Наср

Fийбатдан топилган ҳикмат

1036

Сиддиқ  ота тоат-ибодатда бардошли, меҳр-оқибатда беназир, хушхулқу хушодобликда бекаму кўст мўмин одам эди. У эс таниганидан бошлаб катта-ю кичикка аввал салом берар, қаршисидан чиққан кишига дарров йўл бўшатар, оёқ  остидаги тошни-да эҳтиётлаб девор чети ёки панароқ жойга элтиб қўярди. 

Маҳалла аҳли унинг бирор марта ранжигани ёки ёр-дўстларига гина қилганини эслай олмайди. Баъзан, ожиз бандалар дунё моли, бойлик ҳақида гап очишганида кўпинча қулоғига фисқ-фасод кирмас даражада ичида саловат айтиб ўтиради, каломдан сукутни афзал билади. 

Қарангки, шундай тақво соҳиби умрининг поёнида омонатга хиёнат қабилида  иш тутса-я. У бундан бир йил илгари маҳалланинг сўзамол, оёғидан тили олдин юрадиган, пул деса ўзларини томдан ташлайдиган кишилардан қарз-ҳавола кўтарди. Аввало ўзига тўқ, ҳаёти давомида “Берган қўл олганидан устун” деган ҳадисга амал қилиб яшаган инсоннинг бу хатти-ҳаракати эшитганларни лол қолдирди. Наҳотки, бир оёғи гўрга яқинлашганида иморат қурса ёки бирон ишнинг этагидан тутиб, набираларига қ олдирса? Э йўқ, Сиддиқ  отанинг фарзандлари ҳам ғурурли, риоя-андишали. Агар улар падари бузрукворининг бировлардан пул сўраганини эшитишса, қаттиқ  ранжишади. Аммо эл оғзига элак тутиб, ойни этак билан ёпиб бўлармиди... 

Гўзал ахлоқ ли фарзандлар шом намозидан сўнг ота қ ошига йиғилишди. Падар қ ўлларини дуога очганида, улар кўчада эшитган миш-мишлар ҳақ ида сўрашди. 

— Болаларим, — деди у нуроний сиймосидан нур таратиб, — шу маҳалгача қандай тадбир қўлласам, унда ўзига яраша мақсадим бўлган. Бир оз сабр, ҳадемай омонатнинг сири ҳам очилур. 

Тўнғич ўғил тиз чўккан кўйи таъзим бажо айлади: 

— Қиблагоҳим, сизнинг қарзингиз бизнинг андишамиз саналгай. Бу аҳволда юзимиз шувут бўлмасмикан? 
— Оталар болалари қаддини эгадиган иш қилишга қодир эмаслар. Ёки мен берган луқма-ю тарбиямга шубҳа қилурмисизлар?  

Йигитлар кўзларини ота пойига тикиб, бир овоздан: 

— Бизни кечиринг, айбимиз шуки, сизнинг қувваи ҳофизангиз қамраган тафаккурни биз биз илғаб олишга ожизмиз, — дейишди. 

Орадан ойлар ўтди. Энди қарз берганлар хавотир исканжасида ғийбатни бошлаб юбордилар. Улар учрашганларида шундай намозхон, Аллоҳдан қўрқадиган мусулмон банда омонатга хиёнатдан қўрқмаётганлиги тўғрисида гап-сўз юритишарди. 

Боз устига, кеча, хуфтон намозига чиққан Сиддиқ  ота кейинги кунларда сиҳати ёмонлашиб, ўзини беҳол сезаётганлиги, куни битиб бораётганлиги хусусида тўхталиб, қавмдан рози-ризолик сўради. Розилик сўраган зот қарзи борлигини хаёлига ҳам келтирмади. 

Омонатчиларнинг пайтавасига қурт тушиб, уйқулари қочиб, ярим кечасига қадар отахоннинг “гўрига ғишт қалашди”, пул берган кунини лаънатлашди. 

Тонг отиши билан улар маслаҳатлашгандай Сиддиқ  ота дарвозасини тақ иллатишди. Ёпирай, бу чоли тушмагур ҳам уларни кутаётган эканми, дарвозани ўзи очди, йўлакдаги меҳмонхонага таклиф этди. 

— Отахон, ўзингиздан ўтар гап йўқ , — дея тезда мақсадга кўчди Соли совуқ  кўзларини лўқ  қилиб, — Кечаги “хайр-маъзур”ингиздан кейин ўйланиб қолдик. Ҳар ҳолда жанозангиз аввалида “биздан қарзи бор эди” дегандан кўра... 

Мезбон гапни бўлди. 

— Мана бу сиздан олган пулим, — у шундай деб токчадаги гулдон ичидан оқ  матога ўралган тугунчани чиқариб, Соли совуққа узатди. 
— Ие, буни очиб ҳам кўрмабсиз-ку? 

Иккинчи гулдондан ҳам қоғозга думалоқланган пул олиниб, эгасига қайтарилди. Учинчи омонатчи ҳам ҳақини олди. 

— Отахон, тушунишимизча, пулларга қўл урмаган кўринасиз, — деди Соли совуқни тер босиб. 
— Шундай! — Сиддиқ  ота меҳмонларга синчков нигоҳ ташлади. У одатдагидай мутлақо хотиржам эди. 
— У ҳолда қарз сўрашга не ҳожат эди? — Аҳмад мўйлов таажжубини яширолмай, тиззасига шапатилади. 

Сиддиқ  ота анча ўйга чўмди, қиров қўнган киприклари жуфтлашди. Сўнг миттигина кўзларини очиб, меҳмонлардан узр сўради.  

— Мени афв этинглар. Ўз ҳаловатимни деб сизларни анча ташвишга қўйдим.  
— Тушунмадим, отахон,  — Соли совуқ   қулоғи ортига панжасини карнай қилиб қўйди.
—  Гап шундаки, кейинги пайтларда тоат-ибодатимдан кўнглим тўлмай қолди, назаримда, тақво ва нафс парҳезида нуқсон бордек туюлаверди. Гуноҳлардан бориғ бўлиш йўлларини эсладим. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, кимки бировни ғийбат қилса, ўша маломатга қолган одамнинг гуноҳи тўкилиб, айби кечиб юборилар экан. Омонатни вақтида қайтармаганимнинг боиси ҳам шунда — менинг субутсизлигим, сўзимда турмаганлигим ҳақида гапиришинглар билиб-билмай қилган хатоларим учун каффорат бўлса ажабмас, билгувчи Аллоҳдир. Ноўрин ранжитганлигим, хижолатга қўйганлигим учун сизлардан ва Яратгандан кечирим сўрайман.  

Бу воқеа ўша куниёқ  маҳаллага ёйилиб кетди. Унинг ибрати отахон кутганидан ҳам зиёда экан. Энди одамлар гуноҳи тўкилади деб, душанини ҳам ғийбат қилмай қўйдилар. Оқиллар ғийбатдан ҳам ҳикмат топишгани шудир-да.  

А.Абдуллаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Наҳотки мен қароқчиман!

400 10:00 22.01.2020

Шайхни жеркиб берди, аммо...

1184 07:20 22.01.2020

“15 йил шундай хотин билан яшадим...”

3132 09:45 18.01.2020

“Маккадан қайтаётганда хароба масжидга дуч келдик...”

3090 09:03 16.01.2020

Мушукка яхшилик қилган киши...

683 18:00 15.01.2020
« Орқага