Фил боласига тегманг! (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

08:00 15.05.2019 1004

Ҳиндистонлик донишманд узоқ сафардан оч ва юпун аҳволда келган мусофирларни кўриб, уларнинг ҳолига ачинди. Сўнг: “Узоқ ва заҳматли сафардан яхши-ёмон кунларни бошдан кечириб келаяпсиз. Сафар давомида фил болаларига дуч келишингиз мумкин. Дўстларим, ҳар қанча оч қолсангиз ҳам, ўт ва япроқларга қаноат қилинг. Лекин фил болаларига зинҳор тегманг! Филлар болаларини қаттиқ қўриқлайди. Мен сизни огоҳлантирдим, буни асло унутманг!”, деб панду-насиҳат қилди

Мусофирлар донишманд билан хайрлашиб, йўлда давом этди. Узоқ юрмасларидан, бир семиз фил боласига дуч келдилар. Донишманднинг огоҳлантирганини унутиб, оч бўридек унга ҳужум қилишди. Ораларидан бири дўстларини бу ишдан қайтарди. Дўстлари унга қулоқ осмай, фил боласини тутиб, сўйиб еди. Филни тутишдан қайтарган одамгина ўзини тийди. Чунки у донишманднинг гапини эсидан чиқармаган эди. 

Қорни тўйган йўловчилар узаниб, уйқуга кетди. Оч одам эса уйғоқ эди. Баҳайбат филнинг чопиб келаётганини кўриб, ўрнидан туриб қочди. Фил уни тутиб олди. Оғзини уч марта ҳидлаб кўрди. Боласининг ҳидини топмагач, унга тегмади, соғ-омон қўйиб юборди. Кейин ухлаб ётганлар томон юрди. Ҳар бирининг оғзини ҳидлади. Сўнгра хартуми билан бирма-бир даст кўтарганча ерга уриб, барини ўлдирди.

Эй ҳаромдан тап тортмаётган ғофил инсон! Билгинки, сен фил боласини еяпсан. Ҳаром луқманинг ҳиди дунёю охиратда инсонни, шубҳасиз, шарманда қилади.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!