“Фотиҳа” сурасини қайта англаш ёхуд биринчи сура тафсири (9-мақола)

01:00 07.06.2018 792

Яна шундай бир ҳолат бор. Сиз юқорига қараб борганингиз сари ўзингизда нима ўзгаради? Қалбингиз билан кўришни бошлайсиз. Аввал кўрмаган нарсани кўришни бошлайсиз, аввал ўзингиз тушунмаган саволларни тушунишни бошлайсиз, аввал англамаган нарсаларни  англай бошлайсиз. Сиз энди шундай нарсаларни билишни  бошлайсизки,  ҳали ҳам пастда юрган одамлар бу нарсаларни   билмайдилар. Аллоҳ бизга Қуръонда истаса Қуръон оятлари орқали юқорига кўтаришини айтади. Яъни, биз қанчалик оятларни кўп тушунсак, англасак шунчалик қалб кўзимиз очилиб бораверади. Шунчалик узоқни кўра оладиган бўламиз. Субҳоналлоҳ!

Битта қисқа оятда гўзал бир тарзда бутун бир ҳаёт йўли акс этган: “Бизни  тўғри йўлдан бошла!” Мана сиз, мана шу йўлда турибсиз ва бу йўлни юқорига қараб кетишини, узунлигини, кенглигини ва хатарли эканлигини кўряпсиз. Кимни ёрдамга чақирасиз? Сизга ёрдам берадиган одамлар бормикан? Сиз Аллоҳдан ёрдам сўраяпсиз. Лекин Аллоҳ  шу йўлдан  юришга бизга ёрдам берадиган одамларни юборади. Мисол келтираман: Сиз университетга ўқишга  кирдингиз. Сиз учун кимнинг маслаҳати аҳамиятлироқ: ўзингиз каби биринчи курс  судентлариними ёки битирувчиларнингми? Ким сизга керакли маслаҳатни бера олади: биринчи курсда ўқийдиганми ёки битирувчими? Албатта битирувчи -  яъни университетни тугаллаш нима эканлигини билган ва шу жараённинг охиригача бора олган одамлар.  Биринчи курсда ҳам яхши  билимли студентлар бўлиш мумкин, лекин улар жараённинг охиригача бора олмаслиги мумкин ва шу билан бирга ҳали ўзлари бирор бир қарорни ечмай  туриб, ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган одамнинг қарорини тўғри ёки нотўғри эканлигини ҳам била олмайсиз.

Шунинг учун ҳам кейинги оятда Аллоҳ  “сиротоллазийна ан аъмта алайҳим” – сен  марҳамат ато этганларнинг йўли. Ан аъмта сўзи ўтган замонда турибди. Бошқача қилиб айтганда  сиз ва мен (образец подражания) шу йўлдан ўтган одамларни намуна қилишимиз керак. Ҳа, биз бир биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, лекин биз йўлимизда эртага нима бўлишини билмаймиз. Бунга бизда ҳеч қандай кафолот йўқ.  Ибоҳим алайҳиссалом бу йўлда ўтиб бўлганлар, Нуҳ алайҳиссалом бу йўлдан ўтиб  бўлганлар, Солиҳ алайҳиссалом, ғор эгалари бу йўлдан ўтиб бўлганлар. Юсуф алайҳиссалом ва уларнинг оталари ҳам бу йўлдан ўтиб бўлишган. Бўлди, тамом. Бу йўлдан ўтиб бўлишган. Биз улардан ва мана шу йўлни ўтаб бўлганлардан ўрганишимиз керак. Мен нима демоқчи бўлаётганимни тушуняпсизларми? Шунинг учун ҳам бу ерда ўтган замон ишлатилаяпти. Оятда “сен ҳозир марҳамат ато этилаётганларнинг йўли” дейилмаяпти. Чунки, ҳозир Аллоҳ ҳидоят этган инсонлар  йўлнинг охирига довур боришларига кафолат йўқ. Шунинг учун ҳам биз Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, солиҳ инсонларнинг ўтган ҳаётига ҳамма вақт қайта қайта назар солишимиз керак.

Келинг, энди ан аъмта сўзига диққат қилсак. Бу сўз “нуғумма” сўзидан келиб чиққан бўлиб юмшоқ, енгил, қулай маъносини билдиради.   Араб тилида чорва моли “ан анғъом” дейилишини билармидингиз?  Бу сўзнинг ҳам илдизи худди шу сўздан олинган. Чунки мол енгил, бир текисда ҳаракат қилади. Аллоҳ бу йўлдан юришни қандай  тавсифлаяпти? Енгил деяптими ёки қийин деяптими?  Қийин.  Шунинг учун ҳам биз Аллоҳнинг ёрдамига муҳтожмиз ва ҳар сафар бу йўл хатарли ва шундай бўлиб бораверади. Аммо Аллоҳ сизгача бўлганларнинг йўлини енгил қилганман, деб айтади. Биз қандай қилиб Аллоҳ тўғри йўлни уларга  енгил қилиб қўйганини билишимиз керак. Аллоҳ кимга раҳмат кўрсатган бўлсам,  раҳматим орқали улар тўғри жаннатга тушди, демаяпти. Йўқ. “Сен кимни танлаб олганинг ва назар солганинг” орқали. Бизгача  яшаган одамлар каби биз ҳам бундай ёрдамсиз ўз мақсадимизга ета олмаслигимизни биламиз. “Эй Аллоҳ! Сен уларга ёрдам бергансан, уларга қандай ёрдам берганингни кўрсат, биз ҳам ўзимиз учун фойдали бўлган нарсани олайлик, ва Сенинг ёрдам беришингга умид қилайлик”.

Шундай бўлаяптики, Аллоҳ бизга бизгача яшаган ва У марҳамат қилган  одамларни эмас, уларга ёрдам бергани учун Унга ҳамд  айтишимиз кераклигини ўргатаяпти. Аллоҳ танлаган ва назар солган инсонлар деганда Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар, анбиёлар ва солиҳлар назарда тутилади.

Мен Аллоҳга “Ё Аллоҳ! Мен сенинг қулингман, менга ёрдам бер, менга шу йўлни босиб ўтганлар йўлини кўрсат!” деб илтижо қиламан. Аллоҳ эса менга худдики “Қуръон ўқи, шунда мен сенга сенгача бу йўлни босиб ўтганларни йўлини кўрсатаман” дейди. “Эй Аллоҳ! Менга яна шу йўлни босиб ўтишга ҳаракат қилганлар, лекин ўта олмаганлар ҳақида хабар беришингни сўрайман, токи мен бу йўлда  улар қилган хатони қилмай ва ярим йўлда йиқилиб қолиб кетмай!” Бизга  йўлни босиб ўта олмаган одамлар ким эканлиги, нима сабабли  бу йўлни босиб ўта олмаганликлари ҳақида Аллоҳнинг хабари керак. Шунинг учун ҳам биз “Фотиҳа” сурасининг кейинги оятида  “сен марҳамат ато этганларнинг йўлини, ғазабга учраган ва адашганларинг эмас” деб айтамиз.

Биз мана шу икки гуруҳ ҳақида билишимиз керак. Нима учун Аллоҳ  кимга ғазаби тушган ва  адашганлар ҳақида айнан айтиб ўтган? Мен  энг асосийси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бошламоқчиман. Бу ҳадис кўпинча “Фотиҳа” сурасини тафсир қилишда қўлланилади. Бу ҳадисда айтиладики, Аллоҳнинг ғазабига учраганлар булар яҳудийлар,  адашганлар эса христианлар. Мен шуни сизларга айтишим керакки, бу ҳадис  энг нотўғри талқин қилинган ва нотўғри тушунилган ҳадисдир. Ҳа, пайғамбаримиз М уҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ғазабига учраганлар яҳудийлар, адашганлар эса насронийлар деб айтганлар. Лекин бу деган сўз агар сизнинг яҳудий ёки христиан қўшнингиз бўлса сиз: “Мен бугун Аллоҳнинг ғазабига учраган қўшнимни кўрдим, у синагогга ибодат қилишга кетаётганини айтди, кеча адашган қўшнимни кўрдим, у Рождествони байрам қилаяпти”, деб айтиш эмас. Ҳадисда бу маъно кўзда  тутилмаган.

Мен сизларга бу ҳадисда қандай маъно кўзда тутилмоқчи бўлганлигини айтиб бераман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга яҳудийларинг баъзи бирларининг қилган қилмишлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига учраганлар, худди шунингдек, баъзи бир христианлар орасидаги одамларни адашганлар деб ҳисоблаш мумкин бўлган. Агар Аллоҳ яҳудий  ва христианларнинг айнан ўзларини назарда тутган бўлганида у ҳолда  “яҳудий ва христианларнинг йўлини эмас” деб айтган бўлар эди. Лекин гап яҳудий ва христианларда эмас. Ҳама гап уларнинг баъзи бирларини хулқ атворларида, қилган ишларида. Агар сиз оятнинг мазмунни  англамаган бўлсангиз, у ҳолда сиз бутун бир оятни англамаган бўласиз. Лекин Аллоҳ нима деётганини ҳаммасини биз тушунишимиз керак.

Ҳозир мен сизларга яна ҳазил мисол келтираман:  мен  уйда вазани ширинлик билан тўлдирдим- да, ўғлим Аймадга қараб: “Бунга тегмагин.  Валидга ҳам айтгин тегмасин, мен ҳозир 5 минутда ишхонада ишимни бажариб қайтаман” дейман. Уйга келсам ваза бўм-бўш. Ака укалар  вазадаги ширинликни еб тугатиб бўлишган.  Мен қайси биридан кўпроқ жаҳлим чиқиши керак? Албатта Аймаддан. Чунки мен Аймадга тайинлаганман, Валид эса тепадаги хонада эди.  Худди шунга ўхшаш ўқитувчи билан талаба ўртасида: “Мен ўқувчимга жума куни имтиҳон, мана сенга савол ва жавоблар. Яхшилаб тайёрлан, нима қилиб бўлса ҳам сен 5 олишинг керак”, дейман, Жума куни эса бу ўқувчи имтиҳондан йиқилади. Жаҳлингиз чиқадими? Ахир сиз унга тайёр имтиҳон саволларини жавоблари билан берган эдингиз- ку! Бошқа талаба ҳам имтиҳондан йиқилди. Лекин у дарсда бўлмагани учун имтиҳон бўлишидан бехабар эди. Аммо хабардор талаба  қўлида тайёр савол жавоблар бўла туриб йиқилди. Кимдан кўпроқ жаҳлингиз чиқади? Жаҳлингиз чиқишига ким кўпроқ сазовор бўлди? Хабардор одам. Агар сиз бир ишнинг ёмонлигини билганингиздан сўнг шу ишни қилсангиз, бу ҳолда Аллоҳнинг ғазабига учраган бўласиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айрим яҳудийлар Аллоҳнинг ғазабини келтирди”, деганлар. Нима учун? Чунки Қуръонда айтилишича, яҳудийларнинг диний билимлари жуда ҳам юқори эди. Лекин шунга қарамай улар бу ишлари  нотўғри эканлигини билсалар-да, шуни англаган ҳолда нотўғри йўл тутдилар. Агарда сиз шу ишнинг ёмонлигини била туриб, англаган ҳолда шу ёмон ишни қилсангиз, у ҳолда сиз Аллоҳнинг ғазабига сазовор бўласиз. Биз Аллоҳдан бизни  ана шулардан қилмаслигини сўраймиз. Биз ҳам хавф хатар олдидамиз, биз ҳам  Аллоҳнинг ғазабига учраган одамлар каби бўлиб қолишимиз хавфи  бор. Шунинг учун ҳам оят яҳудийлар ва христианлар ҳақида эмас, биз ҳақимизда.

Баъзан  биз бу иш гуноҳ эканлигини биламиз, лекин барибир шу ишни қиламиз, ёки биз бажаришимиз  шарт бўлган ишни биламиз, лекин билсак- да, уни бажармаймиз.  Тушунаяпсизми?  Мана шундай одамларга Аллоҳнинг ғазаби  тушади. Бироқ “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ғазабини баён қилиб берувчи бу ибора Қуръондаги энг кучли оятдир” деб ҳайратланарли даражада айтилган. Мана бундай дейиш ҳам мумкин эди: “Сен марҳамат қилганларнинг йўли, ғазаб қилганларнинг йўлини эмас”. Аллоҳ бундай демаган. Аллоҳ “ал мағзуб” деган. Бунгача “сен марҳамат қилганларнинг йўли” деб айтилган. “Сен” кимга қараб айтлаяпти: Аллоҳга. “Ғойрул мағзуби ва ллаззоллийн”ни  таржимада қандай ўқиймиз? (Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас). Сенинг ғазабингга учраганларнинг эмас. Бу таржиманинг катта муаммоси шундаки, араб тилидаги асл нусхасида “Сенинг” деган сўз йўқ. Оятда бу сўз атайин  қўлланилмаган. Аллоҳ бу инсонлардан шунчалик норози бўлганлигидан  Ўзини тилга олмайди (эслатмайди). У  рози бўлган одамлар ҳақида гапирганда Ўзини эслатади. “Сен марҳамат қилганларнинг йўли” оятида  “Сен” сўзи орқали Аллоҳ Ўзини эслатади. Лекин “ғойрул мағзуби ва лаззолийн” оятида Аллоҳ ўзини эслатмайди. Нима эслатилади? Уларнинг ғазабга учраши. Аллоҳ бу ерда уларга кимнинг ғазаби тушишини айтмаяпти.

Биламан, буни тушуниш осон эмас.  Мен соддароқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламан: мисол учун  “мана бу болани мактабда уришди” деб айтсам кимни тилга олмаяпман? Болани ким урганлигини. Балки битта эмас, бир  нечтадир.  Ҳозир эса биз билган нарса боланинг калтаклангани. Ким томондан урилганини билмаймиз. Биз Аллоҳдан: “Эй Аллоҳ! бизни ғазабга учраганлардан қилмагин” деб сўраймиз. Бироқ ғазаб кимдан келади? Аллоҳ айнан кимннг ғазаби тушишини айтиб ўтмаябди. Биласизми нима учун? Аллоҳнинг ғазаби билан бирга малоикаларнинг ҳам ғазаби тушиши,  иймон келтирганлар, уларнинг фарзандлари,  ота боболарнинг ҳам ғазаби тушиши бу ерда назарда тутилган. Ғазаб ҳар  томонлама ҳар ёқдан тушадики, буни ҳисоблашнинг иложи йўқ.

Нўъмон Али ХОН.

Юлдузхон АМИРЖОНОВА таржимаси

 

1-мақола

2-мақола

3-мақола

4-мақола

5-мақола

6-мақола

7-мақола

8-мақола

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!