Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Фақатгина Қарнус Саъолибда ўзимга келдим...»

1918

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка торлик қилиб қолди. У зотни ҳимоя қилиб, ғамхўрлик қилиб турган амакилари Абу Толиб вафот қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички томонлари ва қалқонлари бўлмиш Ҳадича онамиз ҳам вафот қилдилар.  Маккада ҳеч нарса ўзгармаган эди. У ҳамон залолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Макка ўз пайғамбарини ёлғончига чиқарар, у зотнинг асҳобларига анвойи азобларни беришни тўхтатмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга боришга қарор қилдилар. Шояд у ерда Маккаликларда топилмаган меҳрибон қалбларни топсалар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифнинг амири ибн Абди Ёлилни исломга даъват қилдилар. Ибн Абди Ёлил жаҳолатда Абу Жаҳл сингари, ёлғончига чиқаришда Абу Лаҳаб сингари, азият беришда Убай ибн Халаф сингари ифлос эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан Тоифнинг аҳмоқларини ва ёш болаларини юборди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилишди. Муборак оёқларини қонга белашди!

Бу ҳодисадан бир неча йил ўтиб Араб ярим оролида ислом ҳукм сура бошлади. Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келди. Кишилар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошлашди. Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

–  Сизда Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун бўлганми?

Зеро Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Уҳуд кунини нечоғли оғир ва аламли бўлганини билар эдилар. У кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли амакилар Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуни, етмишта буюк саҳобаларини йўқотган эдилар. Ўзларининг бошларини ёришди, олд тишларини синдиришди.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга Тоиф куни ҳақида гапирдилар. Тоиф куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилиб шаҳардан ҳайдаб чиқаришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кунни эслаб шундай дедилар:

–  Тоифдан мен жуда ҳам ғамга ботган ҳолда чиқдим. Фақатгина Қарнус саъолибга етиб келганимда ўзимга келдим. Бошимни кўтарсам булутлар орасида Жаброил турибди. У менга деди: “Аллоҳ таоло қавмингизни сизга айтган гапини, сизни ҳайдашганини эшитди ва билди. Сизга тоғларнинг фариштасини юборди. Унга истаганингизни амр қилинг, бажаради!”. Тоғлар фариштаси менга деди: “Агар истасангиз уларнинг устига Маккадаги икки тоғни ташлайман!”. Мен унга дедим: “Йўқ! Мен уларнинг наслидан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиладиган авлодлар чиқишини умид қиламан!”.

Бу ҳикоядаги биз эътибор берадиган томон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  “Фақатгина Қарнус Саъолибга етиб келганимда ўзимга келдим”, деган гапларидир.

У зот ўзларининг пайғамбар эканликларини билар, динлари куни келиб ғолиб бўлишини ҳам билар, Аллоҳ ўзлари билан бирга эканлигини, у зотни ташлаб қўймаслигини ҳам билар эдилар. Аммо инсон барибир инсон эканда. У киши ҳам хафа бўладилар, қалблари сиқилади, ғамга қоладилар. Ҳатто Тоифдан хаёллари паришон ҳолатда чиқиб Қарнус саъолиб деган жойга етиб келгунларича ўзларига келмаганлар. Тоифдан Қарнус саъолиб  деган жой 46 км лар узоқда жойлашган. Тоифдан чиққанларида қадамлари қаёққа олиб кетаётганини ҳам билмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймонлари билан бизнинг баримизнинг иймонимиз тарозуга солиштирилганида у зотнинг иймонлари босиб кетар эди. У зотнинг ишончлари бизнинг ишончимиздан салмоқли эди. У зотнинг сабрлари бизнинг сабримиздан оғир эди. Энди бизнинг баъзида синиб қолишга ҳаққимиз йўқми?! Мувозанатдан чиқиб кетишга ҳақсизмизми?!

Инсонни баъзан инсонлик табиатидан чиқариб юборадиган, биз билган мувозанатидан чиқариб юборадиган, биз ўрганиб қолган рожиҳ ақлидан ажратиб юборадиган лаҳзалар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз ҳеч?

Инсоннинг баъзида бир сўз айтишга ҳам тоқати етмай қолади, насиҳат эшита олмай қолади, бирор-бир инсонни кўргиси келмай қолади. Нега энди ишларни шахсийга айлантириб олиб бир-биримизнинг ташвишимизни зиёда қиламиз?!  Нафснинг ўзгариб туришини нега ҳисобга олмаймиз?! Руҳ ҳам тана каби баъзан бемор бўлади ахир!

Дўстимизни ғам устида кўрганимизда унинг ғами устига ғам бўлмаслигимиз лозим. Дўстимиз учун  ғамлар ниҳоясига етадиган “Қарнус саъолиб” каби бўлайик. Бизни кўриб дўстимиз очилсин. Унинг маҳзунлигини эҳтиром қилайлик. Ёлғиз қолишга муҳтож бўлса уни ёлғиз қолдирайлик. Тинчланганидан сўнг елкасини силайлик, қалбини силайлик, қалбига ҳамдард бўлайлик. У билан қалб орқали сўзлашайлик. Руҳимиз руҳи орқали гаплашсиз. Мантиқни бироз чеккага қўйиб турайлик. Нафс синган пайтида дарсга эмас, қайноқ қучоққа эҳтиёж сезади. Руҳ адашган пайтида лекцияга эмас, қучоқлашга муҳтож бўлади!

Биз иймоннинг озлигидан эмас, ҳаётнинг бешафқатлигидан заифлашамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнингш иймонлари Тоиф кунида кучсиз эмас эди. Аммо ўшанда ҳаёт бешафқат эди. Аллоҳ таоло у зотнинг оғриқлари ҳажмини, синганларини билди. Маҳзун бўлганлари учун итоб қилмади. “Менга бўлган иймонинг қани?!”, демади. Балки у зотни ҳимоя қилиши ва ёрдам бериши учун фаришталарини юборди. Аллоҳ таоло Ўз Расулининг ҳам инсон эканлигини билар эди. Аллоҳ таоло инсонга заифлик лаҳзалари етганида у файласуфнинг ақлига ёки хатибнинг тилига эмас, мушфиқ қалбга эҳтиёжли эканини билар эди!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахлоқус солиҳийн: Инсонларнинг ҳожатларини чиқармоқ фазилати

53 07:45 04.07.2022

Ҳар 24 сонияда бир киши автоҳалокатда вафот этади – БМТ

405 00:56 04.07.2022

Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари

422 21:50 03.07.2022

Истинжо қилиш макруҳ бўлган нарсалар

545 21:30 03.07.2022

Чўлоқ қулон

508 20:50 03.07.2022

Қанча бойлигингиз бўлса қурбонлик қилишингиз керак?

1099 20:17 03.07.2022
« Орқага