"Фатвога журъатлиларингиз дўзахга журъатлиларингиздир"

13:00 17.07.2018 1802

Бир киши имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан сўради: Киши 100 000 ҳадис ёдлаган бўлса, фатво берса бўладими? Йўқ, деб жавоб бердилар. 200 000 ҳадис ёдлаган бўлса-чи? Йўқ, дедилар. 300 000 ҳадис ёдлаган бўлса-чи? Йўқ, дедилар. 400 000 ҳадис ёдлаган бўлса-чи, деб сўраганида, балки бўлар, дедилар.

Ҳанбалий мазҳабининг буюк имомларидан бўлган ибн Шақила айтадилар, Мансур масжидида фатво бериб ўтириб, ушбу воқеани бир масалага жавоб беришда айтиб бергандим, менга бир одам хитоб қилди: Сиз шунча ҳадис ёдламагансиз, нега фатво беряпсиз?! Мен унга дедимки: Аллоҳ сизни кечирсин, мен шунча ҳадис ёдламаган бўлганим учун ёдлаган имомнинг мазҳаби билан фатво беряпман!

Юқорида икки воқеани ҳикоя қилиб бераркан, Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

"Агар фатво берувчи имомининг мазҳабидан фатво берса, илм билан фатво берибди. Зеро, у имомининг фатвосини етказувчи бўлиб, бу ишда илм доирасидан чиқмаган бўлади".

Бугун эса шундай жоҳилларни кўрасизки, 1000 та ҳадис ёдлаб-ёдламай, ҳар қандай масалада бемалол фатво беравериши етмагандек, бутун уммат тан олган мутлоқ мужтаҳид имомларнинг "хатоларини" топиб ўтиради. Бундайлар ўзларини Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳга нисбат берарканлар, билмайдиларки, Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ юқорида айтганларидек, мазҳабга эргашиш ва мазҳаб билан фатво беришни илм билан фатво бериш ҳисоблаганлар.

Имом Абу Ҳанифа, имом Аҳмад каби имомлар ойлаб, йиллаб ўйлаган, изланган масалаларда бугуннинг "олим"лари 2 дақиқада жавоб бериб ташлайдилар. Жавобни қаердан олдинг, десангиз, фалон ҳадис ёки фалон оятдан дейдилар. Оят-ҳадисдан ҳукм олиш учун ислом имомлари қўйган шартларнинг мингдан бири ҳам бу "аллома"ларда топилмаслигини эслатишингиз бефойда. Уларга Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадислари кифоя:

"Фатвога журъатлиларингиз дўзахга журъатлиларингиздир". 

Аллоҳ бизларни ўз даражамизни унутган кўрлардан қилиб қўймасин! Жаҳаннамдан қўрқиш неъматидан айириб қўймасин!

Маҳмуд Усмон

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!