“Фотиҳа” сурасини қайта англаш ёхуд биринчи сура тафсири (10-мақола)

01:00 08.06.2018 906

Келинг, энди эслайлик: от ўзгармасми ёки феъл? Албатта от ўзгармас. “Сен марҳамат қилганларнинг йўли” жумласи ўтган замонга киради. Ўтган змон ўзгаради. Бундан чиқадики, биз ўрнак оладиганлар ҳар доим ўтган замонда. Лекин, Аллоҳнинг ғазабига учраган одамларга нисбатан “ал мағзуб”- от қўлланилаяпти. Бу нимани ангатади? Бу ҳодиса доимо, ўзгармас бўлишини англатади. Ўтган замонда бўлган, ҳозирги замонда бўлади ва кейинги замонда ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам биз доимо хавф остидамиз. Агар бу ҳодиса ўтган замонда бўлиб ўтганида эди, биз учун хавф хатар бўлмаган бўлар эди. Лекин Аллох уни от орқали ифода этаяпти. У ҳозир ҳам юз бериши мумкин, бунинг учун бизда ҳеч қандай кафолот йўқ. Астағфириллоҳ!

Энди “дзоллийн” сўзи ҳақида гаплашсак. Араб тилидан бу сўз тамом бўлган, адашган деб таржима қилинади. Шу билан бирга бу сўз адашган ва адашганларнинг йўли эмас, деган маънони билдиради.. Айтайлик, кимдир менинг маърузамга келмоқчи бўлди. Лекин йўлни топа олмай адашиб қолди. Нимага муҳтож бўлади? Информацияга. Шундайми? Ўйлаб кўрингларчи, биринчи ва иккинчилар орасида катта фарқ борми ёки йўқми? Аллоҳнинг ғазаби кимларга тушган? Шу иш ёмонлигини била туриб, ана шу ишни қилган одамларга. Адашганларга келсак, улар ҳам расво, ёмон ишларни қиладилар, лекин бу ишни ёмонлигидан хабардор эмаслар, улар жоҳиллар, шунинг учун ҳам ёмон ишлар қиладилар. Демак, биринчиларнинг аҳволи жуда ҳам ёмон даражада, чунки Аллоҳ уларга нисбатан ғазабланган. Иккинчиларга келсак, Аллоҳ улардан ғазабланганини айтмаяпти.

Ажабланарлиси шундаки, Аллоҳ улардан ғазабланганини айтмаяпти. Бизга эса: уларга ўхшаб қолманг, чунки уларнинг аҳволи оқланиб бўлмас даражада, деб айтаяпти. Баъзан сиз адашиб қолишингиз мумкин. Шунда Аллоҳ сизни ҳақиқат томон йўналтиради. Аллоҳ ҳаттоки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳа: “Биз сени адашган ҳолингда топтик ва тўғри йўлга бошладик” деб айтган. Сиз адашишингиз мумкин. Кейин эса тўғри йўлни топиб олишингиз ҳам мумкин. Лекин гап шундаки, сиз тўғри йўлни топганингизданг сўнг Унинг айтганлари бўйича ҳаракат қилишингиз керак. Аллоҳинг ғазаби тушган одамларинг муаммоси шунда эдики, улар тўғри йўлни топган эдилар, лекин орқага қайтишни афзал билдилар. Иккитанинг фарқини энди тушундингизми?

Энди мен мусулмонлар ҳақида гапирмоқчиман. Мусулмон одам қачон Аллоҳнинг ғазабига учраши мумкин? Билади. Лекин билса ҳам шу ишни қилишни давом этаверади. Қайси мусулмон адашган бўлиши мумкин? У қандайдир гуноҳ бир ишни қилса, лекин бунинг гуноҳлигини билмаса. Лекин бу билан у ўзини оқлай оладими? Йўқ. Чунки биз Аллоҳдан тўғри йўлдан бошлашини сўраяпмиз. Бошқача қилиб айтганда, биз илм излашимиз керак. Агар биз кеча билмаган бўлсак, бугун билишимиз керак ва ҳар куни яна ва яна илм ўрганаверишимиз керак. Айрим мусулмонлар эса ўрганишни истамайман, агар ўрганадиган бўлсам, менга яна катта маъсулият юкланади, мен билганимдан билмаганим яхшироқ, (адашганлардан, жоҳиллардан бўлиб қолганим яхши) чунки Аллоҳнинг ғазабига учраганлардан бўлиб қолмайман, деб айтадилар. Мана уларнинг мантиқий фикрлашлари.

“Адашган бўлиб юрганим яхшироқ, Аллоҳнинг ғазабига учраганлар қаторидан кўра” деб айтишаяпти. “Фотиҳа” сурасида сиз адашганлар ва ғазабга учраганлардан бўлманг деб аниқ айтилаяпти. Агар сиз илм ўрганишни истамайман десангиз, бу “мен адашганлардан бўлишни ҳоҳлаяпман” деганингиз билан баробар. Мен жоҳиллигимча қолишни истайман. Йўқ, йўқ, биродар, бу яхши фикр эмас. Ғазаб адашганларга ҳам тушганини унутма.

Энди мен ўзим энг севган қисмга ўтаман. Бу менинг назаримда “Фотиҳа” сурасининг нақадар ҳайратли, киши қалбини ларзага солувчи мўъжиза эканлигини кўрсатади. Бунда шу даражада бенуқсонлик, мукаммалик борки, агар мен мусулмон бўлмаган тақдиримда ҳам шу ҳақда тафаккур қилиш бахтига муяссар бўлар эдим ва ўзим қатъий ҳолда инсон бундай гапира олмасигини, бу инсон нутқи эмас деган хулосага келган бўлар эдим. Мана, мен сизлар билан нима ҳақида ўртоқлашмоқчиман. Бу жуда ҳам муҳим қисм бўлгани учун ниҳоятда диққат қилишингизни сўрайман.

“Фотиҳа” сурасида иккита жиҳат бор: бу билим ва ҳаракат (амал). “Ҳамд оламлар Робби Аллоҳгаким, у Меҳрибон ва Раҳмли ва жазо куни (қиёматнинг) эгасидир” бу оятларнинг ҳаммаси - билим. Билим ким ҳақида? Аллоҳ ҳақида. Шундайми? Биринчи учта оят ўзида билимни акс эттиради. Биз “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз, бизни шундай тўғри йўлга бошлагинки, Сен инъом (ҳидоят) этганларнинг йўлидир, ғазабга учраган ва адашганларнинг йўли эмас”- булар ҳаракат (амал), билим эмас. Сура билимдан бошланади ва амал, ҳаракат билан тугайди.

Келинг, уч хил ҳолатни  келтириб кўрамиз: Инсонлар билимга эга ва бу билимлар уларни ҳаракатга келтиради. Агар сизнинг билимингиз сизни ҳаракатга бошласа, унда сиз тўғри йўлда бўлишингиз мумкин. Мантиқан тўғрими? Тўғри йўлда бўлиш учун сиз билимга эга бўлишингиз керак. Сизнинг қиладиган амалларингиз ана шу билимингиз асосида бўлади. Лекин яна иккита ҳолат бор: Одамлар билимларга эгалар, лекин уларнинг билимлари амалларига айланмайди. Шу билан бирга шундай одамлар борки, уларнинг қилган амалари, ишлари билимга асосланмайди. Агар сизда билим бўлса-ю, лекин сиз унга амал қилмасангиз сиз қайси тоифага тушиб қоласиз? Аллоҳнинг ғазаби тушган одамлар тоифасига. Уларда билим бор. Лекин шу билимга лойиқ қўллайдиган амаллари йўқ.

Агар сиз чин дилдан яхши ният билан бирор иш қилсангизу, лекин бу қиган ишингиз асосланган билимларга тўғри келмаса, у ҳолда сизнинг амалингиз илмсизлик оқибати бўлади (бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин). Сиз адашганлар тоифасига кириб қоласиз.

“Фотиҳа” сураси билимдан бошланади. Кейин эса, билим асосида бажарилган амаллар ҳақида гапирилади, сўнгра амалсиз бўлган билимлар ва ниҳоят ҳеч қандай билимларсиз бажарилган амаллар ҳақида гапирилади. Ана бу мукаммал симметрияга эътибор қилинг. Билим ва Амал мукаммал равишда мувофиқлаштирилган! Ўйлаб кўринг, шундай тарзда қандай гапириш мумкин? Кимдир худди шу тарзда гапира оладими? Қуръон оғзаки равишда тушган, оғзаки нутқ. Бу оғзаки нутқни бундан-да яхши айтилиши учун ўзгартиришнинг иложиси ҳам бўлмаган.

Энди лингвистика нуқтаи назаридан гапирамиз. Лингвистикани кўпчлик унчалик тушунмагани учун мен соддароқ тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу “Фотиҳа” сурасининг энг ҳайратланарли хусусиятидир.

Араб тилида икки хил кўринишдаги гаплар мавжуд. Феъл гаплар ва от гаплар. Биз феълар ва отлар ҳақида гаплашдик. От ўзгармаслигини, феъл эса замонларга бўлинишини биламиз. Шундай қилиб арабларда 2 хил кўринишдаги гаплар бор: феъл гаплар ва от гаплар. Араб тилида бу “жумла фаъалия” ва “ жумла исмия” деб аталади. Феъл гаплар ишлатилганда бу гап мазмуни вақтинчаликни билдиради. От гаплар ишлатилганда эса бу гап мазмуни ўзгармасликни билдиради. Мен бу нарсани ҳамма вақт эсингизда сақлашингизни истайман: Феъл гаплар воқеанинг вақтинчалигини билдиради. От гаплар эса воқеанинг ўзгармаслигини билдиради. “Фотиҳа” сурасини 3та асосий қисмга бўлиш мумкин. Аввал биз “Фотиҳа” сурасини 2 хил жиҳати борлигини айтиб ўтган эдик: Билим ва Амал. Энди эса биз “Фотиҳа” сурасини 3 қисмга бўлаяпмиз. Биринчи қисмида Аллоҳ ҳақида гапирилади: “Ҳамд оламлар Робби Аллоҳгаким, У меҳрибон, раҳмли, ва жазо куни (қиёмат)нинг эгасидир”. Бу - биринчи қисм. Иккинчи қисм биз билан Аллоҳ ўртасидаги келишув: “Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина ёрдам сўраймиз”.

Учинчи қисм – бизнинг ўзимизга бағишланган. Биз ўзимз учун: “Бизни шундай тўғри йўлдан бошлагинки, Сен инъом (ҳидоят) этганларнинг йўлидир, ғазабга учраган ва адашганларнинг йўли эмас”, деб сўраймиз. Ҳаммаси 3та қисм:

Бутунлай Аллоҳга бағишланган;

Биз билан Аллоҳ ўртасидаги келишув;

Шахсан ўзимиз учун Аллоҳдан илтимос қилаяпмиз.

Агар лингвистик нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, шуниси ҳайратланарлики, биринчи қисм фақат от гап бўлиб келган. От гап ўзгармас бўлиб келади, шунинг учун ҳам Аллоҳ ҳақида гапирганимизда от гап қўлланилган. Учинчи қисми бизга бағишлаган ва биз бунда феъл гапларни кўрамиз. Феъл гаплар вақтинчаликни билдиради, сиз ва биз вақтинчалик яратилган мавжудотлар каби.

Иккинчи қисм ҳам ажойиб. Айтишадики, отли гаплар от билан бошланади, феъл гаплар эса феъл билан бошланади. Бунда мантиқ бор. Лекин араб тилида ўзгача. Агар феъл гаплар от билан бошланса, отли гап билан феъл гап қўшилиб кетади ва гап ўртасида келаётган феъл от билан бошланадиган мустақил феъл гапга айланади. Бу иккита кўринишдаги гапнинг қўшилиши.

Суранинг иккинчи қисми иккала қисмнинг: битта қисми Аллоҳга бағишланган бўлса, яна биттаси ўзимизга бағишланганини биргаликдагисини акс эттиради. Шу тарзда биринчи қисм отли гаплар – улар Аллоҳга бағишланган, иккинчи қисм – отли ва феълий гапларнинг қўшилиши, чунки бу ерда гап биз ва Аллоҳ ҳақида кетаяпти. Охирги қисмидаги жумла эса феълий гапни ташкил қилади. Чунки бу ерда биз ҳақимизда гап кетаяпти. Кўряпсизми, ҳаттоки лингвистик нуқтаи назардан ҳам бу сура ниҳоятда мукаммал эканлигини кўрсатаяпти. Шундай қилиб биз “Фотиҳа” сурасининг мавзу жиҳатдан тузилишли ҳақида гаплашдик. Сиз энди қандай фикрга келдингиз?

- “фақат Унга сиғинишга” - Мантиқий хулоса.

- “мен Аллоҳни танидим, энди Унинг қули бўлишни истайман..

Оятнинг иккинчи қисмида нима дейилган эди? “Фақат Сендан ёрдам сўраймиз”. Биз Аллоҳдан энг биринчи қандай ёрдам сўраймиз? Тўғридан тўғри бошқаришни. “Фақат Сендан ёрдам сўраймиз сўзи” – бу учинчи қисмга кириш.

“Фақат Сенгагина сиғинамиз” – бу биринчи қисмнинг тугалланиши.

Бу сура шундай мукаммал мувофиқлаштирилганки, таъриф қилишга сўз йўқ.

 

Нўъмон Али ХОН.

Юлдузхон АМИРЖОНОВА таржимаси

 

1-мақола

2-мақола

3-мақола

4-мақола

5-мақола

6-мақола

7-мақола

8-мақола

9-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!