Фарзандингизни намозга ўргатишнинг 10 та усули

15:03 04.07.2018 6183

Ҳар бир мусулмон намозни беш вақт тўкис адо қилишнинг нақадар муҳимлигини яхши билади: ижтимоий мавқеи ва ҳолатидан қатъий назар, камбағалми у ёки бой, саломатми ё касал (айрим ҳолларда енгилликлар бор) – мўмин киши Аллоҳ олдида уни юксак мақомга кўтарувчи ва қалбини чароғон қилувчи ҳар кунги беш вақт намозни тўлиқ адо қилмоғи фарздир.

Намоз Қиёмат куни инсондан биринчи бўлиб сўраладиган фойдали ва эзгу амалдир. Ҳадисда шундай дейилади: “Қиёмат куни ҳисоб-китобда биринчи эътибор қилинадиган амал бу – намоз”. Намозни адо қилиш ҳар бир эс-ҳушли ва балоғатга етган мусулмоннинг бурчи, балоғатга етмаганлар эса намозга буюрилмаган, бироқ балоғат ёшига етганида бола намозни тўғри адо қилиши учун уларни болалигидан намозга тайёрлаб бормоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фарзандларингизни улар етти ёшга тўлганларида намоз ўқишга буюринглар, борди-ю улар ўн ёшдан сўнг ҳам эътиборсизлик қиладиган бўлишса, уларни жазоланглар ва ётоғини алоҳида қилинглар”. Ота-оналар фарзандлари қалбида намозга бўлган истакни пайдо қилиши ва уларда бу вазифага муҳаббат уйғотмоқлари керак. Болаларга намозни ота-онаси мажбурлагани учун эмас, балки Аллоҳ розилиги учун ўқиши кераклигини сингдириш лозим. Эътиборингизга болани намозга ўргатишнинг ўнта усулини тақдим этамиз:

1. Ота-онанинг намоз ўқиши – фарзанд учун энг яхши ўрнак!

Боланинг намоз билан танишуви она қорнидаёқ бошланади. Гўдак ўз онаси кунига беш маҳал бир хил ҳаракатни амалга оширишига кўникиб боради ва туғилмасидан олдин намоз чақалоқ ҳаётининг бир бўлагига айланади. Ота-оналар ўз фарзандлари учун биринчи ибрат мактаби ҳисобланади. Агар намоз ўқиш уларда биринчи ўринда турса ва уни маълум бир вақтга кейинга сурмай, ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилсалар, бола ўз вақтида ўқилган намознинг қанчалик муҳимлигини тушуниб етади. Намоз вақти яқинлашганда ота-она болага шундай дейиши мумкин: “Аллоҳ мени кутмоқда. Мен боришим керак!” ёки “Ў, намоз вақти бўлибди! Намозимни ўқиб олишим керак! Мен кечикмаслигим керак!” Болалар ота-онаси намозга қандай интилётганини туғилган пайтиданоқ гувоҳи бўлишлари керак. Эмизикли болани жойнамоз ёнига ётқизса ҳам бўлади, шунда чақалоқ ўз онаси намозни қандай адо қилётганини мамнуният билан кузатиб туради. Бола сал улғайганда эса, она болани қўлларига олиб, намозни шу кўйи ўқиши мумкин (боланинг тозалик қоидаларига амал қилишни унитмаслик керак). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар: саждага эгилганда болани ёнларига қўйганлар, кейин тураётиб яна қўлларига кўтариб олганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилётганда елкасига ўтириб олган кичкина қизалоқ воқеаси кўпчиликка маълум. У Зайнаб онамизнинг қизи Умама эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанда ушбу ҳолатида шунчалик узоқ қолиб кетдиларки, саҳобалар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўёки нимадир бўлди ва У киши бу дунёни тарк этдилар деб ўйлаганлар. Намозни тугатиб, ўринларидан турганларида шундай дедилар: “Елкамга набирам чиқиб олди, мен уни безовта қилишни истамадим”. Шундай қилиб, Аллоҳ бизга бажариб бўлмайдиган ҳеч бир нарсани юкламадики, она намозни ўз вақтида ўқиши мумкин. Бола яна сал каттайгандан сўнг ота-онаси қилаётган ҳаракатни такрорлашга ҳаракат қилади, уларнинг ёнида туриб бирга намоз ўқийдиган бўлади, бунинг учун фарзандингизнинг ўзида кичик жойнамоз бўлгани яхшики, ҳар доим сизнинг жойнамозингиз ёнида туради. Намоз ўқиш кундалик ҳаётнинг бир қисми, мусулмоннинг асосий мажбурияти бўлмоғи лозим, шундагина фарзандлар болалигиданоқ намозни нақадар муҳимлигини англаб етадилар.

2. Болалигидан намозга ўргатинг.

Намоз ўн ёшгача бўлган болалар учун мажбурий эмас, лекин келгусида уларнинг ўзлари намоз ўқиш истагини билдириши учун болалигиданоқ ўшанга шароит яратиб бориш афзалроқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани етти ёшдан намозга ўргатишга буюрганлар. Кўпчилик маслаҳат беришича, ота-она болаларини кичкиналигиданоқ бомдодни ўқиш учун уйғотгани афзалроқ, чунки кейинчалик уларда яхши кўникма шаклланади – бомдодга, намоз улар учун фарз бўлган ёшда ҳеч қийинчиликсиз уйғонадиган бўлишади. Уйингизни бир бурчаги ёки алоҳида хонасини намоз ўқиш учун ажратинг. Агар намоз учун уйингизда махсус жой ташкил этсангиз, фарзандларингиз намоз қанчалик муҳимлигини тушуниб етишади. Фарзандингизга бу жой намоз ўқиш учун эканлиги ва бу ерни ҳамиша покиза сақлаш кераклиги ҳақида айтиб боринг. Намоз учун жой хозирлангандан сўнг, у ерга ибодат учун махсус кийим қўйишингиз ва намоз вақтлари кўрсатилган жадвални илиб қўйишингиз мумкин.

3. Ёрдамчи кўргазмали қўлланмалар ясанг!

Болалар ҳар қандай нарсани расм, жадвал ва кўргазмали қўлланмалар ёрдамида яхши ўзлаштириб олади. Болангиз билан намоз вақти ҳафтанинг қайси куни қачонга тўғри келиши, ҳижрий йил ва ойларнинг номланиши кўриниб турадиган исломий тақвим ясанг. Ушбу тақвимдан фойдалана туриб, сиз исломий ойларни ёдлатишингиз,  вақт аталмиш тушунча билан таништиришингиз ва кунни тўғри режалаштиришнинг муҳимлигини фарзандингизга сингдириб боришингиз мумкин. Яна бир усул – шундай жадвал тузингки, унда ҳар бир ўқилган намоз қайд қилиб борилсин, жадвал якунланиши билан болангизни тақдирланг. Кейинги ёрдамчи қўлланма “Намоз дарахти” бўлиши мумкин. Бунинг учун дарахт расмини чизиш керак бўлади, фарзандингиз эса унга барглар чизиб боради:

•  Ўз вақтида ўқилган намоз учун – яшил барг, бу фарзандга Аллоҳ ундан рози эканлигини билдиради.

• Намозни кечикиб ўқигани учун – тўқ сариқ барг, бу огоҳлантирувчи белги, яъни мусулмон намозни ўз вақтида ўқимаслигини Аллоҳ хуш кўрмайди. Бунга бошқа йўл қўймаслик керак.

•  Ўқилмаган намоз учун – қизил барг, бу Аллоҳ ундан норози эканлигини билдиради ва фарзанд бу хатоси учун Аллоҳдан кечирим сўраши керак бўлади.

4. Фарзанд намоз ёшига етган кунни нишонлаш

Болангиз исломий етти ёшга тўлганида “Намоз байрами”ни нишонлаш мақсадга мувофиқдир. Болангизга шахсий жойнамоз, алоҳида кийим, намоз ўқиш учун қўлланма, намозга уйғотадиган соат совға қилинг. Намознинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беринг, Ислом асослари бўйича викторина ўйлаб  топинг, болалар ўртасида намоз бўйича конкурс ўтказинг. Кўплаб бошқача ғоялар фарзандингиз учун жуда муҳим бўлган бу ҳодисани алоҳида ажратиб кўрсатишингизга ёрдам беради.

5. Фарзандингизга Расулуллоҳни  соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўришни ўргатинг!

Ота-онанинг биринчи вазифаси фарзандга Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида дастлабки билимларни беришдир: Маккада туғилганлари, Мадинага ҳижрат қилганлари ва ўша ерда вафот этганлари ва ҳоказолар ҳақида. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги ҳикоялар сизнинг тарбия жараёнингизнинг ажралмас бир бўлаги бўлиши керак, бунинг натижасида болаларда секин-асталик билан Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлган муҳаббат пайдо бўлади, болаларни Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилган бўлсалар, ўшандай ишларни қилишга ундайди.

6. Болаларни намозга секин-асталик билан ўргатинг. “Майда қадамлар” усулидан фойдаланган ҳолда

Болани қисқа муддат ичида намозга ўргатиш жуда қийин. Аввалбошдан болани тозаликка ўргатиб боринг, унга биринчи бўлиб дуо қилишни ўргатинг, Қуръондан кичик оятларни ёдлатинг. Болангиз қачон ўзининг илк намозини ўқишга тайёрлигини ўзингиз фаҳмлайсиз. Ундан дарров барча ибодатларни қилишни талаб қилманг. Бу жараённи чўзишга ҳаракат қилингки, токи фарзанд ўзида ҳар кунги намозга секинлик билан кўникма хосил қилсин. Дастлаб кунига битта намоз ўқишни буюринг, маълум вақтдан сўнг яна биттани қўшасиз, шу тарзда фарзанд етти ёшга тўлгунча беш вақт намоз ўқишга ўрганиб олади. Бу борада фарзандингизни ҳар сафар рағбатлантириб боришни унитманг!

7. Изчилликка риоя қилинг!

Ота-онанинг мажбурияти – фарзандининг намозни қандай ўқиши, ўз вақтида ўқимоқдами, намозни ўтказиб юборишга йўл қўймаслиги, ўз ибодатларида ялқовлик қилмаслигини кузатиб бориши керак. Агар ота-она ҳар доим болани назорат қилиб борса, бу фарзанд намоз ёшигача бўлган даврга келиб болада намозга кўникма хосил бўлишига олиб келади. Бу борада ота-она боласи учун жуда юмшоқ услубни танлаши керак. У намозни яхши кўриши, намозни ота-онаси талаб қилётганлиги учун ўқимаслиги керак. Албатта болани намозни адо қилиб бораётгани учун мақтаб, тақдирлаб боринг, кескин танқид, жазо ва танбеҳдан қочишга ҳаракат қилинг.

8. Ибодат вақтини оила билан ўтказиш

Ибодатни биргаликда – ота фарз намозларда имом бўлиб – оила билан ўқиш фарзандни намозга қизиқтирадиган бош омил ҳисобланади. Айниқса бу улғайганда отасидек ота бўладиган ўғил болаларга тегишлидир. Ўғил болаларни жума куни жамоат намозига масжидга боришига ҳам алоҳид эътибор қаратмоқ керак. Мусулмонни бир бутун жамият сифатида кўриш, кўплаб мусулмонлар сафида намоз ўқиш жуда муҳимдир.

9. Дуо қилинг

Энг муҳими – барча ҳолатда Аллоҳдан ёрдам сўраш, Ундан фарзандини намозга кўнгил қўйишини сўраб дуо қилиш.

10. Намоз ва спорт

Намоз ўзида спортни ҳам мужассам қилиши жиҳатига алоҳида эътибор қаратсангиз, болангизда (айниқса у ўғил бола бўлса) намозга бўлган меҳрни уйғотиш Сиз учун қийинчилик туғдирмайди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!