Фарзандим ҳофизи Қуръон бўлсин, десангиз...

20:00 05.02.2019 3422

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанди ҳофизи Қуръон бўлишни орзу қилмаган мўмин ота ва мўмина она бўлмаса керак. Бу гўзал орзу оила қуриш ёшидаги чин мўмин йигит–қизларнинг ҳам яккаш хаёли десак, инша Аллоҳ ёлғончи бўлмаймиз. Аммо орзу-ҳавасни ҳақиқатга айлантириш, афсуски, ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Орзуга эришиш йўли машаққатли довонлар, ўнқир-чўнқир йўллардан иборат узоқ давом этадиган йўлчилик. Бу йўлчиликда мақсадига эришиб, ёруғ юз давом этаётган кўп хонадонлар бор. Шундай хонадон соҳибаларидан бири, саккиз фарзандини қори ва қория қилиб тарбиялаётган онажон билан болаларга Қуръони Кариймни ўргатиш сири хусусида суҳбатлашишни лозим топдик. Дилбандларининг қалбини Қуръон нуридан мунаввар қилиб тарбиялаб, вояга етказган ҳофизи Қуръонларнинг онажониси бугун кичкинтой Муҳаммад, Аиша ва Хадийжаларни Қуръонни ўқиш, ўрганиш ва ёд олишлари учун жидду жаҳд билан ҳаракат қиляптилар. 
— Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ. Опажон, авваломбор суҳбатга рози бўлганингиз учун миннатдорлигимни қабул қиласиз! Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Бугунги суҳбатимизни мўмин ва мўминалар учун хайрли, манфаатли қилсин! Энди, изнингиз билан саволларга ўтсак. Замонавий билимлар ҳар қанча қизиқарли, сердаромад бўлса-да, солиҳа оналар фарзандларининг аввало Қуръон ўрганишига жиддий эътибор қаратадилар. Бу борада мен таниган оналар орасида Аллоҳ сизни гўзал неъматлар билан ризқлантирган. Аллоҳ зиёда қилсин! Солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялашда аввало нималарга эътибор бергансиз?
— Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Суҳбатга таклиф қилгангиз учун раҳмат. Солиҳ ва солиҳалик мўмин мусулмон инсонлар учун бебаҳо неъмат. Аллоҳ қайсики бандасини бизга ва атрофидагиларга солиҳлик сифати билан танитган бўлса, ҳар бир инсонга хос хато ва нуқсонларини икки дунёда сатр қилсин ва ўзи кечирсин деб дуо қиламиз. Исломни бизга қадар етиб келишида ўз хизматлари билан ҳисса қўшган  ҳар бир ўтган устозлар солиҳликнинг асоси — ҳалол луқма ва покиза ахлоқда дея эътироф этганлар. Ота-она учун фарзанд — омонат. Бу борада рисоладигидек омонатдорлик қилиш учун фарзанднинг луқмаси ҳалол бўлишига жиддий эътибор бериш билан бирга жигарбандининг ҳақига гўзал дуолар қилиш керак. Мен солиҳ ва солиҳа фарзандлар тарбиясида шу икки жиҳатни муҳим санайман.


— Табиийки, ёш бола учун Қуръони Кариймни ўқиш, ўрганиш машаққат туюлади. Сизнингча, ўйинқароқ, шўх болажонларни Қуръонни ёд олишга қизиқтириш учун нималар қилиш керак?
— Бола ҳеч қачон эшитгани билан ҳаётни англаб идрок қилмайди. Ҳар бир бола оиласида кўрганига тақлид қилади. Ва ота-онасининг ҳаёт тарзига эргашади. Ота-оналар фарзандидан нима кутса, аввало ўзи шу истак билан яшаши керак. Қайсидир соҳада фаол бўлган инсонларни кузатсангиз, албатта, оиласида кимгадир эргашиб танловини танлаган бўлади. Илм кишиларида (хоҳ дунёвий, хоҳ диний бўлишидан қатъий назар) ҳам кўп ҳолатда бу ёзилмаган қоида шаклланган. Кичик мисол: Оилада беш опа-акаси бор ва уларнинг қўлида доим китоб-дафтар кўриб одатланган бола, ҳаётнинг ҳаммаси дарс, дея ўйлайди. Унинг тасаввурида уй эшигидан чиққан  инсон "дарсга боради". Ва ўзи ҳам тезроқ мактабга чиқиб, акалари ва опаларидек "катта" бўлишини интиқиб кутади. Дарс аслида қандай бўлишини кашф қилган вақтини ҳар доим қувонч билан таърифлайди.
— Ўткир зеҳнли, қобилиятли ва Қуръонга муҳаббатли бўлишлари учун болажонларни болалигидан, ўйинчоқ ва ўйинлардан чегаралаш қанчалик тўғри?
— Инсоннинг эркинлигини тақиқлаш қанчалар хато бўлса, ёш болаларни эркинликларига, истакларига қаршилик қилиш ундан-да хатарлироқ. Бола истганича яшашини қувватлаб, унинг истакларини тартибли жадвалга солишда ёрдам бериш тўғрироқ деб ўйлайман. Болани мажбурлаш йўли билан бирор яхшиликда давомли қолишига эришилмайди. Болани истаклари билан боладек яшашига ёрдам берган ҳолда унга илмни яхши кўришни  ўргата олишга ҳаракат қилиб чора излаш керак. Бу чора ва тадбир болаларнинг табиатига кўра фарқланади.
— Фарзандларингизнинг хулқи ва замонавий билимларни ўрганишида қори, қория эканлиги ёрдам берганми?
— Албатта Қуръонни ҳаётда ўз дастури деб ишонган инсон тўғри йўлдан  тойиб кетмасликка интилади, ҳаракат қилади. Қуръонни англаш ёд олишдан кўра кўпроқ фойда беради. Айни сабаб Қуръонга боғланган инсон ўз устида тинимсиз ишлаш ва изланишда бўлишини шакллантиради. Изланишлар, албатта, тинимсиз ўқиб-ўрганиш эвазига бўлади.


— Фарзандлари ҳофизу Қуръон бўлишини орзу қилаётган ва бу йўлда қандай қадам қўйишни билмаётган ота-оналарга қандай тавсия ва маслаҳатларингиз бор?
—  Фарзандини илмли, оқил бўлишини истаган ҳар бир ота-она илмга интилишни ўзи бошлаши керак. Ҳар бир оилада эркак раҳбар бўлади. Ота раҳбар сифатида аёлига ва фарзандларига ибрат, она болаларидан талаб қила оладиган даражада ўзи ўқиётган ва ёд олаётган ҳолатда яшаши керак. Арабларда гўзал мақол бор: "Фарзанд ўз онасига эргашади". Демак бу жабҳада оналарнинг ҳаёт тарзи фарзандлар учун кўпроқ таъсир қилади. Оталар адолатли, она ва болалар итоатли бўлган хотиржам муҳитда Ислом ва Қуръон муҳити шаклланади.
— Қимматли вақтингизни аямаганингиз ва гўзал суҳбат, фойдали тавсияларингиз учун ташаккурлар! Аллоҳ сиз ва фарзандларингизни ҳифзу ҳимоясида асрасин! Роббимиз ҳофизи Қуръон дилбандларингизнинг илмини зиёда этсин, дини Ислом ва Уммати Муҳаммадга хизмат қилишликдек бебаҳо саодатга муяссар қилсин! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ.
— Сизларга ҳам ташаккур. Фарзанд тарбиясидек масъулияти, залворли бурчда ота оналарга  сабр-тоқат ва ҳикмат тилайман. Муштарийларингизни икки дунё яхшиликларига эслатма бўлгувчи мақолаларингиз давомли ва баракали бўлсин.

Суҳбатдош: Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!