Илм

Фиръавнни илоҳ билмаган чўри...

1819

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Муснад" ларида келтирадилар:

"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Исро кечасида менга бир хушбўй ҳид келди. Мен дедим:

- Эй Жаброил! Бу ниманинг ҳиди?

Жаброил деди:

- Бу Фиръавннинг қиз ва ўғилларининг чўрисининг ҳиди.

Мен дедим:

- Унга нима бўлган?

Жаброил деди:

- Бир куни у Фиръавннинг қизини сочини тараётган эди. Тароқ ерга тушиб кетди. У тароқни "Аллоҳнинг номи билан" деб ердан олди. Фиръавннинг қизи: "Отамними?", деди. Чўри: "Йўқ! Менинг ҳам, отангнинг ҳам Робби Аллоҳдир", деди. Фиръавннинг қизи: "Отамга айтаман", деди. Чўри: "Айтавер", деди.

Фиръавннинг қизи воқеани отасига айтди. Фиръавн чўрини чақиртириб сўради:

- Эй фалончи! Сенинг мендан бошқа Роббинг борми?

Чўри:

- Ҳа, менинг ҳам , сенинг ҳам Роббимиз Аллоҳ.

Фиръавн мисдан бўлган бир қазон келтириб уни қиздириб чўрини ҳам, болаларини ҳам қозонга ташлашни амр қилди, деди.

Чўри деди:

- Сендан бир илтимосим бор эди.

Фиръавн:

- Сўра! - деди.

Чўри:

- Мен билан фарзандларимнинг суякларини битта кафанга солиб дафн қилишни буюрсанг, деди.

Фиръавн:

- Бу сенинг бизнинг гарданимиздаги ҳақинг бўлади, деди.

Чўрининг кўз ўнгида унинг болаларини бир-бир қозонга ташлашди. Навбат қўлидаги эмизикли болага етганида чақалоқ туфайли чўри ўзини ортга тортди. Шунда чақалоқ гапирди:

" Эй онажон! Қўрқмай қозонга тушаверинг. Дунё азоби охират азобидан енгилроқдир!".

Биринчи дарс:

Гўдаклигида гапирганлар бир нечта ривоятларда келган. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ уларни учта деганлар:

1. Ийсо алайҳис салом.

2. Журайж воқеасидаги чўпоннинг ўғли.

3. Фиръавннинг чўрисининг ўғли.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ривояти яна битта болани буларга қўшади.

Юсуф алайҳис саломнинг покиза эканликларига гувоҳлик берган бола. Бу гарчи исроилийётда келган бўлсада шариатимизда буни рад қиладиган нарса йўқ.

Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

"Бани Исроилдан гапираверинглар, ҳараж йўқдир".

Яна имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ривоятларида келган Ухдуд воқеасидаги бола. Ана шу билан олтита бўлади.

Иккинчи дарс:

Эътиқодни ошкор қилиш агар кишининг ўлимига олиб борса уни яшириш мумкин. Аллоҳ таоло Фиъавннинг оиласидан бўлган, ўз иймонини яшириб юрган кишини мақтайди:

"Фиръавн аҳлидан бўлган , иймонини беркитиб юрадиган бир мўъмин киши: "Бир одамни "Аллоҳ Роббимдир" дегани учун ўлдирасизларми?! , деди.

Иймонни яшириш у учун бир неча важҳга кўра фойдали эди:

Биринчидан у ўз ҳаётини муҳофаза қилди. Ўз хотинини иймони учун қатл қилган Фиръавн Мусо алайҳис саломга иймон келтирган яқинларини тек қўярмиди?!

Иккинчидан қасрга яқин юрган киши қасрда бўлаётган воқеаларни, Фиръавн қанақа режалар қилаётганини четдагилардан яхшироқ билар эди. "Қасрдаги жосус душман рўпарасидаги қиличдан афзал " деган гап бор.

Учинчидан иймонни ошкор қилиш фақат ўзига манфаат келтиради. Агар ўлдирилса Осиё ёки юқоридаги чўри каби шаҳидлар қаторига қўшилади. Якка шахслар нажотидан даъватнинг нажоти ва муваффақияти олдинда туради.

Осиё иймонини ошкор қилиб ўйламай иш қилган демаймиз.

Ҳалиги чўрини ҳам калтафаҳм демаймиз.

Шаҳидлар саййиди имом Ҳамза ибн Абдулмуттолибдир. Яна золим подшоҳни яхшиликка амр қилган, ёмонликдан қайтарган ҳамда унга ҳақни айтган ва ниҳоят подшоҳ уни ҳақни гапиргани учун ўлдирган кимсалар шаҳиди аълодир.

Эътибор беринг, ўша давр урфида кишилар чўрига жуда паст назар ила қарашган. Фиръавн эса улар наздида ҳоким, ибодат қилинадиган маъбуд.

Ана шу оддийгина чўри унинг сиёсий ва диний ҳокимиятига қарши чиқаяпди. Аллоҳга қасам, бунақанги журъатни тарих деярли кўрмаган.

Учинчи дарс:

Агар иймон қалбда мустаҳкам ўрнашса гўшт ва қондан иборат инсонни мустаҳкам тоққа айлантиради. У эгилмайди, юмшамайди.

Осиё метин иродали аёл. Уни қўл-оёқларига қозиқлар қоқишди, арралашди, майдалашди, у сабр қилди.

Қаҳрамонимиз оддийгина чўри юқоридаги азобларга сабр қилди.

Билол розиёллоҳу анҳуни Макканинг оловли қумлари ёки Умайя ибн Халаф у зотнинг кўксиларига қўйган катта харсанглар эга олмади. Мусо алайҳис салом билан курашгани келган сеҳргарлар иймон келтиришди. Фиръавн уларнинг қўл ва оёқларини кесди. Улар эса Фиръавнга: "Сен фақат шу дунёдагина ҳукм қила оласан" дейишди.

Имом Бухорий "саҳиҳ"ларида келади:

"Сизлардан илгаригиларни ушлашиб ерни ковлашар, уларни белигача кўмиб бошларидан арра қўйиб арралашар , уни иккига бўлиб темир тароқлар билан гўштини суякдан ажратишар эди. Бу иш уни Аллоҳнинг динидан тўса олмас эди".

Агар Аллоҳ таоло жаннатга борадиган йўлингни текис ва равон қилиб қўйса бу Унинг фазлидандир. Эҳтимол У сенинг балога сабр қила олмаслигингни билиб уни сендан кўтаргандир.

Агар акси бўлса саботли бўл. Фиръавннинг сеҳргарлари каби золимнинг юзига "сен фақат шу дунёдагина ҳукм қила оласан" дегин.

Тўртинчи дарс:

Бир киши садақа қилса, бу киши пулни ёмон кўради дегани эмас.

Бир қиз ҳижоб ўраса, бу у қизнинг безаниш ва модани ёқтирмайди дегани эмас.

Уруш майдонига кетаётган киши ҳаётни севмайди деган гап йўқ.

Фарзандларини қозонга ташланишига индамай қараб турган чўри оналик меҳридан мосиво эмас.

Булар Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқ деб ишонишди.

Чўрининг ўлими олдидан биргина сўраган нарсаси ўзи ва фарзандларининг суякларини битта кафанга ўраб кўмишлари бўлди. Бу ОНАЛИК!

Бешинчи дарс:

Тоғутлар асрлар ўтсада тоғутдир. Исмлар ва услублар ўзгаради, фикрат ўша.

Бугуннинг Фиръавни ўлдиради ва осади.

Намруди эса оловга отади.

Умайя ва Абу Жаҳл азоб беради.

Униси мўъминнинг молини олади. Буниси ерини олади. Яна бири обрўсига тажовуз қилади. Тўртинчиси уйини бузади. Бошқаси боласини ўлдиради.

Зулм давом этади...

А.Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фаранг профессори: «Қуръонга иймон келтирдим ва мусулмон бўлдим!»

5151 13:30 17.04.2020

Фиръавннинг хотини нималарни кўзлаган?..

3166 07:30 20.02.2020

Фиръавн бундан-да ҳашаматли қасрларни қурдирган эди...

2327 22:35 29.01.2020

Олимлар 3 минг йил аввал яшаган роҳибнинг овозини тиклашди (видео)

3757 15:20 24.01.2020

Фиръавн ва Ҳомон (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1179 22:00 12.06.2019
« Орқага