Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Фамилиямизни миллийлаштириш шартми?

7222

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ўз фамилиясидан "-ев" қўшимчасини олдириб ташлаганини эълон қилибди. Бунинг ортидан турли баҳслар келиб чиқяпти. Тушунишимча, уни маъқуллаганлар ҳам бор, лекин эътироз билдирганларнинг жаҳлини чиқарган нарса унинг мана бу сўзлари бўлса керак: "Биз ўзлигимизни англамас эканмиз, миллий ғурурни ҳис қилмас эканмиз, ҳеч қачон ривожланмаймиз". Ўзи бир қарашда беозор ва ҳатто ёқимли гап, аммо буни фамилиясидаги ўзгариш ортидан айтиши баҳсларга сабаб бўлган кўринади. Мен ҳозир "фамилия", "миллий ғурур" ва "ривожланиш" ўртасидаги боғлиқликка киришмоқчи эмасман. Ўзим ҳам бир неча ой аввал ўғлимнинг фамилиясига "-ев" қўшимчасини қўштирмасдан туғилганлик ҳақида гувоҳнома олгандим. Ва шу ҳақида ёзиб қўйган фикрларим бор эди, бугун эълон қилиш мавриди экан.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳужжат ишларида шахсни танитиш учун 3 хил номдан фойдаланилади: фамилия, исм, отасининг исми. Собиқ Шўродан мустақил бўлгач миллий қадриятларни тиклаш тўлқинида отасининг исмини билдирувчи "-вич" қўшимчаси "ўғли" сўзига ўзгартирилган. Ҳозир кўп ҳужжатларда отасининг исми "фалончининг ўғли" деб ёзилади. Лекин фамилия борасида ўзгариш бўлмади. Мен ҳам биз ўзбеклар ўзимизни қандай танитишимиз керак, исм-шарифимиз қай кўринишда бўлиши керак деб жуда кўп фикр юритганман. Лекин ҳанузгача аниқ бир тўхтамга кела олмадим. 

Ўзи бу мавзунинг юзага чиқиши ҳам ўрисларга хос бўлган "-ев/-ов" каби қўшимчалар қўшишга хайрихоҳ эмаслигимдан. Буни ҳамма ўзича тушуниши мумкин, мен учун бу ўрис мустамлакасига қарши қилинган, ичимдан чиққан исён. Лекин бундай фамилиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетгани учун энди ўрисча қўшимча қўшилмаса, бир неча мураккабликлар келиб чиқиши мумкин. Масалан, "Муҳаммад Аҳмад Қосим ўғли" деган номга кўзимиз тушса, қайси бири исми экан деган мулоҳаза пайдо бўлиши табиий. Ва катта эҳтимол билан қайси бири исми эканлигини топа олмаслигимиз ҳам мумкин. Сабаби ҳозир паспортларимизда фамилия биринчи ёзилади, кейин исм, кейин отасининг исми. Бу бизга Собиқ Шўродан мерос қолган. Демак юқоридаги ҳолатда шахснинг оти "Аҳмад", ўрисча ёзилган фамилияси эса "Муҳаммадов" бўлиб чиқяпти.

Энди ўзимча ўйлайман, хўп, агар бу борада бир тўхтамга келиш қийин бўлса, яхшиси биздан олдин ўтган зиёлилардан намуна олсак-чи? Лекин бизнинг қулоғимиз эшитиб ўрганган зиёлиларнинг исмларига эътибор қаратилса ҳам, бир тўхтамга келиш қийинлигича қолаверади. Масалан, суюкли устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг исмларида фамилия йўқ. Фақат ўз исмлари ва оталарининг исми келтирилган. Абдулла Қодирийнинг ҳам исмларида оталарининг исмига "-ий" сўзига қўшимча қўшиб фамилия ясалган. Шунингдек, атоқли адиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳам фамилиянинг ўрнига "Тошмуҳаммад ўғли" жумласини ишлатганлар, исмлари Мусо бўлган, Ойбек эса адабий тахаллус. Яъни умумий бир мезон ишлаб чиқиш бироз мушкул. Бу мисоллардан кўриб, исми ва отасининг исмини (майли ёнида ўғли деган сўз билан бўлса ҳам) ёзиш билан чеклансакми? деб ўйлайман (Аҳмад Фозил ўғли, масалан), аммо воқеликка кўра, ҳужжат юритишда ҳамма жойда "фамилия" тушунчаси бор ва давлат бундан ҳали бери воз кечмаса керак, воз кечиш учун бирор сабаб ҳам кўрмаяпман.

Тўғрисини айтсам, "фамилия" тушунчаси менга ёқади (гап ҳозир унинг қайси қўшимчалар билан ёзилиши ҳақида эмас). Чунки бу маълум бир оила-уруғга мансубликни кўрсатиб туради. Бир инсондан кейинги 2-3-авлодда ҳам агар фамилия бир хил бўлса, бу ўзаро яқинликни билдириб, қариндошлик алоқаларига ижобий таъсир кўрсатса керак деб мулоҳаза қиламан. Агар ҳамма, ҳозир урфга кирганидек, фарзандига унинг бобоси(отанинг отаси)нинг исмини фамилия қилиб қўяверса, 2-3 авлоддан кейин қариндошлар орасида умумийлик йўқолиб, бир-биридан узоқлашиб кетса керак деб ўйлайман. Хўп, агар фамилия билан яшашимиз керак бўлса ва фамилиямизда ўрисча қўшимчаларни кўришни истамасак, исм ва фамилия ёнма-ён келганда тушунмовчиликнинг олдини олиш учун нима қилсак бўлади? Масалан, тожикларда "зода" деган қўшимча қўшиш одати бор. Биз ҳам балки Абдулла Қодирийдан намуна олиб, фамилиямизга "-ий" ёки бирор шунга ўхшаш қўшимча қўшсакмикин? Ёки бошида бироз қийинчилик туғдирса ҳам юқоридаги каби "Муҳаммад Аҳмад Қосим ўғли" деган қўшимчасиз фамилия қўйсакмикин? 

Аниқ билмайман. Ҳозирча бу ҳали давлат сиёсати даражасига чиқмагани учун (чиқсин ҳам демоқчи эмасман) бу энди ҳамманинг шахсий иши. Мен ҳам уйдагилар билан маслаҳатлашиб, ўғлимга ҳеч бир қўшимчасиз "Иззатуллоҳ" деб фамилия қўйдим. (Фурсат топиб ўзимникини ҳам алмаштириб олиш ниятим бор). Агар бизнинг фамилиямиз каттароқ аждодимиз бўлган Ориф отага нисбат берилганда ўғлимнинг фамилиясини балки "Орифий" деб қўйишим ҳам мумкин эди. Шунинг учун, ўйлайманки, бу масалада ҳамма ўз ҳолатидан келиб чиқиб қарор қилгани яхши (агар бу масала унинг учун аҳамиятли бўлса, албатта). Муҳими, бир-биримизни маломат қилмаслик. Кўпчилик амал қилиб турган нарсани ўзгартириш осон бўлмайди ва бунинг учун уларни айбдор ҳам деб бўлмайди. Паспортдаги 1-2 та ҳарф ўзгариши ортидан келадиган оворагарчиликларга кўпчиликнинг тоқати ҳам, вақти ҳам бўлмаслиги мумкин. 

Худди шунингдек, нариги томон ҳам фамилиясидан ўрисча қўшимчани чиқариб ташлаган фуқаронинг ҳуқуқига даҳл қилмасин. Чунки фарзандга миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ исм-фамилия қўйиш ва ўз исмини шу асосда ўзгартириб олиш ҳар бир фуқаронинг қонунчилик билан белгиланган ҳуқуқидир. Фақат "-ев/-ов" каби қўшимчалар билан фамилия ёзишга мажбур эканмиз деган қараш борлиги учун шуни ҳам қайд этиш жоиз. Бу ҳуқуқ "Давлат тили тўғрисидаги" қонуннинг 15-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 387-сонли қарорининг 9-боби, 149-банди билан кафолатланган. Юқорида таъкидлаганимдек, кўпчилик учун бу иш фикрий мустамлакадан қутулиш, ўзлигини англаш ва ички хотиржамлик учун хизмат қилиши мумкин.

Шунақа гаплар...

Жавоҳир Иззатуллоҳ,

“Azon.uz” жамоатчи мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

122 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

190 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

952 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

421 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

154 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

395 14:34 01.03.2021
« Орқага