Таҳлил

Фарзандингизни «чироқ қули»га айлантирманг!

1477

Одатдагидек, ўқишдан қайтаётган эдим, таксида бир она ва бола ҳам бор эди. Боланинг серсаволлигини кўриб тўғриси ҳайрон қолдим. “Машина қандай юради?” “Нега автобуслар кўп тўхтайди?” каби бир-биридан ажойиб саволлар билан онасига мурожаат қилар эди. Она эса қўлидаги телефонга термулганча интернет оламида кезиб юрарди. Бола саволларига жавоб ололмагандан сўнг хархаша қила бошлади. Четдан кузатиб туриб, ана энди она боласига эътибор қилса керак, деб турган эдим. Она сумкасидан яна бир телефонни чиқариб, болага тутқазди.

Шу билан серсавол болакай ҳам ўйинга шўнғиди. 

Бу ҳозирда оналарга таниш ва, ачинарлиси, бу оддий ҳолга айланиб қолган. Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Фарзандларимизни қандай ва қачондан тарбиялашимиз зарур?  Бу  саволлар барча оналар учун қизиқ. 

Фарзанд – бебаҳо неъмат. Ўзбеклар азал-азалдан болажон халқ ҳисобланади. Ота-боболаримиз “она қадрини она бўлсанг биласан”, деб бежизга айтмаганлар. Ҳа, албатта, бу туйғуни фақатгина фарзандлик бўлибгина ҳис этиш мумкин экан. 

“Бола лой, она – кулол” дейди доно халқимиз. Бола туғилгандан бошлаб тарбияга муҳтож бўлади. Уни тарбиялаш учун  онадан катта сабр ва матонат талаб қилинади. Юқорида берилган мақолга эътибор берсангиз бежизга болани лойга, онани кулолга ўхшатилмаяпти. Биламизки, лой бу жуда юмшоқ бир суюқлик бўлиб, агар уни кулол бир йўлга йўналтирмаса у қандай шаклда турган бўлса ўша ҳолича қотиб қолади. Агар кулол сабр ва маҳорат билан лойга меҳр берса, ундан ажойиб санъат асари пайдо бўлади. Агар она ҳам фарзандига ёшлигидан сабр билан тарбия бера олса, келажакда у фарзанд албатта комил инсон бўлади.

2019 йил мен ҳам она бўлдим. Ростдан ҳам бу ажойиб бир туйғу экан. Фарзандим ҳали жуда кичкина бўлишига қарамасдан, мен унинг  тарбияси ҳақида кўп ўйлайман. Бугунги кунда болаларнинг жуда кўп қисми телефон деган матоҳга қаттиқ боғланиб қолган. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Эътибор берсангиз кўчадами уйдами болаларнинг қўлида телефон. Қўпол қилиб айтганда болани овозини ўчириш учун телефон бир қуролга айланиб қолди. Хўш, бунинг сабабчиси тарбияга муҳтож болажонларми ёки биз – ёш оналар?

Фикримча, бу ҳолатнинг асосий айбдори биз катталар. Чунки болани ёшликдан нимага ўргатсак, шунга кўникади. Ҳозир чақалоқлигидан фарзандларимизни мана шу чироққа қул қилиб қўйяпмиз. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун эса, аввало, биз оналар ўзимизни тарбиялашимиз зарур. Фарзандларимизга кўпроқ вақт ажратишимиз, уларга китоблар ўқиб беришимиз керак. Бу эса болада китобга бўлган қизиқишни уйғотади ва шу билан бирга унинг дунёқарашини ўсишига ҳам ёрдам беради.

Руҳий тадқиқот натижаларига кўра, инсон феъл-атворининг 80 фоизи беш ёшгача бўлган даврда шакилланиб улгурар экан. Айни шу даврда ота-онанинг тарбиядаги эътибори, оилавий муҳитнинг соғломлиги фарзанд камолида катта аҳамият касб этади. Шундай экан, фарзандларимизга эътиборни бироз кучайтиришимиз ва кўпроқ вақтимизни  уларнинг тарбиясига ажратишимиз керак. Ҳозирги кунда ёш оналар бола йиғласа, уни жим қилиш учун телефон тутқазишади. Катталарнинг телефонга ўргатмаслик керак, деган танбиҳига эса шу  билан жим бўлади-да, дея жавоб қилишади. 

Азиз оналар, эслаб кўрингчи, болалигингиз қандай ўтган? Кўчаларда болалар билан турли ҳил ўйинлар: “арғимчоқ учиш”, “беркинмачоқ”, “ўртага тушар”... буларни эслаш ҳам одамга мароқ бағишлайди. Кўрдингизми, болаликдан ажойиб хотиралар жуда кўп! Энди бир ўйлаб кўрингчи, ҳозирги замон болажонлари улғайгандан сўнг, болалик хотираларим деб нимани эслашади?

Телефондаги ўйинларними ёки мультфильмларними?

Статистик маълумотларга кўра, уяли телефон тутувчилар бош оғриғи, бош айланиши, ўзини ёмон сезиш, қулоқ атрофида «иссиқлик» ҳис этиш, кўнгил айниши, тез чарчаш каби ҳолатлардан шикоят қилишади. Илмий хулосаларда уяли телефонлардан фойдаланиш ҳақиқатан бош оғриғи ва ҳорғинликни келтириб чиқариши айтилади. Уяли телефонлар орқали қанча узоқ ва тез-тез гаплашилса, бош оғриғи шунча кучаяркан. Шунингдек, гаплашувчиларда кўзларнинг ёшланиши, уйқусизлик, дармонсизлик ҳам кузатилади. Болалар ва ўсмирлар саломатлигига уяли телефонларнинг турли даражадаги зарарлари исботланмоқда. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болаларнинг уяли телефонлардан узоқ вақт фойдаланишларини тавсия қилмайди. 
Танганинг икки томони бўлганидек, телефоннинг ҳам яхши ва фойдали томонлари кўп. Масалан, унда электрон китобларни мутола қилиш ва ижтимоий тармоқлардаги турли хил дарсларни ўрганиш мумкин. Бу эса фойдаланувчининг вақтини унумли сарфлашга ёрдам беради.

“Ўн ёшгача бўлган болалар танасининг асосий аъзолари (бош мия, кўз, қулоқ, асаб ва суяк тизимлари) ўсишда ҳали тўла шаклланмаган бўлади. Уяли телефон ақлий қобилиятни камайтириб, асабийлашишга олиб келади, ўқувчини ва унинг атрофидагиларни машғулотлардан чалғитади. Ҳар бир одам мобил телефонининг ўз организмига таъсир кучини камайтириши мумкин. Телефон сўзлашувлари узоғи билан 10-12 дақиқа давом этиши лозим. Ишлатмаган пайтларда, иложи борича у танадан узоқроқда туриши зарур. Тунда уни, албатта, ўчириб қўйиш керак”, дейди болалар невропотологи Шерзодбек Абдураҳмонов.

Бу ҳолатда хулоса чиқариш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, азиз оналар, фарзандларингизни телефондан узоқроқ тутинг. Уларга кўпроқ эътибор беринг. Телефонингиз билан ўтказаётган соатлаб вақтингиздан фарзандингиз учун ҳам ажратинг. Уларни боқманг, балки тарбияланг. Тарбия вақтида танаффус бўлиши мумкин эмас...

Нозима Умарали қизи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Отасини сўймоқчи бўлган ўғил...

1200 08:30 04.04.2020

Уйда хотининг, фарзандларинг борлигини унутма!

849 12:00 27.03.2020

Фарзандларни солиҳ қилишнинг энг ажойиб услуби 

3412 13:40 06.03.2020

Уларнинг охирги сўзлари «ойижон» эди...

2137 00:00 06.03.2020

Имоми Аъзам нега ўз ўғлини имомликдан четлатди?

3061 13:40 05.03.2020
« Орқага