Фарзандларимиз Президент мактабида ўқишини истасак...

11:30 12.03.2019 1076

Фарзандингизни Президент мактабларида ўқишини истасангиз инглиз тилини ўргатишни бошланг!

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида ота-оналарга мурожаат билан чиқди.

– Президент мактабларида қабул ва таълим жараёни Буюк Британиянинг Кембридж университети билан ҳамкорликда олиб борилишини инобатга олиб инглиз тили ўрганишнинг муҳимлиги ҳақида эслатиб ўтмоқчиман, деди ўз мурожаатида Ш. Шерматов. – Албатта, ҳали имтиҳонларнинг қандай ўтиши ҳақида маълумотлар мутахассислар томонидан ишлаб чиқилгандан кейин батафсил эълон қилинади. Инглиз тилини ўрганишни эса ҳозирдан бошлаш керак. Мактабда асосий фанлар хорижий педагоглар томонидан инглиз тилида олиб борилгани учун ҳам ўқиш жараёнида инглиз тилини билиш жуда зарур.

Президент мактабларига ўқувчилар биринчи йилда 5-10-синфларга қабул қилинишини инобатга олиб, айнан шу ўқув йилида ушбу мактабларга киришга имконият кўпроқ бўлади. Кейинги йиллардан эса қабул фақат 5-синфдан.

Энг асосийси, Президентимиз ушбу мактабларга қабул имтиҳонлари адолатли ўтишини таъминлаш вазифасини белгилаб берганлар. Шу сабабли ҳам ушбу мактабларга қабул имтиҳонлари шаффоф ва адолатли ўтишини бу соҳада дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири Cambridge Assessment томонидан амалга оширилишига келишилди.

Намангандаги мажлисда ҳам Президентимиз ушбу масалага яна алоҳида тўхталиб, бу мактабларда айнан энг қобилиятли ўқувчилар ўқиши зарурлиги, уларнинг ота-онаси ёки оилавий шароитига боғланмаган ҳолда қабул имтиҳонларини адолатли ташкил этилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Бу мактаблар қобилиятли фарзандларимиз учун ўзига хос ижтимоий лифт вазифасини ўтайди. Чунки бу каби шароитда ўқиган оддий оиланинг фарзандига келажакда катта имконият эшиклари очилади.

Шунингдек, бу мактабларга кира олмаган тақдирда ҳам фарзандингизнинг инглиз тилини билиши унинг келажакда муваффақиятга эришишига жиддий туртки бўлади.

Дунёдаги 60 га яқин давлатларда инглиз тили давлат тили ҳисобланади ҳамда энг кўп ўрганиладиган хорижий тил ҳам инглиз тилидир.

Келгусида фарзандингиз чет эллик билан сўзлашганида инглиз тилини билиши жуда қўл келади. У чет элга чиқмаган тақдирда ҳам мамлакатимизда ҳозирги кунда энг юқори ойлик берилаётган соҳаларда инглиз тилини билиш жуда муҳим экани давр тақозосидир. Қўшимча, кучли АКТ бўйича билим талаб қилинадиган соҳалардан ташқари, масалан, мамлакатимизда туризм ривожланиши натижасида бу соҳадаги корхоналар яхши мутахассисга ўртача минг доллардан ортиқ ойлик беришга тайёрлигини билдириб вакансияларни эълон қилиб бормоқда.

Инглиз тилини мактабдан ташқари пайтларда ҳам ўрганиш имкониятлари кенг. Биз ёшлигимизда инглиз тилидаги аудио ёки видео бўлса, дўстларимиздан илтимос қилиб олиб ўрганар эдик. Ҳозир эса интернет имкониятларидан фойдаланилса, умуман инглиз тили базаси бўлмаган бола ҳам уни жуда яхши ўрганиб олиши мумкин. Инглиз тилини ўрганиш бошқа чет тилларини ўрганишга нисбатан жуда осон.

Масалан, Интернетдаги баъзи фойдали ресурслар:

TAS-IX (кўпчилик операторларда трафик текин):
https://utube.uz/ru/category/191?page=3
http://lang.uz

Интернетдаги бошқа ресурслар:
http://learnenglishkids.britishcouncil.org 
https://www.britishcouncil.org/english/learn-online
https://www.duolingo.com (Мобил телефон учун ҳам дастури бор)

Ҳам инглиз тили, ҳам фарзандларимиз дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган ресурслар:
https://www.khanacademy.org 
https://ed.ted.com/lessons
https://thekidshouldseethis.com
https://www.youtube.com/education

Аудиокитоблар (китоб ўқиш ноқулай бўлган ҳолатда бу ресурслар жуда қўл келади):
http://www.openculture.com/freeaudiobooks

Қидирса, яна жуда кўплаб бу каби фойдали ресурсларни топса бўлади (бундан яхшироқларини тавсия қила олсангиз, изоҳларда қўшиб қўйсангиз нур устига аъло нур бўларди).

Шунинг учун вақтни бекор кетказмасдан, ота-оналар ҳам фарзандлари билан биргаликда инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилишса мақсадга мувофиқ бўлади. Кўпчилик мультфильмлар ёки киноларнинг инглиз тилидаги аудио-треклари мавжуд. Бундай фильмларни ҳам айнан инглиз тилида томоша қилган фойдали.

Умуман олганда, биз фарзандларимизга БМТнинг 6 та расмий тилидан камида иккитасини тўлақонли билиш имкониятини ярата олсак, албатта, уларни келажакдаги муваффақиятларига мустаҳкам пойдевор яратиб берган бўламиз.

PS. Интернет ёмон ишлайди деган иддаолар инглиз тилини ўрганмасликка баҳона бўлмаслиги керак. Оддий мисол, Ўзбекистондан ойига 2 млндан ортиқ фойдаланувчи Одноклассникида фаол, 1 млн атрофида Фейсбукда, Телеграммда қанчалиги аниқмаску, лекин унинг дунёдаги 200 млнлик аудиториясида энг катта ўринлардан бири айнан Ўзбекистонга тўғри келади. Бу ижтимоий тармоқларда бекор вақт кетказишдан кўра, уларнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда инглиз тилини ўрганса бўлади, деганидир. Умуман олганда, тил ўрганган арабми, русми ё хитой тилими барибир у ютади, хато қилмайди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!