Фотиҳа сураси тафсири

20:00 18.06.2019 692

Ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина камоли бандалик ила юзланишга эришиш суранинг бош мақсадларидан бири ҳисобланади.

Сура "Фотиҳа" яъни, очиб берувчи, бошлаб берувчи, очқич, деб номланди. Чунки Аллоҳнинг китоби у билан бошланади. У "Уммул-Қуръон", яъни, Қуръоннинг онаси, асли, пойдевори, деб ҳам аталади. Негаки, у Қуръоннинг ибодат, Аллоҳни бир деб билиш (тавҳид) ва бошқа мавзуларини ўзида мужассам этади. У Қуръондаги энг улуғ сурадир. У "Етти такрорланувчи"дир.


بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

"Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)".

Қуръон ўқишни Аллоҳнинг номи билан, У Зотдан мадад сўраб, У Зотнинг табаррук номини тилга олиб бошлайман. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” Аллоҳнинг гўзал номларидан учтасини ўз ичига олади. Улар: 1 - Аллоҳ. Яъни, ҳақиқий маъбуд. Бу Аллоҳнинг ўзигагина хос бўлган номидир. У Зотдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса бу ном билан номланмайди. 2 - Ар-Раҳмон. Яъни, бепоён раҳмат эгаси. Бу ном Аллоҳнинг ўзигагина алоқадор. 3 - Ар-Роҳим. Бу сифат Аллоҳнинг ўзигагина эмас, махлуқотлари билан алоқасига алоқадор. У Зот Ўзи истаган халқини, жумладан, мўмин бандаларини Ўз раҳматига олади.

ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ

"Ҳамд оламлар Парвардигори Аллоҳникидир".

Улуғлигу баркамоллик сифатлари учун айтиладиган ҳамма мақтовлар ёлғиз У Зотникидир. Зеро, У Зот ҳамма-ҳамманинг Парвардигори, Яратувчиси, Бошқарувчисидир. "Оламлар"дан мурод Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалардир.

ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

"Меҳрибон ва Раҳмли".

Олдинги оятда Аллоҳга ҳамд айтилган бўлса, бунисида сано айтиляпти.

مَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِ

"Қиёмат кунининг Эгасидир".

Бу оят Аллоҳнинг улуғлигини, буюклигини ифодалаяпти. Қиёмат кунида ҳамма нарса У Зотнинг қўлида. Ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса қилиб бера олмайди. Қиёмат куни ҳисоб-китоб, жазо ва мукофот кунидир.

إِيَّاكَ نَعۡبُدُ وَإِيَّاكَ نَسۡتَعِينُ

"Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз".

Ҳамма тоатимиз, ибодатимиз ёлғиз Сенгадир. Сенга ҳеч кимни, ҳеч нарсани шерик қилмаймиз. Ҳамма ишларимизда ёлғиз Сендангина мадад сўраймиз. Ҳамма яхшилик Сенинг қўлингдадир. Сендан ўзга мададкор йўқдир.

ٱهۡدِنَا ٱلصِّرَٰطَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَ

"Бизни тўғри йўлга йўллагин".

Бизни тўғри йўлга солиб, йўлимизни равон қил ва шу йўлда қадамларимизни собит айла. Тўғри йўл ҳеч бир эгрилиги бўлмаган очиқ, равон йўлдир. У Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Ислом йўлидир.

صِرَٰطَ ٱلَّذِينَ أَنۡعَمۡتَ عَلَيۡهِمۡ غَيۡرِ ٱلۡمَغۡضُوبِ عَلَيۡهِمۡ وَلَا ٱلضَّآلِّينَ

"Ғазабга учраганлару адашганларнинг эмас, Ўзинг неъмат берганларинг йўлига".

Яҳудлар каби ҳақни таниб туриб, унга эргашмасдан ғазабга учраганларнинг эмас, насоролар каби етарлича ҳаракат қилмасдан ҳақ динни топа олмаган адашганларнинг ҳам эмас, балки пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар каби Сен тарафингдан ҳидоят неъмати ато этилган бандаларинг йўлига. Улар нақадар хуш, нақадар ёқимли ҳамроҳ-ҳаммаслаклардир.

Аллоҳ таоло Ўз китобини бисмиллоҳ ила бошлаяпти ва бу билан бандаларини қиладиган ишларини ҳам, айтадиган гапларини ҳам У Зотдан мадад ва тавфиқ сўраш билан бошлаш сари йўллаяпти.

Дуони Аллоҳни улуғлаш ва У Зоти Пок-Парвардигорга сано айтиш билан бошлаб, кейин тилагини тилаш солиҳ бандаларнинг ишларидир.

Мусулмонлар адашган насоролар каби ҳақиқатни излашда етарлича ҳаракат қилмасликдан ҳамда ғазабга учраган яҳудлар каби ҳақни таниб туриб, унга амал қилмасликдан огоҳлантириляпти.

Сура ибодатни холис Аллоҳ таоло учунгина қилиш ва мададни ёлғиз У Зотдангина сўраш ила иймон камол топишига далолат қиляпти.

Муқим Маҳмуд

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!