Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак

20:20 26.02.2018 2076

Кечани кундузга бойлашинг керак,
Қуръонни қалбингга жойлашинг керак,
Жаннатда тож кийиб яйрашинг керак,
Булбул хонишидек сайрашинг керак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Ҳар битта ҳарфига юз мингта савоб,
Қабрингга чироқдир, саволга жавоб,
Мағзини чақиб ол, излама сабаб,
Ажрга тўлгайдир ердан то фалак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Умримиз дарахти тўкмоқда япроқ,
Бу дарахт кесилиб, йиқилар, бироқ,
Қорилар жасадин чиритмас тупроқ,
Бу буюк довонни ҳатлашинг керак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак. 

Хоразмий, Насафий, Бухорий бобом,
Фарғоний, Тошкандий, Туробий бобом,
Қуръонни ёд олган Сурморий бобом,
Илоҳий каломга талпинар юрак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Сиротда ҳамроҳинг, тутар қўлингдан,
Қоқилма, бурилма тўғри йўлингдан,
Шафоат қилғайдир ўнгу сўлингдан,
Дуога қўл очган минг битта малак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Умматнинг яхшиси – Қуръон ҳофизи,
Суннатнинг яхшиси – Қуръон ҳофизи,
Жаннатнинг  яхшиси – Қуръон ҳофизи,
Илмга ташналик набавий тилак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Бизда бор Афасий, Миншавий, Моҳир,
Ҳавас қилса арзир, барчаси зоҳир,
Юртбошим Қуръонга йўл очди ахир,
Бугундан бошлай қол, шимариб билак,
Фарзандим, Қуръонни ёдлашинг керак.

Эркин ҚУДРАТОВ,
“Мир Араб” ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси

Манба: Quran.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!