Саҳобалар ҳаётидан: Фотима бинти Ямон

23:00 07.07.2018 594

Фотима бинти Ямон розияллоҳу анҳо Ҳайбар ва Тайма мавзелари орасида яшаган Бани Абс қабиласига мансублар. Оталарининг исми Ҳусайл. Акалари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирдош дўстлари Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу.

Айнан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу синглисининг Исломга киришига сабабчи бўлган. Бу қуйидагича юз берган. Бани Абс қабиласидан бир насроний олим сўнгги пайғамбар кутилаётганини қабила аъзоларига сўзлаб берган, барча сўнгги дин ва элчини кутаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фаолиятлари бошланганини эшитган бир гуруҳ бани абсликлар Мадинага келиб, у зот билан учрашишди ва мусулмон бўлишди. Ўша гуруҳда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У киши ортга қайтгач, сўнгги пайғамбар хушхабарини оиласидагиларга ҳам етказди. Бир оз муддат ўтгач, Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу оталари ва бошқа оила аъзоларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб келди ва барчалари мусулмон бўлишди.

Шундан кейин Фотима бинти Ямон розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни тез-тез зиёрат қилиб, суҳбатларига қатнашадиган ва у зотнинг ўзларидан илм оладиган бўлдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо жуда ғайратли ва тиришқоқ аёл бўлиб, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисларини атрофдагиларга етказишга ҳаракат қилар, мусулмон бўлишни истаган аёлларга далолат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бошлаб келардилар.

Фотима бинти Ямон розияллоҳу анҳо ҳақида, афсуски, кўп маълумот йўқ. Хусусан, уларнинг қаерда ва қачон вафот этганлари тарих китобларида қайд этилмаган.

Аллоҳ у саҳобядан рози бўлсин!

Шоакмал Акбарзода тайёрлади

Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!