Янгиликлар

Фарғона. Вилоят прокуратураси журналистга тазйиқ юзасидан суриштирув бошлади ~ "Озодлик" лавҳаси

1182

“Маърифат” газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири, 43 яшар Шарифа Мадраҳимованинг журналистик фаолиятига Учкўприк туман ҳокимлиги ходими тўсқинлик қилгани юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси назорат тартибида суриштирув бошлади. Бу ҳақда Озодликка Фарғона вилоят прокуратураси вакили билдирди.

Учкўприк туман ҳокимлиги ходими эса, “тушунмовчилик борасида ички суриштирув олиб борилаëтганлигини” айтди.

Тазйиқ нишони бўлганини айтган журналист Шарифа Мадраҳимованинг ўзи Озодлик билан суҳбатда 22 апрель куни Учкўприк туман ҳокими у билан айни масала юзасидан учрашиб, муҳокама қилганини айтди.

21 апрелдаги воқеа

Мадраҳимованинг Озодликка айтишича, Учкўприк туманида озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини ëритиш учун борганида ўзини «туман ҳокимининг котиби» эканини айтган Шоҳжаҳон Мўйдинов, унинг қўлини қайириб куч ишлатиб телефонини тортиб олган:

- Мана ҳозир ҳоким қабулидан чиқдим. Англашилмовчилик бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Бош прокуратура аралашганидан кейин мени суҳбатга таклиф қилишди. Прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов вазиятни назоратга олиш ҳақида Фарғона вилояти прокуратурасига топшириқ берибди.

Озодлик: Сиздан 22 апрель куни англашилмовчилик деб узр сўрашибди. 21 апрелда нима бўлган эди?

- Туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилингани ҳақида туман ҳокимлиги хабар бериб, маҳсулотлар нархи арзонлигини тармоқда ëзди. Мен бу хабарни текшириш учун ярмарка ўтаётган жойга бориб видеога олдим. Бирдан Шоҳжаҳон Мўйдинов деган хокимлик ходими етиб келиб, қўлимни қайириб телефонимни тортиб олишга уринди. Телефонни бермадим. Милиса чақирди. Шундан сўнг шахсимни аниқлаш учун туман ИИБга олиб кетишди. Эрим журналист эканлигим ҳақидаги ҳужжатни олиб келиб берди. Шунга қарамасдан туман ИИБда икки соатдан кўпроқ ушлаб туришди. Улар мен тақдим қилган Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан берилган аъзолик гувоҳномамнинг ҳақиқий ёки сохталигини аниқлаш учун уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан боғланишди. Муҳаммаджон Обидов аъзолик гувоҳномаси ҳақиқий эмаслигини айтиб, журналистга қандай чора кўрсанглар кўраверинглар! деди. Хона кичик бўлгани учун унинг овози менга аниқ эшитилиб турди. Шундан кейин "ҳоким қўйвор деса, қўйворамиз" деб, яна олиб ўтиришди. Мен уларга ҳоким қонундан кучлими?'" деганимдан сўнг қўйиб юборишди. Лекин телефонимда мен суратга олган видеоларни ўчириб ташлашибди.

Озодлик воқеа юзасидан Учкўприк туман ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимлик умумий бўлими ходими Муҳсин Мирзаев воқеанинг англашилмовчилик оқибатида юз бергани ва Шарифа Мадраҳимова етук журналист сифатида ҳурмат ва эътиборга лойиқлигини айтди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов ўзининг facebookдаги саҳифасида Шарифа Мадраҳимова билан боғлиқ вазиятга баҳо берди.

"Шарифа Мадраҳимованинг интервьюсини кўрдим. Унга қўйилаётган постларни ҳам ўқиб боряпман. Бир оз сабр қилайликчи, аслида бор гап юзага чиқар... Ҳозирча шуни айтмоқчиманки, Шарифа Мадраҳимова “Муҳаммаджон Обидов бу ҳужжат ҳақиқий эмас экан дебди” деган гаплари ғирт ёлғон ва туҳматдан иборат".

Озодлик Обидовнинг ўзи билан боғлана олмади.

Қонун бузилди

Тошкентдаги "Simay" адвокатлик бюроси ҳуқуқшуноси Умид Давлетовнинг айтишича¸ журналист фаолиятига тўсқинлик қилган Учкўприк туман ҳокимлиги ходими камида икки қонунни бузган:

- Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 4-моддасига кўра¸ Ўзбекистонда ҳар ким “ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш” ҳуқуқига эга. Демак ҳокимлик ходими мана шу моддани бузди. Иккинчидан, Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасига кўра¸ “Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.9-моддасида эса журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмаслиги аниқ ëзилган. Журналист телефонидаги тасвирларни ўчириб ташлаган мулозим қонуннинг шу моддасини бузди.

Ўзбекистон сўз ва матбуот эркинлиги ëмон бўлган давлатлар қаторида санаб келинади. Кейинги 3 йилда мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият бир қадар яхшилангани ҳам айтилади.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2020 йилдаги сўз эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 156 ўринга чиқди. Бу 2019 йилдаги рейтингдан 4 поғона юқоридир. Ўтган йили Ўзбекистон 160 ўринда эди.

Рейтингда 180 давлатдаги сўз эркинлиги ҳолати баҳоланган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Оғир ҳолатдаги, касаллик билан курашиб ётган беморларни кўрсатиш керак”

203 12:53 09.07.2020

"Касалликка чалинган одамнинг уйда даволаниши мумкин эмас!"

299 12:33 09.07.2020

"Автомобил салонидаги ёлғиз ҳайдовчи ниқобсиз юриши мумкин" деган гап йўқ...ми?

702 12:20 09.07.2020

Брифинг: Нега Тошкент шаҳри ва вилояти ўртасида ҳаракат тақиқланмади?

530 12:17 09.07.2020

“Коронавирус Ўзбекистоннинг қарийб барча ҳудудларда қайд этиляпти”

229 12:10 09.07.2020

Транспорт ҳаракати чекланмоқда

412 08:50 09.07.2020
« Орқага