Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Фарзанд тарбиясида «рағбатлантириш»

833

–  Дадам қачон телефонимни янгилаб беради? Ўртоқларимда сўнгги русумлиси бор. Мен бу оддий телефонни тутгани уяляпман. 

Ҳали олиб берилганига кўп бўлмаган Адҳамнинг қўлидаги телефони унга ёқмай қолди. Ота-она боланинг ана шундай эҳтиёжларини қондириш учун тинмай меҳнат қилишади. Гоҳи туғилган кунларида, баъзан бола хоҳлагани учун айтгани муҳайё бўлади. Пул топишга сарфланган вақтлари бола тарбиясига етмаяпти. Ўша олиб берилган энг сўнгги русумдаги телефон бола тарбиясига салбий таъсир қилаётгани, билим олишига ҳалақит бераётгани айни ҳақиқат.

“Болам ҳеч кимдан кам бўлмасин!” деган тушунча болажон ўзбек халқига хос. Афсуски, одамлар орасида фақатгина боланинг моддий эҳтиёжи учун ҳаракат қилаётганлар, маънавиятига эътибор бермайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳаттоки, қизларини ўқитишни истамайдиган, ўғли мактабни тамомлагач “энди ўқиб нима қилардинг, ундан кўра ишла”, дейдиганлар бор. Улар бир вақтлар моддият учун ҳаракат қилишган, энди фарзандларидан ҳам ана шу моддийликни талаб қилишади. Бироқ, бугун замон маънавиятга кўпроқ эҳтиёжманд. Юксак маънавиятли инсонлар фақат оиласи учун эмас, жамиятга керак ва улар ҳаётда ўз ўрнини топишмоқда. Турли тилларни ўрганиб, фанлар билан шуғулланиб, замонавий техникани ўрганаётган болалар  албатта юксак салоҳиятли бўлишади. Бироқ, улғайганда ўша илм ортидан хорижга кетиб қолаётганлар, ота-онани йўлларида зор қилаётган, чет элда ота-она ризолигисиз уйланаётган йигитларнинг аксарияти, афсуски диний билимга эга бўлмаганлардир. Сабаби, диний илм тарбиянинг ҳам, таълимнинг ҳам мукаммал уйғунлигидир. 

Ижтмоий тармоқларда 30 пора Қуръони ёд олган болага отаси скутер совға қилгани тасвирланган видео кенг тарқалди. Қуръон илми билан қалби зийнатланган бу бола эртага ота-онасини рози қиладиган фарзанд бўлади.  Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилиш, уларни ранжитмаслик жуда кўп марта такрорланган. 

Бу боланинг отаси мусофир юртда экан. Балки, фарзанди тарбияси билан шуғулланишга рўзғор ташвиши сабаб вақти бўлмаётгандир. Шу сабаб болани Қуръон илми билан тарбиялашга аҳд қилган. Зеро, ота-она борасида гўзал оятлар берилганки, бу тарбия билан зийнатланган бола эртага ота-онасини ҳурмат-иззат қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”, дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ота-онаси ҳали кексалик ёшига етмасдан уларни беҳурмат қилаётганлар, кексайганда хўрлаётганлар, ака-ука, опа-сингил оқибатининг йўқолиб бораётганлиги, буларнинг барчаси тарбиядаги нуқсонларнинг ва диний илмнинг йўқлигидан назаримда. Бугун диний илм олиш учун барча имкониятлар яратилган. Республикамизда Қуръон курслари, араб тили дарслари ташкил этилган. Шунингдек, фарзандларимизни тарбиялайдиган тарбия курслари борлиги ҳам кишини қувонтиради. Сабаби, бугунги ота-оналар орасида диний илмда, бола тарбиясидан йироқ, “ўзи тарбияга муҳтож” ота-оналар кам эмас. Боласидаги ўзгаришни руҳий бузилиш деб “психолог”га мурожаат қилаётганлар ислом дини энг яхши ҳам руҳ, ҳам таъна тарбиячиси эканлигини билишганида, кўплаб муаммоларнинг олди олинган бўларди...

Ҳозир кўпчилик болаларимиз ёзги таътилни ўтказмоқда. Уларнинг бўш вақтлари кўп, бу эса диний илм олиш учун яхши имконият. Масалан, “Мезана” илм марказида қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида араб тили курслар, ўғил болаларга одоб-ахлоқ курслари бор.

Болаларни тарбиялашда уларни рағбатлантириш масаласи жуда самарали усул ҳисобланади. Шу ўринда, уларни фойдали нарсалар билан рағбатлантиришимиз лозим. Оддийгина уй юмушларини бажариши билан меҳнат қилишга ўргатиш, аъло баҳолари билан илм олишга рағбатлантириш, диний билимларни ўрганиши орқали мусулмон умматига хос фазилатларга эга бўлишига эришишимиз мумкин.

Камола Адашбоева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фарзандсизлик ният қилинган никоҳ

3087 09:45 01.12.2022

Орзу-ҳавас фронти

1071 20:05 27.11.2022

YouTube болаларни «ютиб» юбормасин!

649 08:35 09.11.2022

«Ўғлинг учун эмас, қизинг учун совчи қўй...»

1218 17:10 08.11.2022

Болангизни сотманг!

1121 20:00 28.10.2022

Болаларимизни ўлдирмайлик!

839 19:05 29.07.2022
« Орқага