Фиқҳ дарслари (14-дарс)

21:00 28.02.2019 265

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фуруъул фиқҳ китоблари

«Фуруъ» сўзи усулнинг муқобилига ишлатилиб, «шохобча» деган маънони англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса турли фиқҳий бобларга оид масалаларни жамлаб китоб қилинади. Одатда фуруъул фиқҳ китоблари уч қисмдан иборат бўлади: ибодот, муомалот, оила ва бошқа нарсалар низоми ва жиноёт.

Ибодатларда таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид шаръий ҳукмлар ўрганилади.

Муомалотда асосан савдо-сотиқ, турли молиявий алоқалар, мерос, васият, вақф, қулларга оид ишлар каби масалалар ўрганилади. Оила низоми ҳам муомалот таркибига кириб, унда никоҳ, талоқ, идда, ҳазона, нафақа каби масалаларга эътибор қаратилади.

Жиноятларда эса маст бўлиш, зино қилиш, одам ўлдириш, бировга тан жароҳати етказиш ва шунга ўхшаш жиноятларни аниқлаш ва уларга тайин қилинадиган шаръий жазолар ҳақида сўз боради.

Албатта, таом, шароб, ҳалол-ҳаром каби шахсий ҳаётдаги масалалар ҳақида ҳам алоҳида боблар бўлади.

Шунингдек, кишиларнинг ташқи ва ички алоқаларига боғлиқ хавфсизликни сақлаш, мудофаа, асирлар, ўлжа каби нарсаларга оид ҳукмлар ҳам фиқҳ фуруъларида ўрганилади.

Фуруъул фиқҳ китоблари фиқҳга оид китобларнинг энг кўпи ҳисобланади. Ҳатто «фиқҳ китоби» деганда баъзи кишилар зеҳнида айнан ушбу соҳадаги китоблар намоён бўлади. Бу борадаги китоблар турли ҳажм ва шаклларда бўлади. Қуйида ҳар бир мазҳабнинг ушбу йўналишда битилган энг машҳур китоблари билан танишиб чиқамиз.

1. «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» (Шариатлар )

Китобнинг соҳиби – Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (ҳижрий 587 йилда вафот этган). У кишининг лақаби «Маликул уламо» бўлган. Асосан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийда таълим олган. Устозининг барча китобларини, хусусан, «Туҳфатул фуқаҳо» китобини яхшилаб ўрганган. Ўз талабасини яхши кўрган устоз қизи Фотимани унга никоҳлаб берган. Фотима ҳам отасининг «Туҳфа»сини ёдлаган ва илмда кўпгина эркаклардан ўтиб кетган эди. Кейинчалик ҳам эрига тўғри маслаҳатлар бериб, илмий йўналишини тўғрилаб турган. Отаси чиқарган фатвода, албатта Фотиманинг ҳам имзоси бўлар эди. Кейин уларга куёвнинг имзоси ҳам қўшилди.

Тадқиқотчилар «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»ни «Туҳфатул фуқаҳо»нинг шарҳи дейишади. «Туҳфатул фуқаҳо» эса «Мухтасари Қудурий»га қўшимча қўшиб, яхшилаб тартибга солинган китоб бўлган.

Аммо «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»га эътибор билан назар соладиган бўлсак, у урфга айланиб қолган шарҳларга ўхшамаслигини кўрамиз. Унда аслнинг матнини сўзма-сўз келтириб шарҳ қилиш услубига эргашилмаган. Имом Косоний ўз китобида «Туҳфатул фуқаҳо»нинг тартибига риоя қилмасдан, боб ва фаслларни янгидан тартибга солган.

«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»нинг соҳиби ўз китобининг аввалида ҳамду санодан кейин фиқҳ илмининг фазли ҳақида мухтасар маълумот бериб, бир оятни ва Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва бошқа муҳаддислар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Аллоҳга динда фақиҳ бўлишдек бирор нарса ила ибодат қилинмаган. Бир фақиҳ шайтон зиддига минг обиддан кўра шиддатлироқдир», деган ҳадисни келтирган.

Шунингдек, муаллиф ўзидан аввалги машойихлар кўплаб китоблар битганлари, аммо тартибга унча эътибор бермаганларини эътиборга олиб, ўз китобида шу нуқсонни тўлдиришга ҳаракат қилмоқчи эканини таъкидлайди.

Кейин «Китобут-таҳорат»дан бошлаб фиқҳий масалаларни баён қилишни бошлайди.

«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» барча уламоларнинг таҳсини ва мақтовига мушарраф бўлган, катта шуҳрат қозонган китобдир. Жумладан, Ҳожи Халифа ўзининг «Кашфуз-зунун»ида: «Бу китобнинг исми жисмига монанддир», деган.

«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» кўп марталаб чоп этилган ва кенг тарқалган китобдир. Унинг охирги нашрларидан бири Байрутда «Дорул кутубил илмийя» нашриёти томонидан 1997 йилда ўн жилд қилиб амалга оширилган.

Кези келганда фуруъул фиқҳ бўйича ҳанафий мазҳабидаги бошқа машҳур китоблар ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак, деган умидда қуйидагиларни тақдим қилмоқчимиз.

«Фатҳул Қодийр».

Муаллиф: Камолуддин ибн Абдулвоҳид ибн Ҳумам.

Ўн жуздан иборат.

«Раддул муҳтор ъалаа Дуррил мухтор».

Китоб «Дорул кутубил илмийя» нашриётида ўн жуз қилиб нашр этилган.

Унинг муаллифи Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин ҳижрий 1198 йилда Дамашқда туғилган. Унинг «Раддул Муҳтор ъалаа Дуррил мухтор»дан бошқа бир қанча китоблари ҳам бор.

Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин ҳижрий 1252 санада вафот этган.

«Табйинул ҳақоиқ шарҳи Канзуд-дақоиқ».

Муаллиф: Усмон ибн Али Зайлаъий.

Китоб олти жуздан иборат.

«Ал-Иноя шарҳул Ҳидоя».

Муаллиф: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Бобартий.

Китоб ўн жуздан иборат.

«Мажмаъул анҳур фий шарҳи Мултақол абҳур».

Муаллиф: Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Шайхзода Домад.

Китоб тўрт жуздан иборат.

2. «Ал-умм».

Бу китоб шофеъий мазҳаби асосчиси имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи қаламларига мансубдир.

«Ал-умм» ўз асрида «фиқҳдаги мисли йўқ ажойиб китоб» деб тан олинган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи китобни нозик услуб, дақиқ таъбир ва кучли мунозара асосида таълиф қилганлар. У киши бошқа фиқҳ китобларидагига ўхшаб масалаларни бирин-кетин баён қилиб кетавермаганлар. Балки, мухолифларнинг фикрини ҳам баён қилиб, ҳужжат ва далиллар келтирганлар.

Мисол учун, намоз ҳақидаги масалалардан бирини баён қилиш жараёнида аввал мазкур масалага оид учта ҳадис келтирадилар ва сўнгра ўз ижтиҳодларини баён қиладилар.

3. «Мубдиъ фий шарҳил Муқниъ».

Бу китобнинг муаллифи Абу Исҳоқ Бурҳонуддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Муфлиҳ Ҳанбалийдир (ҳижрий 816–884-йиллар).

«Мубдиъ фий шарҳил Муқниъ» имом Ибн Қудоманинг «Муқниъ» номли Ҳанбалий мазҳабининг машҳур китобларидан бири бўлган асарининг шарҳидир.

«Мубдиъ фий шарҳил Муқниъ» энг мўътабар ва кўп ўқиладиган китоблардан бири эканини ҳанбалий уламолар кўп таъкидлайдилар. Унда муаллиф оят ва ҳадислардан далиллар келтиради, ҳадисларнинг санадини ҳам беради. Шунингдек, саҳоба ва тобеъинларнинг асарларини ҳам ўз ўрнида келтиради.

«Мубдиъ фий шарҳил Муқниъ»да имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг масалалари, мазҳаб фуқаҳоларининг ижтиҳодлари ҳам баён қилинган.

«Мубдиъ фий шарҳил Муқниъ»нинг охирги нашрларидан бири Дамашқдаги «Мактабул Исломий» нашриёти томонидан ўн жилдда 1974 йилда амалга оширилган.

4. «Мудаввана».

Бу китобнинг муаллифи Саҳнун Абдуссалом ибн Саъийд Таннужийдир (ҳижрий 240 йилда вафот қилган). У киши Миср ва Мадинаи Мунавварада таълим олган. Ўз замонида машҳур фақиҳ бўлган.

«Мудаввана»ни имом Моликнинг яқин шогирдларидан бири мужтаҳиди мутлақ Абу Абдуллоҳ Абдурраҳмон ибн Қосим кўриб чиқиб, тўғрилаган.

«Мудаввана» моликий мазҳабидаги энг асосий китоб ҳисобланади. Унда асосан имом Моликнинг фиқҳий ижтиҳодлари жамланган.

Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да: «У Молик мазҳабидаги энг улуғ китоблардан биридир», деган (1644-бет). Шунингдек, Ҳожи Халифа «Мудаввана»нинг бир неча шарҳлари ва мухтасарларининг ҳамда уларнинг муаллифларининг рўйхатини келтиради.

«Мудаввана»да Саҳнун баъзи масалаларга ўзининг далилларини келтирган. Бу китоб асосан имом Моликнинг ўзига тушган саволларга берган жавобларидан иборатдир. Унда йигирма олти минг масала жамланган.

Фуруъул фиқҳ илмининг ривожланишида Мовароуннаҳр уламоларининг ҳиссалари катта. Улар кўпроқ ҳанафий мазҳаби фиқҳи бўйича асарлар таълиф этганлар. Қуйида улардан энг машҳурларидан баъзиларининг номларини зикр этамиз.

1. «Мабсут».

Бу китобнинг муаллифи имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий фуруъул фиқҳдаги энг машҳур уламолардан биридир. Имом Сарахсий ҳижрий 483 санада Фарғона шаҳрида вафот этган. У киши Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвонийнинг шогирдларидандир. Имом Сарахсий фиқҳ, усул ва ҳадис бўйича катта ва машҳур олим бўлган. Ҳанафий уламолар имом Сарахсийни соҳиби мазҳабдан ривоят бўлмаган масалаларда мужтаҳидлардан деб ҳисоблайдилар.

У киши кўп китобларини, жумладан, дунёга машҳур «Мабсут» китобини ҳам Ўзгандаги зиндонда ўтириб ёзган. «Мабсут» Ҳанафий мазҳабидаги фуруъул фиқҳ китобларининг энг машҳурларидан биридир. Бу китоб ўттиз жилддан иборат бўлиб, мутахассислар таъкидлашларича, ҳанафий мазҳабининг асоси ҳисобланган ва имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний таълиф қилган зоҳир ривоя туркумидаги олти китобнинг шарҳи ҳисобланади.

Имом Сарахсий «Мабсут»дан бошқа яна кўплаб китоблар ёзган. Ўша китобларнинг ичида «Усул» ва «Ан-нукат» китоблари жуда ҳам машҳурдир.

«Шарҳу Сияри кабийр» китоби имом Сарахсийнинг имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг «ас-Сияр ал-Кабийр» китобига ёзган шарҳидир.

2. «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ».

Имом Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийнинг (ҳижрий 587 йилда вафот этган) бу китоблари ҳақида юқорида сўз юритдик.

3. «Ҳидоя».

«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳининг энг муҳим китобларидан бири бўлиб, мислсиз шуҳрат қозонгандир.

Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Бидоятул мубтадий» китобини икки марта шарҳ қилган. Биринчи шарҳни «Кифоятул мунтаҳий» деб номлаган ва ёзиб битиргандан сўнг чўзилиб кетганини, кўпчиликка малол келишини эътиборга олиб, қисқароқ шарҳ қилган ва унга «Ҳидоя» деб ном қўйган. Бу китоб ҳақида кейинроқ батафсил сўз юритилади.

4. «Мухтасари Виқоя».

Бу китобнинг асл номи «Ниқоя» бўлиб, уни ҳижрий 745 санада вафот этган машҳур фақиҳ Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Ҳанафий ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш-шарийъанинг «Виқоятур-ривоя фий масоилил Ҳидоя» номли китобини мухтасар қилиш – қисқартириш ила юзага келтирган.

5. «Туҳфатул фуқаҳо».

Бу китоб имом Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Муҳаммад Самарқандийнинг қаламига мансубдир. У киши ҳижрий 362 санада таваллуд топган ва ҳижрий 438 санада вафот этган. Бу китоб имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» китобининг аслидир.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!