Илм

Фаришталар кимни дуо қилади?

944

Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бирон мусулмон кимса бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади.

Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади», деб айтганларини эшитдим (Термизий).

Шарҳ:
Ушбу ҳадисда фазилатли амаллардан бири айтилмоқда.

Яъни, мазкур амал соҳиби ҳаққига фаришталар хайр дуо қилишар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи  васаллам кимни ҳаққига фаришталар хайр дуо қилишса Аллоҳ таоло уни гуноҳларини кечиришини айтганлар.

Қайси бир кимса Аллоҳ таоло розилиги нияти ила бирон бир бетоб инсонни, у қариндошми ёки бегонами, каттами ёки кичикми зиёрат этса, фаришталардан унинг ҳаққига бўладиган дуога сазовор бўлар экан.

Бу ердаги асосий нарса беморни Аллоҳ ризоси учун зиёрат қилишдир. Ва қолаверса бемор олдида кўп ўтирмаслик, эзмаланиб кўп гапирмаслик, унинг ҳаққига саломатлик тилаб дуо қилиш, иншааллоҳ яхши бўлиб кетасиз, дея  кўнглини кўтариш зиёрат одобларидан бўлади.

Аллоҳнинг Элчиси бемор олдига кирсалар:  "Зарари йўқ, Аллоҳ хоҳласа, яхши бўлиб кетасиз" дер эдилар.

Бемор зиёратида: "Ўҳҳўў, мунча озиб кетибсиз, тамом бўпсизку", каби азият берувчи сўзлардан тийилиш лозим.

Имконга ва бемор ҳолатига қараб бирон бир ҳадя берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ана шундайин зиёрат сабабли фаришталар дуосига лойиқ бўлиш ва Аллоҳ таоло фазли ила гуноҳлардан фориғ бўлиш имконимиз бор экан.

Ҳадисдаги кечқурун зиёрат қилишдан мурод қоронғу тушгач деган маънодадир. Тун ярмида бориб безовта қилимаслик одобга мувофиқ бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади», дедилар (Термизий).

Демак, ниятни тўғри қилиб, бирон манфаат кўзламай, фақатгина Аллоҳ ризоси истагида бирон биродарини зиёрат қилиниши шунчалар манфаатли эканки, ҳам фаришта дуосига ва ҳам жаннатийлар амалига мувофиқ бўлган амал соҳиби бўлинар экан. 

Бундайин имконни қўлдан бермайлик, бирон бемор бўлса Аллоҳ ризоси ниятида зиёрат қилиб,  фаришталар дуосига сазавор бўлиш имконимиз бор!

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фаришталар ҳақидаги рост ва ёлғонлар...

1464 22:00 20.02.2020

Ўзимиз ҳам фаришта эмасмиз...

913 11:00 19.02.2020

Фаришталарни кўриш мумкинми?

2231 20:20 12.02.2020

Фаришталар ҳақингизга дуо қилишини истайсизми?

2519 16:48 11.02.2020

Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас...

898 21:20 10.02.2020
« Орқага