Наср

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

716

Фазилат ўғлини кийинтирар экан, бир томондан қайнонасининг маломатлари, бир томондан эрининг ўзига эътиборсизлиги, онаси билан муаммоларда қўллаб-қувватламаслигини ўйлаб, алами тўлиб-тошаркан, бу тошқинлар ичида жажжи ўғилчаси силтаниб, болалик қувончи бўғилаётганди.

—  Кий, деяпман сенга! Енгингни тўғри кийишни қачон эплайсан сен бола?! Отангга ўхшамай кет!

Онанинг ҳис-туйғулари, ўйлари эзилса, поймол қилинса бу ноҳақликнинг  жазосини ҳар доим фарзанд тортади.  Кучли ожизни эзиши, ҳақсизликка дучор бўлганининг аламини ўзидан бир поғона қуйидаги инсондан олиши негатив инсоний инстинкт бўлса керак. Бироқ бу инстинктнинг масъумлиги ҳар заррасида очиқ-ойдин кўриниб турган бир гўдакдан олиниши виждон қабул қиладиган иш эмас.  Боланинг феъл-атворига қилинган бу ноҳақ маломатлар ва ғазабланишлар уни ўша лаҳзаларда инжиқланиб, кўз ёш тўкишига олиб келганидек, руҳида бир умрлик жароҳат изларини қолдиради.

—  Кийяпман-ку, ойижон,- деди болакай йиғламсираб.

Онанинг ғазабига у ойна бўлди. Тўрт ёшли жажжи танаси жаҳлдан қалтирай бошлади. Она боласининг иссиқ кийими тугмаларини тезгина ўтказиб, эшикни жаҳл билан ёпди-да, ўғилчасининг қўлидан маҳкам тутиб олди. Олдинда Фазилат, орқада жажжи Алишер кетарди. Тонг изғирини анчагина аччиқ, Алишернинг бурни совуқдан қизариб ачиша бошлади. Дўмбоқ қўлчасини чўнтагидан чиқариб бурунчасини ушлаб-ушлаб қўяр, ғазаб билан юриб кетаётган онасининг ўзига-ўзига сўйлаётганлари ҳавода буғга айланиб учар, Алишерга онасининг жаҳли ҳавога учиб кетаётгандек туюларди.  

—  Бу қандай адолатсизлик?! Мендек бир неча йил ўқиган, иқтисодчи, карьерасида анча илгарилаган аёл уйда ўтириб бола боқиши, овқат пишириши, камига қилган ишилари ёқмай қайнонаси, эрининг ғингшишларига дуч келиши мутлақо ҳақсизлик. Эҳ, эҳ дунёнинг ишлари-я! Ҳолбуки, қандай баланд мартабаларга эриша оларди…

Алишер орада бир мунчоқ кўзларини ҳаводаги буғли туманга тикди. Онасининг жаҳлини чиқармаслик учун чарчаса ҳам унинг ортидан югургудек бўлиб юряпти.

Масжиднинг икки айри бурчагида икки киши дуо қилиб ўтирибди...

Буғдой сотувчиси

Парвоз

Бироздан кейин автобусга чиқишди. Совуқнинг аччиқ заҳридан қутулиб, автобуснинг иссиқ, лекин ёқимсиз ҳавосига сиғинишди. Тиқилинч автобусда йўловчиларнинг нафаси қоришган, камига ҳар хил ифорларнинг ҳиди қўшилиб димоғни бўғадиган ҳаво юзага келганди. Ўриндиқлар банд бўлгани учун она-бола автобус тутқичига суяниб одамларга разм солишди. Бу орада автобусдаги йўловчилар ҳам бошдан-оёқ кўз ташлаб олишди. Шундоқ қаршиларидаги ўриндиқда, қучоғида боласи, ёнида, кўринишидан эри бўлса керак, бир эркак билан ўтирган эди. Аёлнинг бағридаги гўдак индамай ташқарини томоша қилиб кетяпти. Бу орада онасига қараб илжайиб қўяди.  Онаси ҳам чексиз севги ва шафқат билан боласига гапирар, сочларини силар,  боласини ўраган чойшабнинг уёқ-буёғини тўғрилаб қўярди. Аёлнинг ёнида ўтирган эри эса бу маназарани меҳр билан томоша қилиб табассум қиларди.   Фазилат уларга бироз тикилиб турди-да, турмакланган сочларини орқага отиб:

—  Бахтиёрлик ўйинини ўйнашяпти, тағин, одамларнинг кўз олдида!- дея бошини ойна дераза томонга ўгириб олди.

Ўйинқароқ Алишер онасининг палтосидан тортқилар, бошидаги қалпоғини туширар, бармоқчалари билан тутқичларга, ўриндиқларга сурат чизар, автобусда сиқлиб, тек турмасди.

Фазилат хаёл билан тутқичга суяниб турар экан, чўнтагидан телефони тушди. Онаси телефони тушиб қолганини сезмагани учун Алишер уни олмоқчи бўлди. Автобус силкинганида сурилган телефонни олмоқчи бўлиб олдинга қараб йиқилди. Шундоқ эгилиб телефонни олганида автобус бирдан тормоз берди ва Алишер бошини тутқичга қаттиқ уриб олди. Болакай қўрқувдан чинқириб йиғлашга тушди. Фазилат боласининг қўлидан тутиб, бошини кўздан кечирди. Хайрият ҳеч нарса бўлмаган экан. Лекин бир зумда хавотири тарқаб, болани силтаб-жеркишни бошлади:

—  Қандай боласан-а?! Бола эмас бало бўлинг-ку! Чўнтагимдан телефонни олмоқчи бўлиб туширдинг, ердан олмоқчи бўлиб ўзинг йиқилдинг. Қўлингни кир қилдингми?! Оҳ, Худойим-ей! Одамларнинг олдида шарманда қилдинг мени!

Алишер онасининг жеркишларидлан чўчиб баттарроқ йиғлай бошлади.  Бу орада қучоғида гўдагини қучиб ўтирган аёл чидолмади ва орага қўшилди:

—  Опажон, узр, аслида сиз ўйлаганингиздек бўлмади.

Оғзини очишга улгурмай Фазилат уни оғзига гап билан урди:

—  Ҳааа, шунақами?! Мен нима деб ўйлаётган эканман унда?! Қучоғингизда болангиз, ёнингизда эрингиз билан ўтирибсиз. Ўтирган жойингиздан менга насиҳат қилишиниз осон албатта. Мен бу боланинг дастидан қандай кун кўришим ўзимга аён! Сиз қаердан ҳам билардингиз?! Болангизни қаранг, жимгина ўтирибди, жилмайиб кулади бағрингизда. Кап-катта бола оғзини очиб гапиргани йўқ, бир бебошлик қилгани йўқ. Гапиринг, гапиринг, сиз ҳам менга ҳаммага ўхшаб насиҳат қилинг! Ўтирган жойидан гапириш осон, бировнинг ҳол-аҳволини билмай туриб тилни бурроқ қилиб гапириш жуда осон, тўғрими?

Аёл бир оғиз гапирмай бошини дереза томонга ўгириб олди. Ёшга тўлган кўзларини кўрсатишни истамасди. Қучоғидаги боласининг бошидан оҳиста ўпиб қўйди. Бу орада эри:

—  Тушадиган бекатимизга оз қолди, онаси. Тушишга тайёрланамиз- деганди, аёл ўзига келди.

Кучли бўлишга мажбур эди. Сумкасидан иссиқ кийим чиқарди ва ўғлининг устидаги чойшабни олди. Эркак орқа томондан ногиронлар аравачасини олиб келди. Бола ногирон туғилган, юролмасди. Бир зумда автобусда ғала-ғовур бошланди.

Фазилат боягина айтган гаплари учун шолғомдай қизариб кетган, хижолат ва уятдан нима дейишини, нима қилишини, нима ўйлашини билмасди. Пушаймонлик, шукрми, узрми, аллақандай исмсиз туйғулар юрагини ўртаётганди. Бемор боласига иссиқ кийимини оҳиста кийдираётган онанинг ёнига оҳиста яқинлашиб:

—   Мени кечиринг, кўпдан кўп узр сўрайман. Илтимос, кечиринг мени! - деди.

—  Астағфируллоҳ! Кечириш, афв этиш Аллоҳнинг мақоми. Сиз ўйламай айтган гапларингиз учун Аллоҳдан афв сўранг. Аллоҳ таоло барча махлуқотлларига лутфу марҳамати ва адолати билан ҳукм этган. Бандаларига имтиҳон василаси ўлароқ неъматлар ва мусибатларини ҳар хил юборган. Баъзан  менинг ҳам кўнглимдан кечади, менинг ўғлим ҳам шўхлик қилса, югурса, гапирса, бошимизни оғритса, деган армонли ўйлар. Лекин бизнинг Роббимизга бўлган таслимиятимиз ва эътиқодимиз мустаҳкам. Иншааллоҳ, Аллоҳ субҳона ва таоло сизнинг ҳам қалбингизга фараҳлик беради…

Аёлнинг эри оҳиста қўлидан тутиб:

—  Онаси, тушамиз, келдик!- дея автобуснинг ўрта эшигидан ўғли ўтирган ногиронлар аравачасини оҳиста юргизиб туширди.

Йўловчилар бу воқеанинг таъсирида карахт бўлиб қолгандек қимир этишмасди.  Ҳамма автобус деразасидан бемор ўғлини меҳр билан аравачада олиб кетаётган юз-кўзида бахт, хотиржамлик ва таслимиятни яққол намоён этган эр-хотинни кузатиб қолди…

Умида АЗИЗ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага