Фақат Эгам бизни унутмаса бас

20:00 08.06.2019 426

2000 йилда туҳмат билан қамалдим ва тўрт йил ўтириб чиқдим. Судда айтган охирги сўзимни ва ўқиб берган шеъримни эслашга ҳаракат қилдим. Ўзимнинг эсимдан чиқиб кетган бўлса ҳам шеърнинг катта қисми жиянларимнинг ёдида қолган экан.

Эслайман, гапим орасида тахминан шундай дегандим: "Менга жисмоний қийноқлардан ташқари, сенлар ўзбеклар ўзларингча яшолмайсанлар, ўз ҳолларингга ташлаб қўйилса, бир-бирларингни ғажийсанлар, шунинг учун сенларни бошқариб туриш керак, сенлар мустақил бўлишга нолойиқ халқсан, деган гаплар айтилиб, миллий ғуруримга ҳам тегдилар. Лекин мен бу гапнинг таги йўқ, пуч гап эканини яхши биламан. Сизларга бир ўзбек сифатида, сизларнинг бир миллатдошингиз сифатида мурожаат қиламан..."

... Гапимни тамомлаб қарасам, судянинг икки ёнида ўтирганлар овоз чиқариб йиғлаяптилар. Судянинг кўзидан ҳам ёш чиқиб турибди. Бироздан кейин судя ёнимга келиб, Муқим, мени тушун, агар менинг қўлимда бўлганида сени ҳозироқ қўйиб юборардим, у ёғини ўзинг тушунасан, мени қарғама, деган эди.

Залда ўтирганларнинг ҳаммаси шу охирги гапимни ксерокопия қилиб олишганди. Мабодо кимдадир сақланиб қолган бўлса, менга юбориб қўйсанглар, жуда миннатдор бўлардим.
Шеърнинг жиянларим ёдида қолганлари:

Кунлар ўтди юрак тўла ҳой-ҳавас,
Кунлар ўтди юрагимга қил сиғмас.
Онам дер, жон болам дунё боқиймас,
Фақат Эгам бизни унутмаса бас.

Буюк Бухорийлар аждодинг сенинг,
Муносиб авлод бўл, дер ички бир сас. 
Не тонгким, аталдим ноқобил фарзанд,
Фақат Эгам мени унутмаса бас.

Қон тўкмоқ гуноҳдир, дея жар солдим, 
Дедилар, сен қонга чақирдинг, нокас, 
Туҳматлар тоғининг остида қолдим, 
Фақат Эгам мени унутмаса бас.

Наҳотки халқимнинг душманбўлсам,
Ахир мен ўргандим, ўргатдим, холос.
Наҳотки маърифат тарқатмоқ гуноҳ, 
Фақат Эгам мени унутмаса бас.

Бу не ҳол? Тақдирдан нолияпманми?
Ахир ҳар мусибат бекорга келмас. 
Ажабмас, шу билан ювилса айбим, 
Фақат Эгам мени унутмаса бас.

Онажон, муҳтожман дуойингизга, 
Онанинг дуосин Тангрим қайтармас. 
Менга имон тиланг, сабр ва бардош, 
Фақат Эгам бизни унутмаса бас.

Муқим Маҳмуд

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!