Фиқҳ дарслари (5-дарс)

21:00 27.12.2018 310

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг мазҳаби

Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг ота-оналари марвлик, кейинроқ улар Арабистон томон кўчганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам Марвда ҳижрий 164 санада туғилдилар. Ёшликларида етим қолиб, фақирлик билан ўсдилар, қийналиб ўқидилар. У киши кийим тўқиб сотар, хаттотлик қилиб қорин тўйғизар эдилар. Баъзи вақтларда ҳаммоллик ҳам қилганлар. Ёшликданоқ ҳадис илмига қаттиқ қизиқдилар. Бу эса ўз навбатида, илм талаб этиш учун кўп сафар қилишга чорлади.

Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бўлмиш имом Абу Юсуфдан дарс олдилар. Кейинчалик Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир Воситийда тўрт йил мунтазам ўқиб, у кишидан уч мингта ҳадис ёзиб олдилар.

Илм талабида Яман, Куфа, Басра, Мадина, Макка ва бошқа жойларга сафар қилдилар. Маккаи Мукаррамада имом Шофеъийдан дарс олдилар. Имом Шофеъий Бағдодга келганларида, ораларидаги алоқа яна ҳам мустаҳкам бўлди. Имом Аҳмад у кишидан кўпроқ таълим олишга ҳаракат қилдилар. Имом Шофеъий Мисрга кўчиб кетаётганларида, имом Аҳмад ҳам у киши билан бирга кетмоқчи бўлдилар-у, аммо шароит тўғри келмади.

Имом Шофеъий Бағдоддан чиқаётиб: «Мен Бағдоддан чиқдим, энди бу шаҳарда Ибн Ҳанбалдан тақводорроқ ва фақиҳроқ одам йўқ», дедилар.

Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис илмида жуда ҳам илгарилаб кетганлар. Кўпчилик уламолар у кишининг ҳадисдаги «Муснад» китобларини энг мўътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари ва мухлислари у кишининг фиқҳлари билан фахрланишар эди. Ҳатто улуғ тарихчи Тобарий ўзининг «Ихтилофул уламо» китобида Аҳмад ибн Ҳанбални «муҳаддис» деб атаганда, Ибн Ҳанбалнинг мухлислари у кишининг уйига бостириб кирганлар ва: «Нимага Ибн Ҳанбални фақиҳ демадинг?» деб жанжал қилишган. Охири миршаблар Тобарийни зўрға ажратиб олишган.

Албатта, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратларининг бундай «ёрдам»га ҳожатлари йўқ эди. Шундоқ ҳам у кишини бутун Ислом олами улуғ олим, фақиҳ, муҳаддис, зоҳид ва тақводор сифатида яхши танир эди. У киши барчага устоз эдилар. Имом Аҳмаднинг даври сиёсий ва ақийдавий ихтилофлар кучайган давр бўлди. Айниқса ўша пайтда мўътазилий мазҳаби тарафдорлари ҳукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилдилар. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан бири Ибн Абу Довуд халифа Маъмунга одамларни мажбур қилиб «Қуръон – махлуқ», деб айттиришга уринди. Унинг маслаҳати билан халифа Маъмун волийларга Аҳли сунна вал жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни ҳукумат қароргоҳларига олиб келиб, «Қуръон – махлуқ» деган гапни айттиришни, уни бажармаганларни эса жазолашни амр қилди.

Мусулмонлар улкан фитнага учрадилар. Ислом ақийдаси бузилиши хавфи туғилди. Бағдодда имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда мўътазилийларни шарманда қилишар эди. Буни сезган халифа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз ҳузурига юборишни амр қилди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди ва ҳаммага эълон қилди. Шу билан имом Аҳмаднинг қанотини кесмоқчи ва шавкатини синдирмоқчи бўлди. Лекин имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турдилар. У киши ўз илмлари билан фитначиларни халқ орасида ҳужжат ва далиллар асосида шарманда қилиб, довдиратиб қўйдилар.

Шунда Маъмун ўзи турган Турмус шаҳрига имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳни юборишни амр қилди. Олимларнинг қўлларини кишанлаб, беҳурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халифа Маъмун вафот этди. Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йўлда Ибн Нуҳ вафот этди. Имом Аҳмад у кишини ўзлари ювиб, жаноза ўқиб, кўмдилар.

Имом Аҳмадни эса янги халифа тайинлангунча қамаб қўйишди. Янги халифа ҳам эскисининг йўлини тутди. Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халифа Мўътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди.

Имом Аҳмадни икки йилдан ортиқ, аниқроғи, йигирма саккиз ой қамоқда ушлаб, қийнашди, аммо иродаларини бука олмадилар. Улар имом Аҳмаднинг эътирофлари кўпчиликнинг ҳузурида бўлишини хоҳлашар эди. Шунинг учун одамларни тўплаб, халифа Мўътасим ўзи чиқар ва имом Аҳмадни сўроққа тутар эди. Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгач, калтаклашга ўтишди. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг Имомни ҳушидан кетиб қолгунча дарра билан уришар, кейин эса кўтариб, қамоққа олиб кетишар, бу ҳол эртасига яна янгидан бошланар эди.

Бир куни калтак зарбидан ҳушидан кетаёзган Имомнинг қулоғига фитнабоши Ибн Абу Довуд: «Эй Аҳмад, қулоғимга: «Қуръон – махлуқ», деб қўйгин, сени халифанинг қўлидан қутқариб оламан», деди. Шунда имом Аҳмад бошларини зўрға кўтариб, «Эй Ибн Довуд, қулоғимга: «Қуръон – Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас», деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан», дедилар.

Бу воқеа халифанинг тавба қилиши, фитнабоши Ибн Абу Довуд ва унинг шериги Башрул Мусрайсийнинг боши олиниши ва имом Аҳмаднинг эъзозланиши билан тугади. Шундай қилиб, бу буюк Имом мусулмонларнинг катта бир фитнадан қутулиб қолишларига сабабчи бўлдилар.

Имом Аҳмад умрларининг охирида бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эди. У киши ҳижрий 241 сана 12 рабиъул аввал, жума куни вафот этдилар. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.

Имом Аҳмад ўз мазҳабларида Қуръон ва суннатни асосий манба қилиб олдилар. Сўнгра ижмоъ ва саҳобаларнинг кучли гаплари ўрин олди. У киши: «Қиёсни бошқа илож қолмагандагина ишлатиш керак», дердилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳаблари масалаларни тор олиши ҳаммага маълум. У киши кўп масалаларда тақво асосида ҳукм чиқарганлари учун шундай бўлиб кўринади. Мисол учун, ит ялаган идишни тозалаш учун имом Шофеъий: «Етти марта ювиш керак», дейдилар. Ҳадиси шарифда ҳам шу адад келган. Аммо Ибн Ҳанбал: «Саккиз марта ювиш керак», деганлар.

Аллоҳим, улуғ Имомимизни Ўзинг раҳмат этгин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб тақдирлагин. Омийн.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!