Фитр садақа ҳақида мухтасар маълумот

19:00 14.06.2018 860

Фитр садақа ҳар бир мусулмон ҳайит намозидан олдин муайян кишиларга бериши керак бўлган, миқдори белгилаб қўйилган садақадир.

Фитр садақа барча, тўрт мазҳаб олимларининг иттифоқи билан вожиб амал саналади. Далили:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَكَاةَ الْفِطْرِ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنْ الْمُسْلِمِينَ وَأَمَرَ بِهَا أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلَاةِ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан ҳар бир қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичикка бир соъ тамр ёки бир соъ арпа миқдорида фитр закотини фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишни буюрдилар”. Бухорий (1503), Муслим (984/2167, 986/2177).

Фитр садақа рўзадорни Рамазон ойи давомида йўл қўйган беҳуда гап-сўзлардан поклайди; бу ой сўнгида мискинларга озуқа бўлади; Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш саналади; рўза тутиши фарз бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақа берилиши улар учун баданнинг закоти ўрнига ўтади.

Ўзи ва аҳли оиласининг кунлик егулигидан ортиқча нарсаси бўлган киши гарчи моли закотга етмаган бўлса ҳам фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Бу жумҳур олимлар – моликий, шофиий, ҳанбалий мазаҳабларининг фатвосидир.

Кишининг зиммасида қарзи бўлиши уни фитр садақасини беришдан ман қилмайди. Бу барча, тўрт мазҳаб олимларининг фатвоси.

Ота ўзининг вояга етмаган болалари учун фитр садақасини беради. Эр хотини учун фитр садақасини бериш-бермаслиги ихтилофли масала. Баъзи олимлар “Бу эрнинг зиммасига вожиб” деган бўлса, бошқалари “Ҳар бир балоғатга етган киши ўзи учун фитр беради. Бу борада эр хотини учун фитр садақаси бериши вожиб эмас”, деган.

Она қорнидаги ҳомила учун фитр садақаси берилмайди. Бунга барча тўрт мазҳаб олимлари иттифоқ қилган.

Фитр садақасини бериш қачон вожиб бўлиши борасида олимлар ўртасида ихтилоф бор.

1) Рамазоннинг охирги куни қуёш ботиши билан вожиб бўлади. Бу шофиий, ҳанбалий ва моликий мазҳабларининг фатвоси.

2) Рамазон ҳайити куни тонг отиши билан вожиб бўлади. Бу ҳанафий ва зоҳирий мазҳаблари ҳамда Миср фақиҳи Лайс ибн Саъд ва Ибн Мунзирларнинг фавоси.

Бу икки фатво ўртасидаги фарқ Рамазоннинг охирги куни қуёш ботганидан кейин туғилган ёки вафот этган киши масаласида кўринади: а) биринчи фикрга кўра, Рамазоннинг охирги куни қуёш ботганидан кейин вафот этган киши учун фитр садақаси чиқарилади – чунки унинг зиммасига фитр садақаси вожиб бўлиб улгурди; аксинча, иккинчи фикрга кўра, унга фитр садақаси вожиб бўлмади – чунки ҳали тонг отмай туриб вафот этди; b) Рамазоннинг охирги куни қуёш ботганидан кейин туғилган болага биринчи фатвога кўра фитр садақаси берилмайди – чунки у фитр садақаси вожиб бўладиган вақтдан кейин туғилди; иккинчи фикрга кўра, у бола учун фитр садақаси берилади – чунки фитр садақаси вожиб бўлган вақтда, тонг отганида бу бола бор эди.

Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин бериш афзал. Бунга далил юқоридаги Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси. Унда “одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишга буюрдилар” дейилган.

Шу билан бирга фитр садақасини Рамазон ҳайитидан бир ёки бир неча кун олдин бериш жоиз:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ كَانَ يُعْطِيهَا الَّذِينَ يَقْبَلُونَهَا، وَكَانُوا يُعْطُونَ قَبْلَ الْفِطْرِ بِيَومٍ أَوْ يَوْمَيْنِ

“Абдуллоҳ ибн Умар фитр закотини уни олувчиларга берар, одамлар фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин бериб қўяр эди”. Бухорий (1511).

Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермаган бўлсалар, саҳобалар фитр садақасини ҳайит кунидан олдин беришлари мумкин эмас эди. Демак, уларнинг бу амалини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билганлар ва эътироз билдирмаганлар. Қолаверса, фитр садақаси бу борада худди закот каби бўлиб, уни белгиланган муддатдан олдин бериш жоиз.

Фитр садақасини беришнинг охирги вақти ҳақида ихтилоф бор:

1) Фитр садақасининг охирги вақти Рамазон ҳайити куни қуёш ботгуничадир, бундан кечиктирган киши гуноҳкор бўлади. Бу жумҳур олимлар – моликий, шофиий ва ҳанбалий мазҳабларининг фатвоси.

2) Фитр садақасининг охирги вақти Рамазон ҳайити намози ўқилгуничадир, ким бу вақтдан кечиктирса, берган нарсаси фитр садақаси эмас, оддий садақа бўлади. Бу зоҳирий мазҳаби, Шайхулислом Ибн Таймийя, Ибн Қаййим Жавзийя, Амир Санъоний ва Имом Шавконийларнинг фатвоси.

Фитр садақасини ўз вақтида бермаган киши унинг қазосини ўташига (беришига) жумҳур – моликий, шофиий, ҳанбалий ва зоҳирий мазҳаби олимлари иттифоқ қилган.

Фитр садақаси ҳар бир юртда кенг истеъмол қилинадиган озуқа маҳсулотларидан чиқарилади. Масалан, бизда буни буғдой, гуруч, мош, нўхат, ун, майиз, ёғ, гўшт кабилардан чиқарса бўлади.

Фитр садақаси ҳар бир киши учун муайян егуликдан бир соъ миқдорида чиқарилади. Соъ аслида ҳажм ўлчови бўлиб, унда ўлчанадиган маҳсулотларнинг турига қараб вазни фарқ қилади. Турли давлатларда ўзига хос усулларга кўра бир соъ замонавий ҳисобда 2040-3000 грамм оралиғида белгиланган.

Фитр садақасининг қийматини, яъни, егулик эмас, унинг пулини бериш масаласида ихтилоф бор. Жумҳур олимларга кўра бу жоиз эмас, ҳанафий мазҳабига кўра эса жоиз.

Фитр садақаси кимга берилиши борасида ҳам олимлар орасида ихтилоф бор:

1) Фитр садақаси закот олиши мумкин бўлган саккиз тоифага берилади (бу тоифалар “Тавба” сураси 60-оятида зикр қилинган). Бу жумҳур – ҳанафий, шофиий ва ҳанбалий олимларининг мазҳаби.

2) Фитр садақаси фақат фақир ва мискинларга берилади. Бу моликий мазҳабининг фатвоси, Шайхулислом Ибн Таймийя, Ибн Қаййим Жавзийя ва Имом Шавконийларнинг фикри.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!