Янгиликлар

Фельетон ўрнида: Ҳалиги... Дезинфекция туннели... Ҳалиги...

966

Бугун эрталабдан берилган хабарларни ўқиб, бир латифа эсга тушиб қолди.

Бир инсон шифокор қабулига борибди ва қулоғи оғриётганидан шикоят қилибди. Шифокор уёқ-буёқни текширгандай бўлибдида, айтибди:

— Сизнинг касалингиз хавотирли эмас. Дори ичманг, бошқа муолажа ёзиб бераман. Туманимиздаги деҳқон бозорига борасиз, эшикдан кирганда ўнг томонда катта чинор бор, шу чинорнинг остида бир сотувчи турп сотиб ўтирибди. Ўша турпдан, 2 кило, йўқ, яхшиси 5 кило оласиз. Ҳар куни турпни қирғичдан чиқариб, сувини қулоққа томизасиз, қарабсизки, отдай бўлиб кетасиз.

— Раҳмат, духтир, умрингиздан барака топинг.

Бироздан кейин бошқа бемор келибди ва қорин оғриғидан шикоят қилибди. Шифокор уёқ-буёқни текширгандай бўлибдида, айтибди:

— Туманимиздаги деҳқон бозорига борасиз, эшикдан кирганда ўнг томонда катта чинор бор, шу чинорнинг остида бир сотувчи турп сотиб ўтирибди. Ўша турпдан, 10 кило оласиз. Ҳар куни 3 маҳал турпни қайнатиб, совитиб, қорнингизга боғлайсиз, тезда тузалиб кетасиз.
— Раҳмат, духтир, борингизга шукр.

Бироздан кейин яна бир бемор келибди ва бош оғриғидан шикоят қилибди. Шифокор уёқ-буёқни текширгандай бўлибдида, айтибди:

— Туманимиздаги деҳқон бозорига борасиз, эшикдан кирганда ўнг томонда катта чинор бор, шу чинорнинг остида бир сотувчи...

Шу пайт шифокорнинг телефон жиринглабди:

— Ака, бўлди турп тугади, энди сабзига ўтинг.

Дезинфекция туннелларининг ҳеч қандай фойдаси йўқлиги ҳақида аввал ҳам бир неча марта ёздик. Июль ойидаёқ бу тунеллар ва сепилаётган воситалар савдосидан кимлардир манфаатдор эмасмикин, нима учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти самарасиз эканлиги ҳақида хулоса берган нарса бизда ҳалигача бекор қилинмаяпти деб, саволларни ўртага ташладик

Ҳечдан кўра кеч қабилида, сентябрь ойининг ўрталарига келибгина, бу бекор бўлди. Аммо тунеллар ўрнига антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш белгиланибди.

— Ака, бўлди турп тугади, энди сабзига ўтинг.

Хушнудбек Худойберганов, ҳуқуқшунос

Таҳририятдан: Таниқлик журналист ва блогер Зафарбек Солижонов ҳам ўз каналида мазкур мавзуга ўз фикрини билдирибди:
"Олдинига: Республика махсус комиссияси баёнига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб дезинфекция туннеллари тақиқланмоқда. Сониялардан сўнг: Дезинфекция туннеллари ўрнига тери  учун қулай антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатилади. 
Буни ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақиқлагунча ишлатамизми? Давлат идораларида шунча ўзбошимчалик билан бюджетнинг миллионлаб пулларига қилинган туннеллар тақдири энди нима бўлади? Шунчаки маска тақишни талаб қилиш, киришда қўлни дезинфекциялаш ва дистанция сақлаш тартибини жорий қилса етадику. Яна қанақа қурилма?"

Иқтибос тугади...

Уч кун аввал бир масжидга кираётиб шунақа қурилма ичидан ўтдим. Ажабки, ишлаётган экан. Масжид ҳовлисида бир таниқли уламо (устозимиз) менга қараб тургандилар: "Дизенфекция туннеллари фойдасиз, ҳатто зарарли экан(яъни ишлатиш шартмас деган маънода)" дедим. У киши пинакларини бузмай: "Ғам еманг, ўрнига бошқасини тақдим этишади!" дедилар. Очиқ эътироз билдирмасам ҳам, ичимда унақа эмас е, деб қўйдим...

Бугун ўша зот нақадар ҳақликларини англадим...

Беғамхўжа Ғафлатов

УЛАШИНГ:

« Орқага