Янгиликлар

Фарғона ҳокими блогернинг “жанозасини ўқиш”ни буюрди. Депутат прокуратурадан бунга ҳуқуқий баҳо беришни сўради

2987

15 декабрь куни «Демократик дебат»нинг навбатдаги сонида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
«Биз бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо беришини сўраймиз. Умид қиламизки, улар вазият юзасидан аниқ ҳуқуқий баҳо беради ва тегишли жавобгарлик масаласини керак бўлса кун тартибига олиб чиқади ҳамда жамоатчиликни унинг натижасидан хабардор қилади», – деди депутат.
У ҳокимга бу сафар қандай жазо берилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.
«Нима билан қутулиши-қутулмаслигини ҳозир айта олмайман, чунки бу бизнинг ваколатимиздаги иш эмас. Лекин биз умид қиламиз ва талаб қиламизки, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, ҳеч ким бунақа даражада босим ўтказиш ва қўрқитишга ҳақли эмас. Жумладан, ҳокимлар ҳам.

Қонунлар ҳамма учун баробар ва халқнинг иродаси билан қабул қилинган. Қонунларга оёқ қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Марҳамат қилиб жавоб бериши шарт», – дея парламент аъзосининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ҳозирча ҳуқуқ органлари ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози экани гумон қилинаётган яна бир аудиоёзув тарқалмоқда.

Аудиода овоз эгаси газ таъминотидаги муаммолардан норози бир гуруҳ аҳоли вакиллари ноябрь ойи охирида Қува туманидаги автомобиль йўлларидан бирини тўсиб қўйгани ҳақида гапиради ва ушбу туман ҳокими Равшан Қурбоновдан бу воқеаларни видеога олган шахснинг «жанозаси қачон ўқилиши»ни сўрайди.
«Чора кўриш эмас бу, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни», дейди овоз эгаси бу борада чора кўрилганини айтган туман ҳокимининг жавобидан қониқмай.
Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати бу аудиони сохта ва «пранкер» (овоз ўхшатувчи)лар томонидан тайёрланган, дея муносабат билдирди.
«2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Ш.Ғаниев томонидан айтилмаган. Ш.Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган», – дейилган ҳокимлик билдиришида.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентябрь ойида Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмол ўрашига қарши кампания эълон қилгани акс этган аудио тарқалгач, ҳоким Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида узр сўраган, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилган эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Таъзия: муфтий ҳазратларига ҳамдардлик 

729 22:15 26.09.2020

Юртимиз бир аҳли Қуръондан айрилди

1426 21:36 26.09.2020

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” (олтинчи қисм)

240 19:25 26.09.2020

Ливан яна ҳукуматсиз қолди 

223 17:35 26.09.2020

Мадрасаларда ўтказилган тест синовлари натижалари эълон қилинди

295 16:52 26.09.2020

Шайх Нобулсийдан:  Фарзандим ўлса байрам қилардим...

785 16:15 26.09.2020
« Орқага