(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Ҳабиба хоним яна эрта кетган, кечга яқин Ойшагул билан Фазилат яна бирга машинада эдилар. Паришонҳол қиз умуман гапирмасди. Фазилат хоним бу жимжитликни бузди:
– Ойшагул!
– Лаббай, опа?
– Одамнинг оёқ кийимига қор тегса, аниқроғи, оёқ кийимида қор қолса, ўша қор қанча вақтда эрийди?
Бу савол Ойшагулга ниҳоятда маъносиз туюлди.
– Қаердан билай? Ўн дақиқада, балки бир соатда эрийди. Бундай саволнинг жавоби ҳаётингизнинг қаерида керак бўлишини тушунолмадим?
Бу жавобдан Фазилатнинг асаби бузилди. Ичидаги улкан қўрқувни енгиш учун Ойшагулга:
– Оёқ кийимингдаги қор олти соатдан кейин ҳам эримабди-да. Сенингча, бу бир кароматми ёки бошқа гап борми?
– Қандай оёқ кийим, қанақа қор, опа? Гапларингиздан ҳеч нарса тушунолмаяпман.
Кўзлари тўқнашганда Ойшагул қизариб кетди. Фазилатнинг шубҳаси янада ортди.
– Тўғрисини айт. Шунингдек, сен эмас, мен қизаришим керак. Илтимос, жавоб бер. Эрталабга яқин оёқ кийимингдаги қор қаердан келганди?
Ойшагул гапирмади. Фазилат унинг уялаётганини англади. Ўзи ҳам хижолат тортар, аммо бу масалани ҳал қилиши керак эди:
– Сен мени кузатдинг, шундайми?
Ойшагул яна жавоб бермади. Фазилат туриб олди:
– Айт, деяпман. Мени таъқиб қилдингми?
Бир зумда кўзлари тўқнашди. Иккаласининг ҳам нигоҳида маъно тўла эди.
– Гапир, илтимос, мени баттар хафа қилма. Ортимдан кузатиб чиқдингми?
Ойшагул боши билан тасдиқ ишорасини қилганида Фазилатнинг елкасига дунё қулагандек бўлди. Паришон ҳолатда машинани ўнгга буриб, тўхтатди. Бошини рул чамбарагига қўйиб, бир неча дақиқа турди. Қани энди шу лаҳзада ўлиб қолганидайди...
Ниҳоят ёшли кўзлари билан Ойшагулга қаради:
– У ҳолда нега юзимга тупурмадинг? Жавоб бер, Ойшагул, илтимос, нимадир десанг-чи! Опанг ҳақида нима деб ўйладинг? Илтимос, мен билан гаплаш. –
Ожиз инсон эканингизни, ўзингизни қутқаришни хоҳлаётганингизни, бир пайтнинг ўзида одам ҳам жуда кучли, ҳам жуда заиф бўлиши мумкинлигини кўрдим, қалби вайрон бўлган кишилар қандай бўшлиққа тушиб қолишини англадим...
Фазилат Ойшагулнинг гапини бўлди:
– Эслайсанми, қалбини жиловлай олмайдиган аёл бор эди, уни айблагандим. Ўша мижозимиз қатъият билан: “Бу қўлимда эмас! Мен иффатли аёлман, нотўғри тушунманг. Менга ёрдам беролмайсиз”, деганди. Лекин уни тўлалигича англай олмасдим. Бошимга бу фалокат тушгач, аёлнинг ҳолини тўлиқ тушундим. Устидан кулдим, уни уялтирдим! Шунинг учун Аллоҳ менга бу жазони бердими, билмайман. Лекин менинг жазом жуда оғир, Ойшагул. Бу қора савдо мени касал қилмаса гўргайди. Майли, шарманда бўлгандан кўра, касалланганим яхши. Дўхтир бундай ҳолатлар кўп учрашини, лекин аксарияти тузалганини айтди... Ўзимни қутқариш учун бор кучимни сарфлайман. Бу охири йўқ муҳаббатга чек қўйишим керак...
Ойшагул Фазилатни тўлиқ тушуниш учун оғзини пойларди.
– Нима учун унга етишиш имкони йўқ? Барибир эрингиз билан ажрашасиз. Маликбейнинг иккинчи хотини бўлишингизга нима тўсқинлик қилади?
Фазилат нигоҳларида даҳшат билан фикрини билдирди:
– Аллоҳ сақласин!
– Нима, ҳаромми?
– Ҳалол бўлган ҳамма нарса жуда яхши деган маънони бермайди, Ойшагул. Эсингда бўлсин, баъзида ҳалол нарсалар одамларга зарар келтиради. Мени бир аёлнинг эрини тортиб олиб йиғлатишимга ишонасанми? Умр бўйи ўзим йиғласам, майли, аммо бошқа бировнинг кўзёшини тўкмайман. Сен мени танимайсанми?
– Балки Маликбей менга уйланмайди, деган ўйда шундай қилаётгандирсиз?
– Адашасан, Ойшагул. Жуда кам эркак ўзини севиб қолган аёлни билгани ҳолда рад этади. Худо асрасин. Унга ҳисларимни билдиришим мумкин эмас. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Кеча ўзимдан жуда қўрқдим. Деразасига тикилишдан чарчадим. Унинг деразасини кўришнинг ўзи кўнглимга ҳузур берарди.
– Мен билгандим.
– Нима-а-а?! Рост гапиряпсанми?
– Ҳа. Фақат қайси ойна эканини аниқлай олмагандим.
– Ўзингизни шарманда қилдингиз, десанг-чи! Аммо шаънимни сақлаб қоламан. Юрагимдаги бир лаҳзалик бўшлиқ мени шу кўйга солди. Ўша башараси қурмагур Маликбей ҳам менга жуда самимий муносабатда бўлди. Меҳр-шафқатга муҳтож қалбим бирдан ағдар-тўнтар бўлиб кетди. У менга гўё руҳимнинг ярмидек туюлди.
Суҳбатлашганча уйга келишди, йўл-йўлакай Нурни Ойшагулникидан олиб кетишди. Айни мавзуни уйда ҳам давом эттиришди.
– Эҳ, бечора аёл, унинг қандай қийинчиликларни, синовларни бошидан кечирганини англамабман. Бу ҳақда асло Ҳабибага айтма, майлими? У мени тушунолмайди.
– Адашяпсиз, Ҳабиба опамиз жуда тушунадиган аёл. Менимча, сиз унга ҳаммасини айтишингиз керак. Бу янада яхши бўлади.
Фазилат бирдан тўхтаб қолди.
– Тўғри, у мени ҳақиқатан ҳам тушунади.
– Севиб қолганингизни аллақачон билиб бўлган. Дафтарингизга ёзган ўша сўз сирингизни очиб қўйди. “Бу аёл ошиқ!” деди. Неча кундан бери изтиробдан ухлай олмаётганини айтяпти.
– Шундайми?.. У тушунади... Жуда ақлли аёл... Шундай экан, эртагаёқ айтаман. Лекин қандай қилиб? Менга маслаҳат бер. Уяляпман, Ойшагулим... Жудаям уяляпман...
Шу пайт телефон жиринглади. Ойшагул жавоб берди:
– Алло... Ҳа, унинг уйи... Марҳамат...
Фазилатга қараб турган Ойшагул ғалати бўлиб қолганди.
– Келасизми, опа?.. Сизга...
– Ким экан?
– У.
– У ким?
– Малик оға.
Фазилатнинг қўл-оёқлари титраб кетди. У ўзига тартиб бериб, гўшакни олди:
– Лаббай, Малик ука?
Маликбей дарров нега қўнғироқ қилганини тушунтира бошлади:
– Сизга бир гапим бор, янга. Аввал аҳволингизни сўрай, яхшимисиз?
– Раҳмат, яхшиман. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.
– Нима қилганимни биласизми, хоним янга? Кеча Алини топдим.
Фазилат совуқ терга тушди.
– Нега бундай қилдингиз?
– Сиз учун, янга. Аҳволингизга жуда ачиняпман. Қўлимда бўлса, йиғламаслигингиз учун жонимни берган бўлардим. Сиз буни яширдингиз, лекин мен билдим. Унинг олдига бориб, вазиятни тушунтирдим.
Фазилат қаттиқ ғазабланди:
– Ука, мен сизга шундай қилинг дедимми? Бундан ташқари, аҳволимга нима бўлибди? Мени хафа қилдингиз.
– Агар ранжишингизни билсам, ҳечам бундай қилмаган бўлардим. Сизга озор берганимдан афсусдаман. Илтимос, мени кечиринг. Ўзимча яхшилик қилмоқчийдим...
– Раҳмат, лекин яхши иш бўлмабди. Майли энди... яхши ниятли бўлганингиз учун сизни яхши кўраман.
– Сиздек яхши инсондан у қандай қилиб воз кечиши мумкин, тушунолмайман. Илтимос, сизларни яраштиришга ижозат беринг.
– Малик ука, бу масалани ёпамиз. Қайтиб очмаймиз, хўпми?
– Вой, менинг фаришта янгам. Демак, кеча шунинг учун йиғлаётган экансиз-да. Сизга ёрдам бермасам, ўзимни кечиролмайман.
– Агар ёрдам керак бўлса, ўзим қўнғироқ қиламан.
Гўшакни қўйган Фазилат Ойшагулга қараб ғўлдиради:
– У учун йиғлаганимни билса, бу одам аниқ ақлдан озарди.
Аёл боши берк кўчага кириб қолганди. Бу ҳолатни ҳазм қилолмасди. Мана, яна кўзлари таниш деразада, Маликнинг балконда осилиб турган кўйлагидан нигоҳларини айиролмасди. Унга тегишли кичик бир нарсани кўришнинг ўзи Фазилат учун кифоя эди.
Ўзига тинмай “Бу вазиятга чек қўйишим керак, лекин қандай қилиб?” деган саволни берарди. Ишончли дўстга жуда муҳтож эди. Ҳабиба хонимга ишонарди, лекин ундан уялганидан дардини очолмасди. “Инсон қалби қандай ҳам жиловлаб бўлмайдиган нарса экан-а?” деб ўйларкан, охири бир қарорга келди: “Йўқ, ҳиссиётлар имон ва ирода билан бошқарилиши керак. Балки мен инсон табиатини билмасман? Олдин бу фитратни таниб олишим керак”.
Хаёлларини Ойшагул бўлди:
– Опа, Ҳабиба хоним севиб қолганингизни қандай қилиб бўлмасин билди. Ўйлайманки, энди буни ундан яширмаганимиз маъқул. Келинг, ҳамма нарсани айтиб берайлик.
– Айтишга осон, Ойшагул. Бажариш жуда қийин. Лекин, менимча, шундай қилишга мажбурман. Балки мени қутқарадиган бирор чора топар. Неча кундан бери “Бўлди, бугун айтаман”, деганимга қарамай, журъат қилолмаётгандим.
Ҳасанбей ҳам ҳар келганида ялиниб-ёлворар, лекин қизининг дарди нима эканини билолмай сарсон эди.
* * *
Ниҳоят бир қарорга келган Фазилат Ҳабибани уйига чақирди. Хижолатини яширмоқчи бўлгандек, гапни ҳазилга бурди:
– Тағин мени йўлдан озибди, деб ўйлама. Гапираётганимда юзимга ҳам қарама. Таърифлаб бўлмас даражада уяляпман, шунинг учун нимадир дейишинг мутлақо шарт эмас.
Шундан кейин йиғлаганча ҳаммасини сўзлаб берди.
– Аҳволим шундай. Энди бирор муолажа услубинг бўлса, менга қўлла. Йўқса, бу кетишда ақлдан озаман. Бунга шубҳа қилма.
Ҳабиба хоним каловланиб қолди. Фазилатнинг дарди муҳаббатлигини олдинроқ сезганди, лекин ўзининг эрини севиб қолган деб ўйлаб, аҳамият бермаганди. Довдираганини билдириб, дугонасини чўчитиб юбормаслик учун бу ҳолатни ғоятда оддий қабул қилгандек кўрсатди. Босиқлик билан гапирди:
– Сен ҳақсан. Тезроқ чора кўришимиз керак. Хўш, шифокор нима деди?
– “Ғамгин мусиқалар эшитманг, уни кўрманг... Иложи борича у ҳақда ўйламанг, берган дориларимни ичинг”, деди. Ташхис қўйди. Касал эканман. Беморлигимни ўзим ҳам билардим. Билмаган нарсам, фақат бу касалликни қандай тузатиш, қандай қилиб қутулиш ва уни қандай унутиш эди.
– Мен сени тушунаман. Лекин бошқалар асло эшитмасин. Банданинг хатосини Аллоҳ кечиради-ю, бандалар кечирмайди. Бу ҳолатни атрофингдагиларга сездириб қўядигандек туюляпсан менга.
– Тўғри айтдинг, Ҳабиба. Кеча Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасини ўқиб, қаттиқ таъсирландим. Тафсирларда, ривоятларда Зулайҳонинг Юсуф алайҳиссаломга бўлган муҳаббати батафсил баён этилган. Ўйладимки, агар бугун Зулайҳога ўхшаган бирор аёл эркакни йўлдан оздириш учун уринса, лекин кейин Исломга кириб, тавба қилса, аксарият мусулмонлар унга ёмон кўз билан қараган бўларди. Бу аёл олдин шундай эди, аммо Ислом уни азиз қилди, демасди. Менимча, қиссада бандаларга учун улкан ибрат-хабар бор. Жуда чиройли ва мазмунли хабар. Наздимда, Аллоҳ таоло шундай демоқчи: “Олдин хато йўлда бўлган бандамни тўғри йўлга қайтгандан кейин афв этаман. Сизга нима бўлганки, кечирмайсиз?” Яъни менга шундай деганга ўхшайди.
– Жуда яхши шарҳлаяпсан. Лекин сен Исломдан олдинги ҳаётингда эмассан. Шуни унутма.
– Мен эса ҳеч кимни йўлдан оздиришга уринмаяпман, сен ҳам буни ёдда тут. Ҳаром ишга қўл урмайман. Иложи борича бу дарддан халос бўлиш учун курашяпман. Буларнинг барчасини Аллоҳ учун қиляпман. Агар эътиқодим, мусулмонлик даъвойим бўлмаганида эди, бу ҳижронга аллақачон чек қўйган бўлардим.
– Қанақасига?
– Қандайлигини сўрама. Буни ҳатто тилга олишни ҳам хоҳламайман. Фақат шуни билсанг, кифоя. Агар бугун оловда ёнаётган бўлсам, бу эътиқодим берган иззат сабаблидир. Менинг ўрнимда эътиқодсиз аёл бўлганида, сенингча, вазият шундай қолармиди?
– Гапларинг тўғри. Демак, бу сўзларни унга атаган эдинг... “Ҳатто кўзёшларимга ҳам қарамайман”, дегандинг.
Дардини тўккач, Фазилат анча енгил тортди, лекин ичидаги олов ҳамон сўнмасди. Ҳабиба хоним эса хафалигини кўрсатмасликка ҳаракат қилиб, дугонасига ёрдам беришга шошиларди.
Орадан кунлар ўтиб, яна эшик олдида Малик турарди:
– Янга, Инжу туриб олди, янгамни сайрга олиб чиқамиз, деяпти. Агар рози бўлсангиз, юринг, айланиб келайлик. Бошқа жойлар эҳтимол сизни чалғитиши мумкин.
Фазилат иккиланмасдан жавоб берди:
– Раҳмат, Малик ука. Боролмайман. Ишларим кўп.
Нур буни эшитиб, онасининг этагидан тутганча ялинди:
– Борайлик, онажон. Айланишга боргим келяпти. Ҳеч ким мени ҳеч қаерга олиб бормайди.
Қизига қаттиқ тикилиб, қош-кўзи билан имо-ишора қилса ҳам, кор этмади.
– Онажон, борайлик. Малик амаки мени жуда яхши кўради. Унинг қизи ҳам боради, бирга ўйнаймиз.
Эшик олдига бориб давом этди:
– Тўғрими, Малик амаки, қизингиз ҳам борадими?
– Сени бошқа жойга олиб бораман, қизим. Амакингни безовта қилма.
Нима деса ҳам, қизи тушунмади. Фазилат ҳам юмшаб, ўйланиб қолди. Маликбей такрор илтимос қилишга тушди:
– Янга хоним, биз учун бўлмаса ҳам, болани хафа қилманг. Эртага эрталаб кетиб, кечқурун қайтамиз.
У истамайгина жавоб берди:
– Майли, хўп.
– Раҳмат, янга. Бу мен учун катта шараф. Сиз ҳеч нарсага овора бўлманг. Ҳамма нарсани ўзим тайёрлаб оламан.
Бу иш Фазилатга ёқмади. Аммо ўзи ичида бўлган вазият уни кундан-кунга заифлаштириб, ўз тамойилларига қарши чиқишга ундарди.
Эртаси куни эрталаб соат еттида эшик қўнғироғи жиринглади. Ичкаридан Фазилат овози берди:
– Ким у?
– Мен... Мен Маликман. Биз келдик, сизларни пастда кутамиз.
Нур қувониб кетди:
– Қандай яхши, Малик амаким келди! Малик амаки, мени кутинг. Сиз билан тушаман. Онам ортимиздан келади.
Нурнинг қўлидан ушлаб олган Малик зинадан тушаркан, Фазилат унга сездирмасдан кузатиб турарди. “Мени севги билан синама, Аллоҳим! Бу дарддан қутқар, мени афв эт, Раббим...”
Орадан кўп ўтмай Фазилат тушди. Олдинги ўриндиққа Инжу, орқада эса Фазилат ўтириши керак эди. Машинанинг орқасида ёшгина, чиройли қиз ўтирганини кўриб, ҳайрон бўлди ва оҳиста эшикни очди.
– Сизларни ҳам овора қилдик. Бизсиз борганингизда, бунча кутмаган бўлардингиз.
Малик билан Инжу баравар норозилик билдиришди.
– Бу қандай гап, янга!
– Янга, бизни хафа қиляпсиз.
Фазилат орқада ўтирган қиз билан саломлашганидан кейин сўради:
– Дўстингиз ким? Бизни таништирмадингиз.
Инжу жавоб берди:
– Узр, унутибман. Ўртоғим Эбру. Унга сиз ҳақингизда жуда кўп гапириб берганман.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)