонини олиб Муҳаббат опанинг рақамини тера бошлади. Шу онда унинг аёлга чексиз меҳр-муҳаббат билан миннатдорчилик билдиргиси келаётганди...


Умида АЗИЗ 
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!